Қарор қабул қилиш – психологик жараён сифатида. Қарор қабул қилиш жараёнининг психологик жиҳатини билиш мавжуд босқичларни янада самарали амалга ошириш имконини беради. Гап шундаки, тўғри қарор қабул қилиш ва уни самарали равишда жорий этиш учун раҳбар психологик жиҳатдан ҳам маълум амалларга риоя қилиши керак. Бу тадбирнинг асосий мазмуни шундан иборатки, раҳбар муаммоли вазият ҳақида маълумот йиғар экан, муаммо ҳақида бирламчи тасаввур - информацион модел ярата бошлайди. Бу моделнинг ҳақиқатга ва мавжуд вазиятга қанчалик мослиги олинаётган маълумотнинг тўла-тўкислиги, ҳар томонламалигига боғлиқ.
Афсуски, ташқи муҳитдаги кўпгина омиллар таъсирида раҳбар вазият юзасидан объектив бўлмаган маълумотлар олади ва ўз идроки жараёнида маълум субъективликларга йўл қўяди. Айниқса, бундай тавофутга раҳбарнинг жинси, ёши ёки атрофидаги одамларнинг таъсири кучли бўлади. Шаклланаётган информацион модел иложи борича объектив бўлиши учун раҳбар вазият ҳақида ҳар томонлама маълумот йиғиши, ташқи оламни тўла-тўкис акс эттиришни чекловчи идрок стереотип ва установкалардан четланиши лозим. Информацион модел таҳлил этилиши ва қўшимча маълумотлар билан бойитиш натижасида натижасида раҳбар онгида концептуал модел, яъни вазият ҳақидаги узил-кесил қараш шаклланади. Концептуал модел ўз ичига информацион моделдан шаклланган фикр ва ҳиссиётларни, шунингдек раҳбарнинг ўтмиш шахсий тажрибаси, билимларини қамраб олади. Раҳбар мавжуд вазиятнинг моҳиятини тушунган пайтда концептуал модель шаклланди дейиш мумкин. Энг ажабланарлиси шуки, концептуал модел ҳақиқий вазиятга доимо ҳам мос келавермайди. Бу мос келмаслик даражаси ҳар бир шахсда турличадир. Кимдадир бу фарқ катта бўлса, кимдадир жуда кичик. Концептуал модел ва объектив вазият ўртасидаги фарқ қанчалик кичик бўлса, тўғри қарор қабул қилишга шунчалик замин яратилади.
Шахс ўзининг индивидуал психологик хусусиятларига кўра олаётган маълумотнинг баъзисига эътибор бермаслиги, ёки айримларини бўрттириб акс эттириши мумкин. Шунинг учун ҳам раҳбар вазият ҳақидаги ўз тасаввурининг қанчалик объективлиги, ҳаққонийлиги ҳақида кайғуриши лозим. Айнан шу борадаги психологик тавсия қуйидагича - информацион модел ва концептуал моделлардаги таркибий қисмлар орасида иложи борича мувофиқлик кўпроқ бўлгани маъқул, яъни концептуал модел яратилиши мобайнида қўлланилаётган бирликлар иложи борича информацион моделда ҳам кўп учраши керак. Масалан, вазият иштирокчилари, муаммодаги асосий масала, ечим воситалари кабилар иккала моделда учраши мумкин бўлган бирликлар ҳисобланади. Қарор қабул қилишнинг уч таркибий қисми – муаммо юзага келган объектив борлиқ, информацион ва концептуал модел учбурчак шаклида иложи борича бир-бирига уйғунлашган бўлиши ҳамда учбурчакнинг, айтайлик, бир бурчаги иккитасидан юқорида ёки пастда жойлашмаслиги керак.
Бу таққослашда бирламчи манба сифатида муаммоли вазият, яъни борлиқ қабул қилинади.
Муаммо
Бошқарув қарорларини қабул қилишга оид кўпгина тадқиқотларда ечилиши лозим бўлган муаммонинг аниқлик даражасига катта эътибор берилади. Шу маънода аниқлик ва ноаниқлик вазиятларида қабул қилинувчи қарорлар ҳақида айтиб ўтиш лозим. Бундай вазиятлардаги қарор қабул қилиш тезлиги ва мазмуни ҳам бир-биридан фарқ қилади.
Аниқлик вазиятида қарор қабул қилиш аввалги тажрибага асосланишни тақозо этади. Мазкур шароитда инсон тажрибаси ҳамда билимлари, вазиятни ҳал этиш манбаи бўлиб ҳисобланади ва табиийки, қарор қабул қилиш ҳолатида ишонч ва тезкорлик ҳукм суради.
Ноаниқлик вазиятида эса раҳбардан вазиятга ижодий ёндашиш талаб этилади. Маълум миқдорда ўз интуициясига асосланиш изланувчан шахс учун янги имкониятлар туғдиради. Бироқ, бундай ҳолда чиқариладиган ҳукм ўзида маълум хавф-хатарни ҳам мужассамлаштирганлиги сабабли, қарор қабул қилинганда хатога йўл қўйиш эҳтимоли ошади. Демак, раҳбар ҳар қандай муаммоли вазиятга тўқнаш келар экан, унинг аниқлик ва ноаниқлик даражаларини аниқлаб олиши лозим.
Кейинги қадам сифатида раҳбар, масала долзарблигидан келиб чиқиб, унга ойдинлик киритиши, вазиятдаги ноаниқ томонларини ёритган ҳолда аниқлик доирасини кенгайтириши лозим. Ечимда мужассамланадиган ижодий улушларнинг асосий қисми масалани ойдинлаштириш босқичида сарафлангани маъқул, деб ҳисобланади.
Асосий қийинчилик қабул қилинган қарорни амалга ошириш босқичида учраши мумкин. Юқорида айтганимиздек, қарор ижросига оид вазифаларнинг аниқ тақсимланиши ва ижро вақтини кўрсатиш назорат самарасини таъминлайди. Лекин қарор юзасидан норози бўлган ходим ва айрим ўрта бўғин раҳбари ҳам ижро босқичида суст ҳаракат этиши мумкин. Бунга сабаб бир нечта: биринчидан, улар қарор қабул қилишда қатнашмаган ёки ушбу қарордан норози бўлган; иккинчидан, қарорнинг ҳаётга татбиқ этиш муваффақият келтиришига ишонч йўқ; учинчи сабаб, ходимнинг сусткашлиги ёки уқувсизлиги бўлиши мумкин. Ўйлашимизча, биринчи ва иккинчи сабаб ижтимоий-психологик ечимга эга бўлиб, агар гуруҳнинг аҳиллик даражаси юқори бўлса, қарор ижросида ходимлар иложи борича жадал қатнашадилар. Учинчи сабабнинг бартараф этилиши эса қарорга оид вазифалар тақсимланиши пайтида ҳисобга олиниши лозим.
Қарор ижросидаги томонлар ҳамкорлиги уни қабул қилиш босқичида таъминланади. Қарор қабул қилиниши чоғида ўзгалар қаршилигини енгиш, иложи борича томонлар учун «бешикаст» ўтиши лозим. Оқибатда мақбул деб, топилган қарор иложи борича консенсус (келишув) асосида қабул қилиниши керак. Демак, раҳбар олдида томонларни яраштириш ва зиддиятларни юмшатиш, тадбирдан сўнг ғубор қолмаслигини таъминлаш вазифаси туради. Агар қарор гуруҳий тарзда қабул қилинаётган бўлса, ва унинг ижроси жамоа аъзолари иштироки орқали таъминланса, ҳар бир ходим ва раҳбар қуйидагини ёдда тутиши маслаҳат берилади: «Бугун бошқа ходим таклиф этган қарор бажарилаяпти. Бу жараёнга менинг муносабатим ва иштироким, эртага мен таклиф этган қарорга нисбатан муносабат ва бошқаларнинг қандай иштирок этишини белгилайди».
Do'stlaringiz bilan baham: |