Касбий этиканинг мезоний тушунчалари: касбий бурч, масъулият, шахсий жавобгарлик
атегория грекча «категориа» сўзидан олинган бўлиб, этиканинг асосий тушунчаларидан ҳисобланади, ахлоқнинг муҳим томонларини ҳамда элементларини ўзида ифода қилади.
Этика категориялари деб жамият ва унинг аъзоларининг ахлоқий, яъни маънавий бойлигини ўзида тўлиқ ифода қиладиган тушунчалар мажмуига айтилади. Демак этика категориялари жамият фаровонлигига ва унинг аъзоларининг маънавий маданияти билан боғлиқ бўлади. Категориялар табиатда объектив мавжуд бўлиб, жамиятнинг ривожланиши ва одамлар маданий ҳамда маърифий савиясининг ошиб бориши билан уларнинг жамият учун аҳамияти ошиб, мазмуни эса чуқурлашиб боради. Категорияларнинг зарурийлигининг ва мазмунининг жамият томонидан англаниши маънавий ҳамда маърифий тарбиявий ишлар билан бевосита боғлиқ.
Касбий этика категорияларининг асосийлари қуйидагилар ҳисобланади:
- касбий бурч;
-виждон (диёнат);
-ор-номус (номус);
-обрў.
Ҳар бир одамнинг Ватани ва ўзи яшаётган жамият олдида бурчи бўлади. Бурч-бу кишининг бирон шахс, оила, жамоа, эл-юрт, Ватан олдидаги мажбуриятини англатувчи ахлоқий тушунча бўлиб, этика категориясининг энг асосийси ҳисобланади. Бурчнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, у инсоннинг ички кечикмаларини, яъни ташқаридан туриб назорат қилинмайдиган мураккаб руҳий ҳолатини белгилайди. Бурч, қандай вазифа, кимнинг олдидаги мажбурият эканлигига қараб турлича бўлади: ижтимоий ва шахсий бурч, оила, ота-оналик бурчи, фарзандлик бурчи,фуқаролик бурчи, Ватанни ҳимоя қилиш бурчи ва бошқалар.
Этикет қоидалари тўғрисида А.Қ.Байбурин, А.Л.Топорковлар1 шундай фикр билдирганлар: “Бутун жамият ва унинг ҳар бир аъзосини ҳамиша, ҳар қандай вазиятда ҳурмат қилиш, ўзи билан тенг мавқеда қўриш этикетнинг олтин қоидасидир.
Этикет:
Яхши хулқ;
Жамоатчилик жойларида ўзини тўғри тута олиш;
Ташқи қиёфа;
Муомала маданияти касб таркибий қисмлардан иборат”.
Ўзбекистон фуқароларининг фуқаролик бурчлари Ўзбекистон Республикасининг асосий қонуни бўлган Конститутсиянинг 47-52 моддаларида (ХI боб) кўрсатилган. Масалан, Конститутсиянинг 52- моддасида «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган ҳарбий ва муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар» дейилган2.
Бурч, шу жумладан касбий бурч, ижтимоий тараққиёт жараёнида мазмунан бойиб, шаклан эса ўзгариб боради. Масалан, охирги йилларда табиатда содир бўлаётган ҳалокат ва фожиялар табиатдан оқилона фойдаланиш ва уни келажак учун сақлаб қолиш одамларнинг атроф- муҳит ва келажак авлод олдидаги бурчларига умуман янгича мазмун касб этади ва жамият аъзолари олдига улкан вазифаларни қўяди. Она Ватанга, ҳалққа хизмат қилиш Ўзбекистон фуқароларининг, республиканинг ўз мустақиллилигига эришиши муносабати билан энг улуғ ва шарафли бурчга айланиб бормоқда. Оилавий бурч эса жамият олдида турган мақсадлар билан янада уйғунлашиб бормоқда.
Касбий бурч- бу касб соҳибларининг бошқа одамлар ва жамият олдида ўзларининг касбий мажбуриятларини сезиш ҳиссидир. Ушбу таърифдан келиб чиқан ҳолда аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатувчи касб гуруҳлари аъзоларининг, умумий фуқаролик бурчларидан ташқари, уларнинг хизматларидан фойдаланаётган аҳоли ва сайёҳлар талаб ва эҳтиёжларига ҳамда манфаатларига жуда ҳам диққат ва уларнинг ҳатто этикет қоидаларига тўғри келмайдиган баъзи бир ҳатти-ҳаракатларига сабр-тоқат билан қарашдан иборат. Истеъмолчилар талабларига эътиқод билан қараш ва уларга нисбатан ҳурмат кўрсатиш каби ахлоқий бурчлар аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатадиган кишиларнинг қўшимча мажбуриятлари эмас, аксинча улар касбининг асосий негизини ташқил қилади. Ўз касбий бурчини қандай даражада адо этиш кераклиги келажак мутахассисларига тушунарли бўлиши учун қуйида сайёҳлар тажрибасидан бир мисол келтирилади. В. Матвеев ва А.Пановларнинг берган маълумотларига кўра Франциянинг Марсел шаҳридаги меҳмонхоналаридан бирига собиқ иттифоқдан келган меҳмонлардан бири ўзининг хонасидан меҳмонхонанинг биринчи қаватига тушганда ванна хонасидаги сув жумрагини ёпмасдан кетганлиги эсига тушади; ўзининг хонасига қайтиб чиққанда сув нафақат ванна хонасини, яшаш хонасини ҳам босган бўлади. Сайёҳ ўзининг жумракни ёпмай кетганлик хатосидан қўрқиб, меҳмонхонадаги уйларга қаровчи ходимага содир бўлган воқеа тўғрисида айтади. Ходима эса сайёҳни меҳмонхонанинг биринчи қаватига тушиб кутиб туришини сўрайди. Сайёҳ ундан ўч олиш учун меҳмонхона ходимларининг келишини тажанглик билан кутиб туради. Бир маҳал унга қараб бир нечта меҳмонхона ходимларининг яқинлашиб келаётганлигини кўради. Улар сайёҳга танбеҳ бериш ўрнига, ундан ўз вақтида сув жумрагидан файдаланишни тушунтирмаганликлари учун кечирим сўраша бошлашган. Келтирилган мисолдан кўриниб турибдики, сайёҳ томонидан меҳмонхонага келтирилган зарарга ва унинг ходимлари учун ноқулайликларига қарамасдан, ходимлар учун йўриқномада кўрсатилган талабларга кўра сайёҳни койиш ўрнига ундан кечирим сўрашган, чунки йўриқнома талаблари меҳмонхона ходимлари учун этикет қоидаларига айланган. Келтирилган мисол нафақат меҳмонхона ички этикет қоидаларига риоя қилишни, бундан ташқари унинг хизматидан файдаланаётган истеъмолчиларнинг ҳам баъзи бир ножўя ҳатти- ҳаракатларига сабр-тоқат билан чидаш кераклигини билдиради.
Кўрсатилган хизматдан кейин уни истеъмол қилувчиларнинг кайфияти яхши бўлиши ва хизматдан мамнун бўлиб чиқиб кетишлари учун жамият ва касбий этикет қоидалари талабларига риоя қилинишидан ташқари кўрсатилган хизматнинг сифати ҳам истеъмолчилар талаблари даражасида бўлиш керак.
Масалан, ҳуқуқшунос этикети одамларнинг ҳуқуқини кафолатловчи амалий қонунларга итоат қилувчи ҳуқуқий сектордаги инсонларнинг манфаатларини ифодалайди.
Аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатадиган овқатланиш корхоналарида истеъмолчилар билан асосан официантлар, метрдотеллар, швейсарлар, барменлар ва гардеробчилар мулоқотга тушишади. Шу боисдан ҳам уларнинг ўзини тутиш, юриш-туриш ва мулоқот қилиш қоидаларига, айниқса разрядли кафе ва ресторанларда, ўта катта аҳамият берилади, чунки хўрандалар ресторан ва кафеларга нафақат овқатланиш зарурияти билан, ҳар хил тантанали маросимларни ўтказиш ёки дам олиш учун ҳам келишади. Шу сабабли ҳам ресторан ва кафеларнинг ташқи кўриниши, кириш ва ташқи кийимларини эчиш хоналари, овқатланиш залларининг безатилиши ҳам дизайн қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим.
Овқатланиш корхоналарида жуда ҳам катта талаб официантларга ва барменларга қўйилади, чунки улар истеъмолчилар назорати тагида эртадан кечгача тик туриб ишлашларидан ташқари катта жисмоний ишни ҳам бажаришади. Мавжуд маълумотларга қараганда официант 12 соат иши давомида ўн қилометрлаб йўл босишидан ташқари 2 тоннагача қўлида кўтарган ҳолда юк (таомлар ва ичимликлар) ташийди. Бундан ташқари истеъмолчилар маҳсулот сифати бўйича таъналарини официант ва барменларга айтишади. Залдаги хўрандалар овози ва мусиқа ҳам, айниқса ишнинг охирларида, официант ва барменларнинг кайфиятига салбий таъсир этиб, нервларини тажанг қилади. Шунга қарамасдан улар этикет қоидаларига қатъий риоя қилишлари, ўзларининг юриш –туришлари, ҳатти–ҳаракатлари ва муомалалари билан истеъмолчиларга озор этказмасликлари шарт. Улар чарчашларига қарамасдан доимо гўзал ҳаракатли, зеболи, ташқи кўринишли, табассумли каби фазилатларини то охирги истеъмолчи чиқиб кетмагунча сақлаб қолаолиш қобилиятига эга бўлиш керак Шу сабабдан ҳам официант ва барменлар этикет қоидаларини билишларидан ва ташқи гўзаллигидан ташқари касбий яроқлилик талабларига кўра ҳам танланади.
Виждон
Виждон ҳам одамларга ва касб эгаларига мансуб ахлоқий тушунча бўлиб, яхшилик нимаю, ёмонлик нималигига жавоб берадиган ички ишонч,ўз ҳатти - ҳаракатлари учун ахлоқий масъулиятни англаш –сезиш. Виждон шахснинг ахлоқий жиҳатдан ўз –ўзини назорат қилаолиш, ўзида ахлоқий бурчни мустақил шакллантириш ҳамда ўзидан уни адо этишни талаб қилиш ва ўз ҳатти- ҳаракатига ҳамда юриш- туришларига баҳо бериш қобилиятини ифодалайди. Виждон яхшилиқ бурч, ҳалоллик каби тушунчалари билан боғлиқ бўлиб, поклик ва ҳалоллик мезони ҳисобланиб, кишининг ҳатти- ҳаракатлари, юриш - туриш учун атрофдаги одамлар ва жамият олдидаги ахлоқий жавобгарлигини сезиш қобилияти ҳисобланади. Фақат виждон одамлар билан ёмон муносабат қилишга, ёмон йўлларга юришга, ўз бурчларини бажармасликка ёки ёмон бажаришга йўл қўймайди. Фақат виждон одамнинг оила, жамият олдидаги бурчларини адо этишни таъминлайди.
Виждон - бу одамнинг ички судяси бўлиб, у одамларни ёмон ҳатти –ҳаракатлардан сақлабгина қолмасдан, жамият қоидаларига кўра ҳаракат қилишга ундайди.
Аҳолига ва сайёҳларга хизмат кўрсатадиган овқатланиш корхоналарида виждон ходимларнинг хўрандаларга нисбатан ўз касбий бурчларини адо этмаслик ёки ёмон бажариш хоҳишидан сақлайдиган посбон ҳисобланади. Айнан виждон официантлар, барменлар, метрдотеллар, буфетчилар, гардеробчилар, пол тозаловчилар ва таом тайёрловчи ходимларни ўз касбий бурчларини тўлиқ ва сифатли бажаришга даъват қилади, уларни истеъмолчиларга нисбатан қўполлиқ нохуш муомала қилишдан, таомни ўз вақтида келтириб бермасликдан, пулини нотўғри ҳисоблаш каби ёмон ҳатти -ҳаракатлардан сақлайди.
Собиқ иттифоқ даврида Россия ресторанларининг бирида шундай бир ҳодиса рўй берганлиги тўғрисида матбуотда эълон қилинган эди: официант меҳмонларга стол атрофида ўтиришларга ёрдам бергандан кейин метрдотел олдига келиб, уларга хизмат кўрсатишдан бош тортишини айтган. Сабаб шундаки, хўрандалар кампанияси яхши хизмат қилиш учун официантга пора беришга ҳаракат қилишган. Официантга ўз хизмати учун пора олишга виждони йўл қўймаган. Айнан таомлар порсияларини ретсептурага кўра тўлиқ бериш, фақат сифатли маҳсулотлардан фойдаланиш, санитария талабларига кўра таомлар тайёрлаш ҳам виждон «назорати» остида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |