Мавзу: Ишлатиш жараёнида носозлик (авария) учун жавобгарлик Насос агрегатларини ишга туширишдан олдин ишчи ходимлар техник фойдаланиш қоидава йўриқномалар билан диққат билан танишиб чиқишлари керак. Бунда, айниқса, хавфсизлик техникаси, меҳнатни мухофаза қилиш ва электр хавфсизлиги талабларига эътибор беришлари лозим.
Насосларни ишга қўшишда зулфинлар очиқ бўлиб, рўй бериши мумкин бўлган гидравлик зарб электрюритгичларга ҳаддан ташқари зўриқиш бермаслиги керак. Айрим ҳолларда зулфинларни насосни ишга қўшгандан кейин очиш ва насос тўхтатилгандан кейин беркитиш мақсадга мувофиқдир. Насосни ишга кўшганда ва ишлаш давомида сўриш қувуридаги зулфин тўлиқ очиқ бўлиши лозим. Бу зулфин ёрдамида насоснинг узатиш қобилиятини ростлаш ман этилади. Марказдан қочма куракли насосларни ишга қўшишдан олдин қуйидагилар текширилиши керак:
Шундан кейин насоснинг сўриш қувури ва ўзи сув билан тўлдириши лозим. Сўриш қувурини бир неча услуб ёрдамида, яъни вакуум-насос ёки эжектор ёрдамида қувур ичидаги ҳавони сўриш ва босимли қувурдан сув бериш йўллари билан тўлдирилиши мумкин. Ҳаво, сўриш қувури ёки насоснинг энг юқори жойлашган нуқтасидан тортиб олинади. Ҳавони сўриш жараёнини бошқариш ва кузатиш учун сўриш нуқтасига вентил ва шиша найча ўрнатилади. Ифлос суюқликдарни узатувчи насосларда, вакуум-насосни ифлосланишдан сақлаш учун, сўриш ишлари ҳимоя сиғими орқали амалга оширилади.Сув сатҳидан пастда жойлашган насослар, жумладан канализация насослари учун ҳавони сўриш ишларини бажарилмайди. Марказдан қочма насосларни ишга қўшиш кетма-кетлиги қуйидагича:
ўлчаш асбоблари бузилишини олдини олиш мақсадида босимли қувурдаги манометр ва сўриш қувуридаги вакуумметрларнинг кранлари ёпилиши зарур;
сўриш қувури юқорида келтирилган усуллардан бири ёрдамида сув билан тўлдирилади, шиша найчада сув пайдо бўлиши билан вакуум-насос тўхтатилади ва ҳаво вентили ёпилади;
насоснинг электр юритгичи ишга туширилади ва агрегатни тезланиш билан ҳаракатланиб ишга тушиши кузатилади;
агрегат етарли айланиш тезлигини олгандан кейин, босим қувуридаги манометр ва сўриш қувуридаги вакуумметр вентиллари очилади ва насос ҳосил қилаётган босим ўлчанади. Босим меъёридан кам бўлган ҳолларда насос тўхтатилади ва ишга тушириш ишлари қайтарилади;
вакуум-насоснинг ҳимоя сиғимида йиғилиб қолган ифлос сувлар канализацияга тўкиб ташланади.
Автоматлаштирилган насос станцияларини диспетчер пунктидан ишга қўшиш ва тўхтатиш ишлари даврий равишда навбатчи ходимлар томонидан текширилиб борилади. Насосларни тўхтатишда биринчи навбатда зулфинлар секин ёпилиши ва ундан кейин электр юритгич тўхтатилади. Насос тўлиқ тўхтагандан кейин салникларга берадиган гидравлик мойлаш тизими тўхтатилади.Агар насос узоқ муддатга тўхтатилса насос ва қувур бўшлиқлари тўла бўшатилади ва насос консервация қилинади.
Насос ва ёрдамчи ускуналарни ишлатиш ушбу станция учун махсус ишлаб чиқилган йўриқномалар асосида олиб борилади. Насос агрегатлари иши (ишга тушириш ва тўхтатиш вақти, салникларни зичлатилиши, подшипникларда мой ҳарорати ва уни алмаштирилганлиги, ёрдамчи ускуналар иши ва ҳ.к.) ишлатиш қайдномага (4-шакл) қайд қилиб борилади. Бу қайдномаларга барча ўлчаш асбобларининг (вакуумметр, манометр, амперметр, ваттметр, электр энергия ва сув ўлчагичлари) кўрсатишлари ҳар соатда ҳам қайд қилиниб борилади.
Насосни жойига ўрнатгандан кейин ёки консервациядан чиқаришда подшипниклардаги мойлаш воситалари бензин ёрдамида тўла тозаланади ва янги мой билан тўлдирилади. Насосдан биринчи ой фойдаланишда бу иш 2-3 марта такрорланади. Мойлаш воситасини алмаштириш насосни ҳар 1000 соат ишлашида бажарилади. Мойлаш меърёридан ошмаслиги керак, ҳаддан ташқари кўп мой подшипникларни ҳароратини ошишига олиб келади. Подшипник ҳарорати 70ºС ошмаслиги керак.
Насосни қуруқ ҳолда, сувсиз 3 дақиқадан ортиқ ёпиқ зулфинда ишга тушириш ман этилади. Шунингдек, сўриш қувуридаги зулфин ёрдамида насоснинг узатиш қобилиятини ростлаш мумкин эмас. Насос агрегати тебранишсиз, бегона шовқинларсиз ишлаши лозим. Насосларни ишлатишда салниклар ҳолатига эътибор бериш керак. Салникларни зичлиги улардан сийрак томчилаб сув оқиб чиқишини таъминлаши лозим.
Насос агрегатларидан фойдаланиш даврида электрюритгич ҳолати, амперметр ва волтметр кўрсатишлари, ҳарорати доимий назоратда бўлиши лозим. Қуйидаги ҳолатларда насос агрегатларидан фойдаланиш таъқиқланади ва зудлик билан тўхтатиш тавсия қилинади:
агрегатда бегона шовқинларва катта тебринишлар пайдо бўлганида;
электрюритгич статори ва ротори орасидаги тирқишда ёруғлик ёки учқун пайдо бўлганда;
подшипниклар, статор ва ротор ҳароратлари рухсат этилганидан ошганда;
сирпаниш подшипниклари қизиб кетганида ёки тебраниш подшипниклари ишдан чиққанида;
мой босимининг рухсат этилганидан паст бўлганида;
авария ҳолатига олиб келадиган насос унсурларининг ишдан чиққанида.
Оқоваларни узатиш насосларининг унумдорлиги 5-8% тушганда улар тўхтатиб ичи тўлиқ тозаланиши лозим. Бу насослар ҳар бир тўхтатилишда сув билан ювилиб турилиши керак. Станциядаги захира насослар ҳар 10 кунда ишга туширилиб кўрилади ва уларни навбат билан ишга қўшиб туриш тавсия қилинади. Насосларни ишдан чиқиш сабабларини ўлчаш асбоблари кўрсатишлари орқали аниқлаш мумкин.Айрим учрайдиган носозликлар ва уларнинг сабаблари 7.4-жадвалда келтирилган.
7.4-жадвал