5.6. Хотиранинг қонунлари
Шахс ўз хотирасини яхшилаш истаги бўлса, у холда хотиранинг сакқиз қонунини эслаб куйишни тақлиф этамиз:
Англанганлик қонуни. Оддий, лекин мураккаб қонун, яъни берилган материални қанчалик чуқур англасак, шунчалик уни мустаҳкам хотирада муҳрлаган бўламиз.
Қизиқиш қонуни. Анатоль Франс: «Билимларни яхши ҳазм қилиш учун уни иштаҳа билан ютиш керак» деганда, албатта, материалга жонли қизиқиш билан муносабатда бўлишимиз, ва уни яхши кўришимиз кераклигини назарда тутган.
Илгариги билимлар қонуни. Маълум мавзу юзасидан билимлар қанчалик кўп бўлса, янгисини эсда сақлаб қолиш шунчалик осон бўлади. Масалан, илгари ўқиган бирор китобни қайтадан ўқиб, уни янгидан ўқиётгандай ҳис қилсангиз, демак, сиз илгариги тажрибангиз етишмаганлигидан уни яхши ўзлаштира олмаганлигингизни ҳис қилишингиз мумкин. Демак, эски билимлар ҳам тажрибага айлангандагина, янгиларига замин бўла олади.
Эслаб қолишга тайёрлик қонуни. Бирор материални эслаб қолишдан аввал, бўлгуси ақлий ишга қандай ҳозирлик кўрган бўлсангиз, шунга мос тарзда эслаб қоласиз. Масалан, физика ўқитувчисининг барча дарслари сизга доимо маъкул бўлган бўлса, Сиз: «Бугун ҳам янги нарса ўрганиб чиқаман», деб ўзингизни ишонтирасиз ва оқибатда натижа ҳам яхши бўлади. Ёки вақтга нисбатан тайёрлик ҳам шундай. «Бир амаллаб имтихон топширсам, кейин қутуламан», деб дарсга тайёрланган бўлсангиз, имтихон тугагач, гуёки миянгизни биров «ювиб қўйгандай» тасаввур ҳосил бўлади. Агар материални мутахассис бўлишим учун жуда керак, деб умрингиз охиригача муҳимлигини англасангиз, у нарса хотирада муқим сақланади.
Ассоциациялар қонуни. Бу қонун ҳақида эрамиздан аввал Арасту ҳам ёзган эди. Қонуннинг моҳияти шундаки, бир вақтда шаклланган тасаввурлар хотирада ҳам ёнма-ён бўлади. Масалан, айни конкрет хона ўша ерда рўй берган ҳодисаларни ҳам эслатади.
Бирин - кетинлик қонуни. Ҳарфларни алфавитдаги тартибида ёддан айтиш осон, уни тескарисига айтиш қийин бўлганидек, хотирада ҳам маълумотларни маълум тартибда жойлаштиришга ва керак бўлганда, тартиб билан бирин-кетин тиклаш мақсадга мувофиқдир.
Кучли таассуротлар қонуни. Эслаб қолинадиган нарса тўғрисидаги биринчи таассурот қанчалик кучли бўлса, унга алоқадор образ ҳам шунчалик ёрқин бўлади. Бундан ташқари, сиз учун аҳамиятли ва жозибали маълумотлар оқимида эсланаётган материал ҳам яхши эсга туширилади.
Тормозланиш қонуни. Ҳар қандай муайян маълумот ўзидан олдинги маълумотни тормозлайди. Шунинг учун унинг ўчиб кетмаслиги учун янгини эсда сақлашдан аввал мустаҳкамлаш чораларини кўришингиз керак.
Демак, яхши кучли билимларга эга бўлиш учун ҳар бир предмет ёки фаннинг мавзуларини ўзига хос тарзда ёқтира олиш ва хотирада сақлаш услубларини ишлаб чиқишингиз керак экан. Лекин албатта, математика фанидан кейин физикани, тарихдан кейин адабиёт фанини, шеър ёдлашни уйқу олдидан амалга оширмасликни маслаҳат берамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |