Bog'liq 1 Ўзбекча Аналитик кимё фани, тадқиқот доираси,
Аналитик кимёнинг қисқача тарихий тараққиёти. Айрим кимёвий анализлар жуда қадим замонларда ҳам маълум эди. Масалан, ўша даврда рудалардан металлар ажратиб олинарди, қотишмалар ҳосил қилинарди, шиша пишириларди, ўсимликлардан доривор моддалар, бўёқлар, хушбўй моддалар ажратиб олинарди. Мисрда бу нарсалар кенг ривожланган эди. Дастлабки вақтларда сифат анализи баъзи табиий бирикмаларни хусусиятларига қараб аниқлашдан иборат бўлган эди. Миқдорий анализ эса аввал текшириш санъати деб аталувчи шаклда пайдо бўлди, бу йўл билан олтин ва кумуш каби қимматбаҳо металларнинг тозалиги (пробаси) аниқланарди. Бу усуллар умуман олганда, ана шу металларни ишлаб чиқаришда борадиган асосий жараёнларни такрорлашдан иборат эди.
Аналитик кимё фан сифатида XVII асрнинг ўрталаридан бошлаб ривожлана бошлади.
Роберт Бойль (1627-1691) мураккаб моддаларнинг кимёвий жиҳатдан парчаланмайдиган таркибий қисми-кимёвий элемент ҳақидаги тушунчани фанга киритгандан кейин ривожлана бошлади. У ўзигача маълум бўлган сифат реакцияларининг ҳаммасини тартибга солди ва ўзи бир неча реакцияларни тавсия қилиб, «ҳўл усул» билан қилинадиган анализга асос солди. Жумладан у биринчи марта кислота ва асосларни аниқлашда «индикатор» сифатида ишлатиладиган «лакмус» ва ўсимликлардан олинадиган баъзи бўёқлардан фойдаланди. У «Кимёвий анализ», «элемент» терминини ҳам киритган эди. У HCl ни аниқлаш учун AgNO3, мис тузларини аниқлаш учун эса ортиқча миқдорда аммиак ишлатди ва ҳоказо.
XVIII асрда эритмалардан металларни (катионларни) гуруҳлари билан ажратиш усули Т. Бергман (1735-1784) томонидан жорий қилинди. Бу эса сифат анализи тараққиётида катта ютуқ бўлди ва системали анализ қилиш усулига асос солинди.
Сифат анализининг бошқа методи, чунончи микрокристаллоскопик анализ XVIII асрда Россияда М. В. Ломоносов (1711-1765) ва айниқса Т. Е. Ловиц (1757-1804)нинг илмий ишлари туфайли вужудга келди. Ловиц адсорбция ҳодисасини ҳам очди. Ломоносов 1744 йилда биринчи бўлиб сифат анализида микроскоп қўллади ва кристалларнинг шаклига қараб анализ қилинаётган модда таркиби ҳақида хулоса чиқарди. Ломоносов ўз ишларида фильтрлаш, чўктириш, қуритиш ва чўкмаларни тортиш ишларини бажарди. Ломоносов аналитик кимёни тараққий қилдира бориб, 1756 йилда модда массасининг сақланиш қонуни исботлади.
Лавуазье (1743-1794) кислород анализи асосида кислород билан ёниш назариясини ишлаб чиқди ва элементларнинг миқдорий нисбатлари бўйича бир неча кимёвий анализ сериясини, мураккаб анорганик моддаларда ишлаб чиқди. Шу асосида органик моддаларнинг элемент анализи асосларини яратди. У биринчи бўлиб ҳаво ва сувнинг миқдорий таркибини аниқлади.
В. М. Севергин (1765-1826) қатор янги реакцияларни очди. шу билан бирга колориметрик анализни ишлаб чиқди. У минерал ва рудалар анализига асосланган биринчи моногафиянинг авторидир.
Француз физиги Гей-Люссак (1778-1850) ҳажмий (титриметрик) анализни ишлаб чиқди.
Немис олими Бунзен Р. (1811-1899) газ анализига асос солди ва у Кирхгоф билан биргаликда физик анализ методларидан-сифат спекраль анализини ишлаб чиқди.
Швецарииялик олим А. Вернер (1866-1919) координацион назарияни яратди ва у асосида комплекс бирикмаларнинг тузилиши ўрганилмоқда.
Рус химик аналитиклари асосчиси Н. А. Меншуткин (1847-1907) биринчи бўлиб элементлар аналитик хоссалари уларнинг даврий системадаги ўрнига боғлиқлигини ўрнатди. У биринчи бўлиб сифат ва миқдорий анализдан китоб ёзди (1871) ва аналитик кимё ўқитиш методикасини ишлаб чиқди.
Рус химиги Флавицкий (1848-1917) ионларни аниқлашда реакцияларни «қуруқ» усулда ўтказишни ишлаб чиқди.
В. Оствальд (1853-1932) массалар таъсири қонунини аналитик реакцияларни назарий асослаш учун қўллади.
В. Нернст (1864-1941) электр юритувчи кучни ва гальваник элемент назариясини яратди.
Миқдорий анализнинг ривожланиши асосида Д. Дальтон (1766-1844) кимёда атом назариясини узил-кесил ўрнатди. Бу назариянинг киритилиши миқдорий анализнинг кейинги ривожланишини тезлаштирди, чунки элементлар атом оғирликларини имкони борича тўғри аниқлаш зарурати туғилган эди. Бу соҳада швед кимёгари И. Берцелиус (1779-1848)нинг хизмати жуда катта бўлиб, у 45 та элементнинг атом оғирлигини жуда аниқ (ўша вақт учун) топди, миқдорий анализнинг кўпгина янги методларини ишлаб чиқди ва эскиларини такомиллаштирди. У органик бирикмаларнинг элементар анализи усулини ҳам ишлаб чиқди. кейинчалик бу усулни Ю. Либих (1803-1873) ва бошқа олимлар такомиллаштирдилар. Органик реагентларни аналитик кимёда чўктирувчи сифатида биринчи марта М. А. Илинский (1856-1951) ва Л. А. Чугаев (1873-1922)лар қўлладилар. Бу соҳада 1905 йилда диметилглиоксим таъсирида Ni2 га тавсия қилинди ва ички комплекс тузларнинг аналитик ўрганиш муаммосини Чугаев олға сурди. Бу ҳозир ҳам актуал муаммолардан биридир.
Томчи методини Н. А. Тананаев (1878-1959) ишлаб чиқди ва эритмани бўлиб-бўлиб анализ қилиб ионларни топишда ундан фойдаланди. Демак, бир-бирига яқин фанларнинг муваффақиятлари ва улардан ҳам кўра ишлаб чиқариш талаблари аналитик кимёнинг ривожланишини кўпроқ тезлаштирди. Турли саноат тармоқларининг ривожланиши ишлаб чиқаришни кимёвий назорат қилиш. яъни бошланғич хом ашё, яриммаҳсулот ва тайёр маҳсулот таркибини аниқлаш усулларини такомиллаштиришни талаб қилди. Ишлаб чиқаришнинг мана шундай эҳтиёжлари-аналитик кимёнинг фан сифатида вужудга келиши ва ривожланишида ҳал қилувчи роль ўйнайди.