1.2. Банк тушунчаси. Банк бўлимлари (филиаллари) ва ваколатхоналари. Банкларнинг кредит тизимидаги ўрни ва асосий вазифалари
Банк деб, пул маблағларини йиғувчи, сақлаб берувчи, кредит ва ҳисоб-китоблар, шунингдек, бошқа ҳар хил воситачилик операцияларини бажарувчи муассасаларга айтилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелида қабул қилинган «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» ги қонунига кўра:
Банк - тижорат ташкилоти бўлиб, банк фаолияти деб ҳисобланадиган, қуйидаги фаолият турлари мажмуини амалга оширадиган юридик шахсдир:
юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланиш;
тўловларни амалга ошириш.
Чет эл банки – Чет эл банкининг ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган шўба банки бўлиб, унинг устав капиталининг ҳаммаси чет эл банки томонидан тўланади.
Банклар Ўзбекистон Республикасида ўз филиалларини, Чет эл банклари эса ўз ваколатхоналарини Марказий банкнинг рухсати билан очишлари мумкин.
Банк филиали – уни ташкил этган банк номидан банк фаолиятини амалга оширувчи алоҳида бўлинмадир.
Чет эл банки ваколатхонаси – банк фаолиятини амалга оширмаган ҳолда, банкнинг манфаатларини кўзлаб иш юритувчи алоҳида бўлинмадир.
Юқоридаги таърифлардан келиб чиққан ҳолда қуйидагиларга эътибор бериш лозим:
«Банк филиали» ва «Банк бўлими» моҳиятан бир хил тушунча бўлиб, улар мижозлар учун банк операцияларини амалга оширадилар, яъни банк фаолияти билан шуғулланадилар.
Банк ваколатхоналари эса банк фаолияти билан шуғулланмайдилар, балки ўзларининг бош банклари манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакат иқтисодиётини ўрганадилар, таҳлил этадилар, турли ҳисоботлар тўзадилар, ўзларининг таклиф ва хулосаларини бош банкка тақдим этадилар.
Ўзбекистон мустақиллигига эришилган 1991 йилда тижорат банкларнинг сони 16 та бўлган бўлса 2011 йил 1 январ ҳолатига кўра, фаолият кўрсатаётган жами банклар сони 31 тани, шулардан 3 таси давлат, 13 таси акциядорлик-тижорат, 10 таси хусусий ва 5 таси хорижий капитал иштирокидаги тижорат банкларини ташкил этди.
Шунингдек, банкларнинг жойлардаги 9 мингдан ортиқ бўлим ва филиаллари, ҳамда мини-банклари мижозларга самарали банк хизматларини кўрсатмокдалар.
Банклар кредит тизимининг энг муҳим бўғини бўлиб, уларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
жамиятдаги бўш пул маблағларини йиғиш ва жамлаш, уларни кредит ва инвестициялар сифатида иқтисодиётни ривожлантириш учун сарфлаш, яъни ҳаракатдаги капиталга айлантириш;
тўловларда воситачилик қилиш. Банклар ўз мижозларининг топшириқларига асосан тўловларни амалга оширадилар, маблағларини ҳисоб варақлар(счёт)ига қабул қиладилар, пул тушумларини ҳисобга оладилар, мижозларга нақд пул маблағларини берадилар ва бошқалар;
муомалага кредит воситалари, турли қийматли қоғозларни чиқариш, сотиш ва сотиб олиш ҳамда бошқаларни амалга ошириш;
чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган операцияларни амалга ошириш ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |