Имом Ал-Бухорийнинг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари- Ислом динининг муҳим тарихий манбаси эканлиги. Араб халифалиги VII-VIII асрлар давомида Мағрибу Машриқнинг кенг ҳудудларини, шу жумладан Марказий Осиё ерларини ҳам ўз тасарруфига киритган эди. Халифаликка кирган ҳудудларга аста-секин араб маданияти, унинг кўплаб унсурлари кириб кела бошлади. Энг асосийси, исломнинг муқаддас китоби “Қуръони Карим” ғоялари турли халқлар орасида кенг ёйила бошлади. Бунинг учун бу ерларда араб тили, араб ёзуви жорий этилди. Мусулмон маданиятининг кўрки ҳисобланган нақшинкор безаклар билан зийнатланган салобатли масжиду мадрасалар, хоноқоҳу мақбаралар, диний ва илмий китоблар, қўлёзмаларга бой кутубхоналар ва бошқа иншиотлар қад ростлай бошлади. Улар шу халқларнинг аввалги моддий маданияти ҳаробалари ўрнида барпо этилди. “Қуръони Карим” (“қироат” сўзидан олинган) ғоялари, қадриятлари (одамларни тўғрилик, ростгўйлик, поклик, ҳалоллик, эзгулик, ҳамжиҳатлик, яхшилик, саҳовот, дўстлик, биродарлик, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлилик, тинчлигу осойишталикка ундаш ва ҳаказо), исломий аҳкомлар, жамият-у одамлар ҳаётига сингдириб борилиб, шу асосда улар аввалги кўпхудолик, ғайридиний сарқитлардан, хурофот тушунчалардан халос бўлиб бордилар. Халифа Усмон пайғамбаримиз ўлимидан кейин оғизма-оғиз кўчиб юрган “Қуръони Карим” матнларини бир жойга тўплаб, ягона мукаммал матн яратиб, ислом маданияти тарихида ном қолдирган. У котиб Муҳаммад Зайд ибн Собит кўмагида ва пайғамбаримизнинг тирик саҳобалари гувоҳлигида “Қуръони Карим”нинг ягона нусҳасини тузиб чиқади. Терига ишланган ноёб китоблардан бири халифа Усмон (р.а) кўчиртирган Қуръони Карим ҳисобланади. Ҳажми 68х53х22 см. Сўнг ягона нусҳадан беш нусҳа кўчириб Макка, Мадина, Дамашқ, Куфа ва Басра шаҳарларида сақлашга буюради. Халифа Усмон (р.а.) кўчиртирган Қуръони Каримни Амир Темур Шом (Сурия) юришидан ўлжа сифатида ўз пойтахтига олиб келган. Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлар идораси, кейин эса Хасти Имомда сақланмоқда. “Қуръони Карим” дастлабки тайёрланган исломий манбадир. Айни чоғда ислом маданиятининг гултожиси ҳисобланган ҳадисшунослик илми ривож топиб бордики, бунда ҳам пешқадамликни Ўрта осиёлик буюк муҳаддис олимлар эгаллаганлар. Ислом оламида Қуръони каримдан кейин мўътабар манба, бу ҳадиси шарифдир. Шариф деган сўз арабча бўлиб, шарафли, азиз, қадрли деган маъноларни англатади. Шом (Сурия) Боғдод, Қуддас, Мозори Шариф ва Бухорои Шариф унвонига сазовор бўлган шаҳарлардир. Муҳаммад (с.а.) айтган гаплари, қилган ишлари, шуларнинг ҳаммаси суннат ҳисобланади. Булар ҳақидаги далолат эса ҳадисдир. Ҳадис – Муҳаммад пайғамбарнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, тақрирлари (кўриб қайтармаган ишлари) ёки у кишига берилган сифатларни ўзида мужассам қилган хабар ва ривоятлардир. «Ҳадис» сўзининг луғавий маъноси – «сўз, хабар, ҳикоя; янги». Ҳадислар ислом дини таълимоти ва қонунлари учун, баъзи мазҳаблар наздида, Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Ҳадислар таркиб жиҳатидан икки қисмдан: айнан хабар берувчи матн ва уни ривоят қилган ровийлар занжири – исноддан иборат. Ҳадислар ўзидаги маълумот характерига қараб, хилма-хилдир: - ал-ҳадис ал-қудсий (бу каби ҳадисда маъно – Аллоҳдан, лафз – Пайғамбардан деб ҳисобланади); - ал-ҳадис ан-набавий (бунда маъно ҳам, лафз ҳам Пайғамбарники деб ҳисобланади) ва бошқалар. Ҳадислар илк даврда фақат оғзаки равишда авлоддан-авлодга узатилар эди. Ёзма равишда ҳадисларни тўпламаслик ҳақидаги Пайғамбар ва халифаларнинг кўрсатмалари, асосан, илк ислом даврига тааллуқли эди. Кейинги даврда пайдо бўлган муҳаддисларнинг фикрича, Пайғамбар ўз сўзларини ёзиб олишдан одамларни қайтаришларига сабаб – ҳадисларнинг Қуръон оятларига аралаштириб юбормаслик лозим эди. Бошқа ҳадисда эса Пайғамбар (бу аҳл ал-ҳадис муҳитига тегишли бўлса керак): «Бу оғиздан – дея ўз оғизларига ишора қилдилар – фақатгина ҳақ сўз чиқади» – деб, ўз сўзларини ёзиб олишга буюрганликлари ҳақида ривоят қилинган. Кейинчалик ислом оламида турли даражадаги сохта ҳадисларнинг кўпайиб кетиши муҳаддис-олимлар олдига катта масъулиятли вазифани – мана шу тўқима ва саҳиҳ ҳадисларни ажратиб бериш вазифасини қўйди. Қиссанавислар (қуссослар) инкор этиб бўлмайдиган иснодлар билан ҳадислар тўқиш бобида энг «илғор» кишилар бўлиб, бу ҳикоялари учун содда кишилар уларга яхшигина ҳақ тўлар эдилар. Кўпчилик сохта ҳадисларни осонликча аниқлаш мумкин эди. Ҳадислар турли мақсадларда тўқилар эди. Баъзилар сиёсий манфаатлар йўлида, ижтимоий мафкураларни тарқатиш мақсадида янги ҳадис тўқисалар, машҳур ҳадисларни қисман ўзгартирсалар, бошқалар ўз шахсий манфаатларини ўйлаб турли ҳадисларни муомалага киритдилар. Хусусан, ҳадислар орасида тўқима ҳикоялар кўп учрайди. Уларда Арабистондан узоқдаги кейин босиб олинган ўлкалар (масалан, Бухоро, Самарқанд, Ўш) ва ҳатто Пайғамбар даврида ҳали асос солинмаган шаҳарлар, кейинчалик пайдо бўлган масалалар, мавзулар ҳақида сўз боради. Ислом тарихининг навбатдаги босқичларида вужудга келган хорижий, муржи’ий, қадарий, жаҳмий, ши‘а, аббосий каби оқим ва гуруҳлар ҳақида гапирилади. Умавийлар (661-749), Аббосийлар (749-1258) ва алавийларнинг «бенуқсон» халифалари, имомлари, уларнинг бобокалонлари Пайғамбарнинг «ҳамфикр» ёрдамчилари сифатида зикр қилинадилар. Турли кишиларнинг ҳадис тўқишга бўлган уринишлари ҳадисларнинг жамият ҳаётида, ундаги нуфуз, муайян сиёсий-ижтимоий мақсадларга эришишда нақадар катта аҳамиятга эга бўлганлигини исботлайди. Ҳадислар ислом таълимоти ривожи ва унинг турли давр минтақалардаги кўринишларини ўрганишда қимматли манбадир. VIII-XII асрлар Мовароуннаҳрда ҳадис илми соҳасида олға силжиш даври бўлди. Бу даврда яшаган олимлар фақатгина маълум бир чегараланган доирада ижод қилиш билан кифояланмай, балки имкон қадар илмнинг кўпроқ қирраларига эга бўлишга интилганлар. Шунга кўра бирор олим, масалан, фақатгина муфассир ёки фақиҳнинг ўзи эмас, балки бир вақтнинг ўзида муҳаддис ҳам бўлган. Чунки бу даврда, юқорида айтиб ўтилгандек, диний ихтилофлар кучайган эди. Шунга кўра уламолар мавжуд ихтилофларни олдини олиш, бартараф этиш учун ҳар тарафлама кучли билимга эга бўлишлари лозим эди. Ҳадис илми тараққиётида аёлларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Ҳадисларни ривоят қилган ровийлар ҳақида хабар берувчи илм ар-рижол (ровийлар ҳақидаги илм) асарларида бу соҳада зикр этилган ҳадис ривоятчилари орасида кўплаб аёллар учрайди. Ҳадисларни танқидий ўрганиш бўйича тез орада олти тўпламда учраган бир қатор махсус терминлар гуруҳи вужудга келди. Имом ат-Термизий бу соҳада салмоқли ишни амалга оширди. У фақатгина ҳадисларни тўплаш билангина чекланиб қолмасдан, уларнинг таҳлилига ҳам алоҳида бўлим ажратди. Имом ат-Термизий биринчилардан бўлиб ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан ва заиф гуруҳларга ажратган олимдир. Вақт ўтиши билан ҳадис илмидаги терминлар тараққий этиб борди ва бу соҳада умумий қабул қилинган шаклга келди. Ҳадислар саҳиҳ (ишонарли), ҳасан (яхши), заиф (ишончсиз), сақим (касал) ва бошқа турларга ажратилди. Масалан, суннийликда саҳиҳ ҳадислар даражалари бўйича етти хилга бўлинди: 1) Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган; 2) фақат Имом Бухорий келтирган; 3) фақат Имом Муслим келтирган; 4) иккала муҳаддис ҳам келтирмаган, балки уларнинг шартлари бўйича ривоят қилинган; 5) Имом Бухорий шартлари бўйича ривоят қилинган; 6) Имом Муслим шартлари бўйича ривоят қилинган; 7) бошқа уламолар томонидан тасдиқланган ҳадислар. Қуйидаги иснодга тегишли техник терминлар барча уламолар томонидан бир хилда талқин қилинмасада, аста-секин улар барқарор истилоҳга айланиб борди. Уларни ўрганиш қулай бўлиши учун уларни беш гуруҳга бўлиб кўрсатиш мумкин. I. Ровийларнинг сонига кўра: мутавотир, машҳур, мустафид, азиз, ғариб, фард, шозз, оҳод ҳадислар; II.Исноднинг табиатига кўра: муттасил марфуъ, муттасил мавқуф, муснад, мақтуъ, мунқатиъ, мунфасил, муаллақ, мурсал, муъаллал ёки маълул ҳадислар; III. Матн ёки исноднинг асосий хусусиятларига кўра: зийодот ас-сиқот, муъанъан, мусалсал, мудаллас, мубҳам, мақлуб, мудраж, мудтариб, иснод оли ҳадислар; IV. Ҳадисларнинг қабул қилиш учун яроқлилигига кўра: маъруф, мункар, мажҳул, мақбул, маҳфуз ҳадислар; V.Ҳадисларнинг инкор этилишига кўра: мункар, мардуд, матрук, матруҳ ҳадислар. Ҳадисларни ўрганиш фани улум ал-ҳадис (ҳадис илмлари) деб аталади. Бу илмий соҳада кўплаб асарлар яратилди. Улар орасида энг аввалги даврда ёзилган, бошқаларига нисбатан ҳар томонлама мукаммал деб ҳисобланган асар Абу Муҳаммад ар-Ромаҳурмузийнинг (в. 971 й. ) етти жилдли «алМуҳаддис ал-фосил байн ар-ровий ва-л-воъий» китобидир. Ундан кейинги ўринда ал-Ҳоким ан-Нишопурийнинг «Маърифат улум ал-ҳадис», Ибн асСалоҳнинг «Улум ал-ҳадис» номли асарлари туради. Бу фан ҳадислар ва ровийлар таснифи, саҳоба ва уларнинг ўқувчилари – тобиъунларни билиш, ҳадисларни ривоят қилиш, ёзиб олиш, улардаги хатоликларни тўғрилаш, иснодда келган биринчидан тортиб охирги ровийларнинг яшаган йилларини ўрганишдан иборат махсус билимлар мажмуасини ўз ичига олади. Ҳадис кўпинча сунна сўзи билан ҳам ёнма-ён келади. Сунна сўзининг луғавий маъноси – «одат», «тариқа», «йўл» бўлиб, истилоҳда Пайғамбар одатлари, тутган йўли, тақрир (кўриб қайтармаган) ва буюрган ишларига нисбатан ишлатилади. Бошқача қилиб айтганда, бу истилоҳ Пайғамбар турмуш тарзини англатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |