4-амалий машғулот
Мавзу Криптографик ҳимоялаш.Мавжуд электрон рақамли имзо алгоритмларининг
қиёсий таҳлили
Ҳозирги кунда жамиятнинг барча соҳаларида замонавий ахборот технологияларини, компьютер техникаси ва телекоммуникация воситаларини ҳар бир соҳада жорий этиш, ҳамда улардан фойдаланиш, фуқароларнинг ахборотга ортиб бораётган талаб-эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш, жаҳон ахборот жамиятига кириш ҳамда жаҳон ахборот ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш учун қулай шарт – шароитлар яратилиб келинмоқда. Жумладан, “электрон ҳужжат”, “электрон рақамли имзо (ЭРИ)” тушунчалари жамиятнинг ҳар қайси соҳасига жадал кириб бормоқда.
Электрон ҳужжат техника воситаларидан ва ахборот тизимлари хизматларидан ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда яратилади, ишлов берилади ва сақланади. Электрон шаклда қайд этилган, ЭРИ билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот электрон ҳужжатдир [1].
ЭРИ — электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини ЭРИ ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда ЭРИ очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва ЭРИ ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзодир [2]. У ахборот - коммуникация тизимлари орқали узатилаётган ҳужжатларни ва ахборотларни ҳақиқийлигини текширишда қўлланилади.
Маълумот жўнатувчининг қабул қилувчига қандайдир маълумотни оддий усулда жўнатиш кўп ҳолларда турлича муаммоларнинг келиб чиқишига олиб келади. Бунда жараён қатнашчилари асосан қуйидаги ҳолатларга дуч келадилар:
- рад этиш – хабар юборган ўзи юборган хабарни рад этиши;
- қалбакилаштириш – қабул қилувчи хабарни ўзгартиради, қалбакилаштиради;
- ўзгартириш – қабул қилувчи хабарни ўзгартиради;
- ниқоблаш – тартиб бузар хабарни бошқа шахсга расмийлаштиради ва ҳ.к.
Шундай ҳолларда ЭРИ алоқа тизимларида юқорида санаб ўтилган бузилишларидан муҳофаза қилинишини таъминлайди, яъни:
махфий калит фақат юборувчининг ўзигагина маълум бўлса, у ҳолда қабул қилувчи томонидан қабул қилиб олинган маълумот фақат юборувчи томонидан жўнатилганлигини рад этиб бўлмайди;
рақиб томон махфий калитни билмаган ҳолда ўзгартириш, қалбакилаштириш, ниқоблаш ва бошқа шу каби алоқа тизими қоидаларининг бузилишига имконият туғдирмайди. Ҳужжатни ўзгартиришга уринишда хэш қиймат ўзгаради ва имзо қонуний кучга эга бўлмай қолади [3].
Шунингдек, ЭРИ корхона ва савдо-сотиққа оид ташкилотларда ҳисоботларни электрон кўринишда топширишда, электрон ҳужжатга юридик мақомини беришда катта аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |