5.7. Билиш жараёнларини бошқариш усуллари
Идрок ва хотира жараёнларининг самарадорлиги ва уларни бошқариш яна бир психик жараён диққатга боғлиқдир. Диққат – шундай психик жараёнки, у шахс онгининг нарса ва ходисаларга йўналганлигини акс эттиради. Ҳосил бўлиш ва амал қилиш хусусиятига кўра диққат икки турли: ихтиёрсиз ва ихтиёрий бўлади. Ихтиёрсиз диққат кишининг англашилган ниятлари ва мақсадларидан мустасно тарзда ҳосил бўлади. Ихтиёрий диққат онгли равишда бошқарилаётган ва тартибга солинган бўлади. Ихтиёрсиз диққатнинг пайдо бўлиши психофизиологик ва психик омиллар билан белгиланади. Ихтиёрий диққат шахс фаолиятида намоён бўлади. Шу диққат тури борлиги туфайли киши хотирадан ўзи учун зарур маълумотларни фаол тарзда, танлаб ажратиб олишга, тўғри қарорларни танлашга, фаолият жараёнида пайдо бўладиган вазифаларни амалга оширишга лаёқатли бўлади. Диққатнинг хусусиятларига: кўчиши, барқарорлиги, тақсимланиши ва кўлами киради. Диққатнинг салбий жиҳати ҳам мавжуд. Бу паришонхотирликдир. Паришонхотирлик диққатни узоқ вақт давомида жадал бир нарсага қаратишга лаёқатсизликда, диққатнинг тез-тез ва осон бўлиниб туришида намоён бўлади. Бу эса ўқиш ва ишда сусайишга олиб келади. Шунинг учун ҳар бир талаба ўз таълим фаолиятини самарадорлигини ошириши учун диққат хусусиятларини билиши билан бирга, уни бошқариш ва ривожлантириш омилларини топа олиши керакдир.
Мавзу юзасидан қисқача хулосалар:
Ушбу мавзуда шахс ва унинг ташқи оламни билиш имкониятлари, билиш жараёнларини бошқариш усуллари таҳлил қилинган. Таълим ва тарбия жараёнида билиш қобилиятларини такомиллаштиришнинг психологик тамойиллари ва шартлари батафсил баён қилинган. Бу эса талабаларнинг бугунги ўқиш фаолияти ва эртанги кундаги меҳнат фаолиятларида ўз-ўзини англаши ва бошқариши учун катта аҳамиятга эгадир.
Мавзу юзасидан таянч сўзлар:
Перцепция, идрок, хотира, ассоциация, константлик, диққат.
Глоссарий:
Аналогия – психик ходисалар ва хулқ-атвор хусусиятларининг ўхшашлиги.
Ассоциация – психик ходислар орасидаги ўзаро боғланиш, у маълум қонунлар бўйича таркиб топади.
Диққатнинг барқарорлиги – диққатнинг маълум объектга узоқ вақтдавомида муттасил қаратилиши.
Диққатнинг кўлами – бир вақтнинг ўзида диққатнинг бир қанча объектга қаратилиши имконияти.
Диққатнинг тақсимланиши – диққатнинг бир вақтда бир неча объектга тақсимланиш хусуияти.
Диққатнинг кўчиши – диққатни ихтиёрий равишда бир объектдан иккинчисига кўчириш.
Идрокнинг константлиги – идрок шароити ўзгарса-да, идрок қилишдан ҳосил бўлган нарса образларнинг нисбатан ўзгармаслиги.
Идрокнинг предметлилиги – жамики оламдан олинган маълумотларни ички олам объектига киритиш хусусияти.
Идрокнинг бутунлилиги – сезги аъзларига бевосита таъсир этиб турган объектларни, уларнинг белги ва хусусиятлари билан биргаликда қўшиб идрок этиш.
Оператив хотира – хотира турларидан бири бўлиб, фаолият бажариш жараёнида узоқ хотирадан вақтинча фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |