МАВЗУ: АФРИҒИЙЛАР, ХИОНИЙЛАР, КИДАРИЙЛАР ВА ЭФТАЛИЙЛАР ДАВЛАТЛАРИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ТАРИХИ. ТУРК ХОҚОНЛИГИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВ ТИЗИМИ Режа Африғийлар сулоласи даврида давлат муассасалари тарихи.
Африғийлар сулоласи даврида давлат муассасалари тарихи. Африғ яшаган давр - катта тарихий ўзгаришлар даври бўлди. Хоразмда бутун хўжалик ижтимоий тузум, турмуш ва сиёсий ҳаётнинг кескин суратда ўзгариб кетишига олиб келган жараёнлар IV асрдан жадаллаша бошлади. Бу ўзгариш аҳоли яшайдиган жойнинг тамомила янги тоифаси вужудга келишида яққол намоён бўлди. Беруний маълумотига кўра, бу турар жойларнинг асоси қўрғон бўлган. Зодагон қатламга мансуб кишилар қўрғонларининг ваҳимадор истеҳкомлари деҳқонларнинг бу “қўрғонлари”ни босиб, пастда қолдириб кетган. Юзтача маҳкам истеҳкомланган қўрғонлар жанубдан шимолга қараб оқувчи сертармоқ катта ариқнинг ҳар икки томонида ёйилиб ётар эди. Ҳамма қўрғонлар қудратли мудофаа иншоотлари билан истеҳкомланган. Улар баланд пахса девор билан ўраб олиниб, баланд пойдевор устида ўрнатилган эди. Қурилиш техникаси ҳам ўзгаради: хом ғишт камроқ ишлатилади ва ҳажми кичраяди (Африғийлар ғиштининг ўлчами 35х35х8). Ғишт ҳисобига пахса девор кўпаяди.
Катта қўрғон бизга йирик Хоразм амалдори вакилининг турмуши қандай бўлганлиги тўғрисида маълумот беради. Қўрғонларда катта оилалар истиқомат қилган. ”Кад” дея аталган бу катта оила патриархал уй жамоасининг бошлиғи ”кадхудо” деб номланган. Наршахийнинг ва бошқа муаллифларнинг асарларида қайд қилинишича, бундай жамоага оила аъзолари билан оилага қарам бўлган чала ҳуқуқли фуқаролар ва қуллар ҳам кирган.
Феодал муносабатлар ҳали қарор топмаган бўлса-да, бироқ унинг келиб қолганлиги сезилиб турарди; амалдорларнинг даҳшатли қўрғонлари йирик каналларнинг тармоқларини қулоқ бошидан бўғиб қўйиб, деҳқонларнинг қўрғонлари устидан ҳукмронлик қила бошлайди. Деҳқонлар энди ўз қўрғонларини ташқи душмандан ҳам хавфлироқ бўлган катта қўрғонларнинг эгалари – амалдорлардан ўз озодлигини муҳофаза қилишга мажбур бўладилар. Бу давр антик ҳунармандчилик марказида қадимий шаҳарлар инқирозга учраб, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт қишлоқда, мулкдорларнинг қўрғони ва қасрлари атрофида жонланган. Бургутқалъа воҳасида олиб борилган қазишмалар вақтида сертармоқ суғориш канали ва ариқлар, далаларнинг режали жойлашуви аниқланган. Катта-кичик турар жойлар тўп-тўп жойлашган. Катта ер эгаларининг қасрлари каналлар бошида бўлиб, улар сув тақсимотини назорат қилиб турганлар. Хоразмда бу давр истеҳкомлари асосан пахсадан тўртбурчак тарзда қурилган, девори буржлар билан мустаҳкамланган, давра ёки тўртбурчак тарҳли (сўнгги мудофаа минораси) бўлган.
Йирик қалъалар (Якка порсон, Қум қалъа, Уй қалъа, Тешик қалъа) мудофаа истеҳкомларига эга бўлган. Энг йирик истеҳком – Бургут қалъа (майдони 6 га.дан ошиқ) атрофида шаҳар вужудга кела бошлаган. Турар жойлар даҳлиз, асосий ва ёрдамчи хўжалик хоналаридан иборат бўлган. Иморатларнинг тархи, қиёфаси аҳолининг ижтимоий мавқеига боғлиқ бўлганлиги аниқланган.
Бу даврда Хоразмнинг ички ҳаётига оид маълумотларда ҳам аёвсиз ва қонли фуқаролар уруши содир бўлгани қайд этилади. Бу урушга фақат араб истилоси хотима берди. Шаҳарларнинг инқирозга юз тутиши жараёни шаҳар ҳунармандчилигининг авж олиб бораётган таназзули билан узвий боғлиқдир. Агар IV асрда аъло сифатли қадимий кулолчилик анъаналари ҳукмрон бўлса, V асрда керамика буюмларининг сифати ниҳоятда пасайиб кетди. VII – VIII асрларда амалий санъат барбод бўлмайди, балки у қадимги Хоразмга хос бўлган ўз оммавийлигини йўқотади ва оқсуякларнинг тор доирасидагина мансуб бўлиб қолади. Африғийлар даври охирига келиб шаҳарларнинг таназзулга юз тутиши оқибатлари араб ёзувчиларининг VIII аср бошида Хоразмнинг истило қилиниши тўғрисидаги ҳикояларида яққол акс этгандир. Таборийнинг маълумотларига кўра, 712 йили Хоразмда бор йўғи учта шаҳар бўлган. Булар – пойтахт Кат (Фил), Ҳазорасп ва афтидан, Урганч бўлса керак.
Ташқи савдо алоқалари сусаяди. Энди биз африғийларнинг ёдгорликлари ичида Сурия-Миср (Ўрта денгиздан топилган) ва Қора денгизнинг шимол томонида шиша ва тошдан ишланган маржонларни учратмаймиз. Ҳақиқ ва халтсеондан ишланган оддий юмалоқ мунчоқлар Эрондан олиб келинган ёки шу ерда таёрланган.
С.П.Толстовнинг таъкидлашича, Хоразмнинг бу даврда сиёсий жиҳатдан бўлиниши тўғрисидаги маълумотга эга эмасмиз. Хоразм яхлит бир мулк бўлган ва умумий сиёсий манзарада бирмунча алоҳида ўринни ишғол қилган бўлса керак. Бироқ, бу ерда ҳам ички сиёсий алоқалар сусайиб кетганлиги сезилиб турарди: Таборий Хоразмшоҳ билан бир қаторда унга бўйсунган “подшолар” (арабчаси “мулк”) тўғрисида ҳам гапиради.
Илк араб манбалари билан айни даврга мансуб бўлган хитойликларнинг Тан сулоласи йилномаси “Тан Шу” китобида император Юнвей даврида (650 – 655) мамлакатда Варуҳман ҳоким бўлган деб ёзилган. Бу мамлакат таркибига тўққизта ҳокимлик: Самарқанд (Кан, Самокянь), Бухоро (Ань), Кабудан (ТСао), Шош (Тошкент-Ше), Маймурғ (Ми), Кушония (Хо), Вардана (Маркварт “Моди” деб ўқишни таклиф қилган эди), Кеш (Ше) ва Хоразм кирганлиги қайд қилинади. Ҳокимликларнинг ҳукмдорлари (“тўққиз оила”) бир сулолага мансуб бўлиб, хитойликлар бу сулолани Чжаову деб атаганлар. Бу анъанавий бирлашмада Самарқанднинг сиёсий жиҳатидан мавқеи устун бўлганлиги тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Аксинча, Таборий ва Яъқубийларнинг якдиллик билан шоҳидлик беришларича, иттифоққа ўхшаш бир нарсани ташкил этган, холос. Мовароунаҳрнинг подшолари фавқулодда бирон ҳодиса рўй бериб қолгандагина Хоразм яқинидаги Кандакин шаҳарида тўпланганлар. Бу ўринда Хоразм деганда бутун бир мамлакатни эмас, балки унинг пойтахтини (Катни-Фирни) тушуниш тўғрироқ бўлса керак; илк мусулмон манбаларида кўпинча Хоразм сўзи унинг пойтахти маъносида ҳам ишлатилган. Бу ҳол Кандакинни Хоразм чегарасида жойлашган бўлиши керак,деб тахмин қилиш имконини беради. Хитойликларнинг хабарларида эса Самарқанднинг Кангюй иттифоқидаги расмий эмас, балки амалий устунлиги назарда тутилган бўлиши керак. Дарҳақиқат, Самарқанд Мовароуннаҳрнинг энг йирик иқтисодий марказий сифатида бу иттифоқда етакчи мавқени эгаллаган.
Маълумки, Ўрта Осиёнинг IV ва VIII асрлар орасидаги, яъни Кушон давлатининг қулашидан тортиб араблар истеълосигача бўлган даврдаги ташқи сиёсий тарихи шиддатли воқеалар билан тўлиб тошган.
Хоразм тахминан II вa III асрлар чегарасидаёқ заифлашган кушонларнинг фақат расмангина сақланиб қолган гегемонлигидан озод бўлиб, ўз мустақиллигини сақлаб қолдигина эмас, балки нумизматика маълумотлари ва Тупроқкалъани қазиш вақтида тўпланган материалларни таҳлил қилганда, III асрда ҳатто ўзининг сиёсий мавқеини мустаҳкамлайди ва қадимий маданиятини юксалтириш йўлини давом эттиради. Бироқ, Африғ замони бўлган IV аср бошида Хоразмда ҳам инқироз аломатлари намоён бўлади. Хоразм тоифасидаги, бироқ ҳар хил тамғалари бўлган турли-туман майда мис чақалар шу даврда пайдо бўлган. Худди шу вақтлардан бошлаб Хоразмнинг Африғий подшоҳлари бетига шоҳ ва орқасига суворий тасвирлари туширилган кумуш тангалар зарб этиб, мамлакатнинг ички ва ташқи савдо муносабатларида мустақил бўлиб оладилар. Бу чақаларнинг пайдо бўлиши мамлакат сиёсий ҳаётидаги бизга қоронғу бўлиб қолаётган аллақандай ўзгаришларга шоҳидлик қилади, намоён бўла бошлаган сиёсий таназзул тўғрисида хабар беради.
Хоразмдаги IV – VIII асрларга оид Африғлар сулоласи номи билан боғлиқ маданият ёдгорликлари 1937 – 1940 йилларда Хоразм археология-этнография экспедицияси томонидан ўрганилган. Ушбу маданият шаклланишида қўшни кўчманчи қабилалар муҳим рол ўйнаган.
Кидарийлар давлат бошқаруви. Кидарийлар давлати ҳудудида турли тилли қабилалар яшаган. Мўғул қабилалари кўп сонли туркий қабила ва уруғлар таъсирида туркийлашганлар, уларнинг тили ва урф-одатларини қабул қилганлар.
418 – 419 йилларда жужанлар билан Ўрта Осиёлик хуннлар ва юечжилар ўртасида уруш қайтадан бошланади. Ушбу уруш санаси қуйидагича аниқланган:
Юэбан билан жанг олиб борган Датан 414 йилда тахтга ўтиради ва 415 йилда Хитойга босқин уюштиради, демак ўша чоғда у шарқбиланбанд бўлган. Хитойга навбатдаги юриш 424 йилда содир бўлади. Демак, Юэбан билан уруш мана шу саналар оралиғида бўлган. Санани янада аниқ белгилаш учун нумизматик ашёлардан фойдаланилди. 417 йилда Кидара номи билан танга забт этилганига қарамай, қадимшунос С.К.Кабанов Кидарий подшоҳлигига 420 йилда асос солинган деб ҳисоблайди.
Жужанлар Тарбағатойга суқилиб кирадилар ва бу ерда шундай бир ваҳимали қирғин ташкил этадиларки, Катта юечжилар подшоси авлодининг ўғли, юечжиларнинг катта бир гуруҳи раҳнамоси Тсидоло (Кидоло), жужанлар билан тўқнашувдан кейин, Олтой тоғлари ва Шарқий Туркистон ҳудудидан жануби-ғарбга силжиб, 418 йилда Қарши воҳасида Боло (Нахшаб) шаҳрини ишғол қилиб, ўз қароргоҳига айлантиради. Бу ерда у форслар ва эфталитларга тўқнаш келади.
Янги ҳудудга келиб ҳам кичик юэчжилар тинч яшай олмайдилар. Улар бу ерларда мавжуд бўлган сиёсий курашлар гирдобига кириб, эфталийлар билан иттифоқда Эрон Сосонийлари билан урушадилар. Шу даврларда (V асрнинг 20-йилларида) Кушон давлатининг ҳокимияти кичик юечжилар қўлига ўтган ҳам бўлиши мумкин. Аммо улар узоқ ҳукмронлик қила олмаганлар. Сосонийлар зарбасидан қаттиқ талофат кўргандан кейин, саркарда Тсидоло бошлиқ юечжи ҳарбий кучлари ва уруғдошлари билан Тохаристондан чиқиб Афғонистоннинг жануби-шарқий вилоятларига бориб ўрнашадилар. Бу ерда улар Тсидоло (Кидоло) – ҳокимиятини ўрнатиб,“Кидоро кушон Ша” (Кидоро кушонлар шоҳи) деган ёзув билан танга (пул) зарб қилганлар. Бундан мақсад, Тсидоло бошлиқ бир гуруҳ юечжи кушонликлар Мовароуннаҳрни ташлаб кетган бўлсалар ҳам ўзларини кушон хонадонидан чиққан – подшо ҳисоблаб, ўзга ерда ҳам анча вақтларгача кушон подшолигининг ворислари деб келган бўлсалар керак.
424 йилдан бошлаб Тсидоло Ҳиндистонга юриш қилиб унинг шимолидаги вилоятларининг талай қисмини эгаллашга муяссар бўлган. Ушбу воқеалар ёритилган “Шимолий хонадонлар тарихи” Бей Шида “Юечжиларни Тсидоло бошлиқ ботир давлат бошлиғи Ҳиндистонга юриш қилиб (уни) бешта давлатини ишғол қилади”, деб ахборот берилган. Аммо бу кичик давлатларни тез вақт ичида ҳиндлар қайтариб оладилар. Лекин Ҳиндистоннинг шимолидаги баъзи вилоятлар бир қанча вақтларгача кидарийлар қўлида қолади.
Келтирилган ушбу маълумотлардан маълум бўладики, кидарийлар Кушон давлатининг инқирозга учраётган бир даврда 420 йили ҳокимиятни қўлга олиб, то 468 йилгача Мовароуннаҳр ва Тохаристонда ҳукмронлик қилганлар. Кейинчалик уларнинг ҳукмронлиги кичик юечжиларнинг сардори Тсидоло (Кидоло) номи билан Кидара (Кидарит) деб аталган Кидарани қўллаб-қувватлаган, садоқатли қабиладошларининг бир гуруҳи шу шахс (Кидоло) номи билан кидарийлар дейилган бўлиши ҳам мумкин. Қандай бўлишидан қатъи назар кидарийларнинг келиб чиқиши кичик юечжилар билан бевосита боғлиқлиги тарихий ҳақиқатга яқиндир. Кидара сафдошлари – кидарийлар – тарихда этник номлари билан эмас, балки ўз раҳнамоларининг номи билан аталиб қолмоқдалар.
456 йилда сосонийлардан қақшатқич зарбага учраган кидарийлар ўзларини қайта ўнглаб ололмайди. Айни шу вақтда улар шимолдан Ўрта Осиё томон силжиган яна бир кўчманчи чорвадор аҳоли – эфталийлар билан тўқнашади. 468 йили Эрон шоҳи Перўз кидарийлар пойтахтини эгаллайди. Натижада, Ўрта Осиёда ҳукмронлигини барқарор мустаҳкамлаб олишга улгурмаган кидарийлар мамлакатни тарк этиб, жанубга чекиниб, Шимолий Ҳиндистонга бостириб кирадилар ва унинг беш давлат ҳудудини эгаллайдилар. Улар Ҳиндистондаги Гупта давлатини ўзига бўйсунтириб, у ерда 75 йил ҳукмронлик қилишади. Шимолий Ҳинд ерларини эгаллагач 477 йилда ҳатто, Ганхара вилоятидан Хитойга ҳам ўз элчиларини юборади.
Кидарийлар давлатида VII асрдан бошлаб ҳукмдорлар Дахе уруғидан, 874 йилдан 906 йилгача Яолян уруғидан, 906 йилдан бошлаб Элюй уруғидан бўлганлар. Кидарий ҳукмдорлар номлари Хитой манбаларида қуйидаги тартибда келтирилган:
Эфталлар давлати бошқаруви. Эфталийлар давлатининг тузилиши, марказий ва маҳаллий давлат органлари, суди ва ҳарбий қўшини ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келмаган. Манбалардаги айрим маълумотларга таянган ҳолда эфталийлар давлат тузуми ва ҳуқуқи ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишимиз мумкин.
Милоднинг VI асрида яшаган Византиялик тарихчи Прокопийнинг ёзишича, “Эфталийларни ягона шоҳ бошқарган, улар қонуний давлатга эга бўлганлар ва ўзлари билан қўшинлари ўртасида ромейлар (византияликлар) ва форсларда мавжуд бўлган адолатдан заррача ҳам кам бўлмаган адолатга амал қилганлар”. Хитой манбаларига қайд қилинишича, Эфталийлар давлатида тахт отадан болага ўтмаган, шу сулоладан ким давлат бошлиғи лавозимига лойиқ топилса, ўша киши тахтни эгаллаган. Айнан кимнинг ушбу лавозимга лойиқлигини аниқлаш ваколатига махсус кенгаш эга бўлган. Бу кенгаш сулоланинг мўътабар намоёндалари ҳамда салтанат арконларидан иборат бўлган бўлса ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Прокопийнинг гувоҳлик беришича, эфталийлар давлатни қонунлар асосида бошқарганлар. Баъзи манбаларда қайд қилинишича, эфталийлар давлатида подшо ҳокимияти унчалик кучли бўлмасдан, маҳаллий ҳокимларнинг мавқеи юқори бўлган. Жойларда ҳокимият йирик ер эгалари қўлида бўлиб улар катта мулкка, қалъа ва ҳарбий қўшинга эга эдилар.
Эфталийлар кучли ҳарбий қўшинга эга бўлишган. Қўшиннинг асосий қисмини отлиқ аскарлар ташкил қилган. Айрим манбаларда ёзилишича, эфталийлар давлатида жиноят содир қилганлик учун қаттиқ жазо чоралари қўлланилган. Масалан, ўғрилик учун бўйнини кесиб қатл этиш ёки ўғирлаб кетган мулкни ўн баробар миқдорида ундириб бериш жазоси қўлланилган.
Мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида шаҳарларнинг ўрни катта бўлган. Византия ҳукмдори Юстин II нинг “Эфталийлар шаҳарда яшайдиларми ёки қишлоқдами?” деган саволига ашиналийларнингэлчиси “Аъло ҳазрат, улар шаҳарлик сулолалардан”, деган жавоби фикримиз далилидир. Эфталийлар давлатида йирик шаҳарлар ҳокимлар томонидан бошқарилган. Ўрта Осиёдаги эфталийлар давлати бир қанча ярим мустақил мулкларнинг конфедерациясидан иборат бўлган. Ушбу ҳокимлар ҳам ўз ҳарбий кучларига, ўз тангаларини зарб қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Ички савдо муносабатларида тангалар айирбошлаш воситаси вазифасини бажарган. Бу ерда Ҳиндистондаги каби танга пуллар марказлашган тартибда зарб қилинмаган, аксинча деярли ҳамма мулк ўзининг кумуш ёки мис тангасини зарб қилган.
479 йилги юриш пайтида Эрон қўшини мағлуб бўлди. Перўзнинг ўзини Эфталийлар жангда енгиб 484 йилда уни қатл қиладилар. Эрон ҳукумати батамом тор-мор бўлиш ҳавфидан қутулиш учун “оқ хуннлар”га хирож тўлаб туришга мажбур бўлади. Фақатгина Перўзнинг ўғиллари Кубод (488 – 531) ва Анушервон (531 – 579) ҳукмронлик қилган йилларда ўзаро муносабатлар яхшиланган, ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Милодий V аср ўрталарида хионийлар билан иттифоқ тузган эфталийлар Кобул водийсидаги Кушон подшоларига қарашли мулкларни бўйсундириб, бир неча марта Ҳиндистон тупроғига бостириб кирадилар. V аср охирида бўлса эфталий подшоларидан бири Тўрамон (490 – 515) марказий Ҳиндистондаги Малава музофотини, Гупталар давлатининг давлатининг катта қисмини босиб олади. Шу тариқа Шимолий Ҳиндистон, Покистон, Жануби-шарқий Афғонистон ҳудудида янги ярим мустақил эфталийлар давлати ташкил топган. Тахминан 510 йилда тахтга ўтирган Тўрамоннинг ўғли Миҳиракула Панжобдаги Шакала шаҳрини (ҳозирги Сиалкот) пойтахт қилиб олади.
Миҳиракула номини баъзи тадқиқотчилар туркий “Митра (ҳинд худоларидан бири) қули” деб талқин қиладилар. Ҳиндистонда Эфталитларнинг ярим мустақил давлати олий эфталий ҳукмдорларига маълум даражада қарам бўлган. Марквартнинг фикрича, олий эфталий ҳукмдорларининг қароргоҳи Бухоро яқинидаги Пойкандда бўлган.
Эфталийлар Кушон империясини қарийб батамом тикладилар, баъзи жойларда эса ўз ҳудудларини империя чегарасидан ҳам ташқарига чиқариб юбордилар. Эфталийларнинг юришлари, жамоа-уруғчилик ва ҳарбий-қулдорчилик анъаналарини мустаҳкамлади ҳамда феодал инқирози жараёнларини тўхтатиб қўйди ва шу йўл билан Ўрта Осиёнинг феодаллашиш жараёнини, шубҳасиз, секинлаштириб қўйдики, буни кейинги воқеаларда ҳам кўриш мумкин, деб таҳлил қилади С.П.Толстов.
Эфталийлар давлати мустаҳкам эмас эди. Бу давлатнинг емирилишида ҳам ички, ҳам ташқи кучлар иштирок этди. Маълумки, Эфталийлар ҳукмронлиги остида бўлиш Сўғднинг заминдор ва савдо аристократияси учун малол келарди ва бу аристократия эфталий давлатининг ташқи душманлари билан махфий алоқа қилиб турарди. Миҳиракула, тахминан, 528 йилдаёқ ҳинд князларининг бирлашиб ҳужум қилишлари натижасида Панжобдан ажралади ва фақат Кашмир устидангина маълум ватқга қадар ҳукмронлигини сақлаб қолади.
VI асрнинг 60-йилларида яқиндагина жуан-жуанларга хирож тўлаб келган урхун турклари жуан-жуанлар хоқонлигини тор-мор келтириб, Марказий Осиёда ўзларининг янги қудратли варвар империяси билан майдонга чиққан ва Шарққа томон чуқур ижтимоий-сиёсий инқрозни бошидан кечирган Хитойга қарши ҳамда ғарбга томон Шарқий Туркистон ва Еттисувга қарши кенг кўламдаги экспансияни авж олдириб юборган бир вақтда – Эфталий империясининг сўнгги соатлари етиб келди. 563 ва 567 йиллар ўртасида Каводшоҳ вориси Хисрав Нуширавон ва Суғд аристократлари билан иттифоқ тузган туркларнинг зарбалари натижасида бу империя қулайди.
Ҳиндистон Эфталийларининг тангалари Хоразм тангаларига ўхшатиб зарб қилинган: қалпоқча билан ярим ой тасвири ҳамда танганинг ўнг томонидаги тамға Хоразм тангалариникига жуда ўхшаш, фақат анча қўпол ишланганлиги билан фарқ қилади.
Эфталийлар VI асрнинг биринчи ярмида Марказий Осиёнинг катта қисмини бирлаштирган кучли давлат тузади. Қисқа вақтда бўлсада, ўз давлатининг асосий ўзагини ташкил этган Тоҳаристон ерларини Сосонийлар Эронига қарамликдан сақлаб қола олади. 563 – 567 йилларда Турк хоқонлигининг ҳужуми туфайли Эфталийлар мағлубиятга учрайди, аммо эфталийлар ҳукмронлиги Чағониёнга сақланиб қолади. 571 йил Эфталийлар давлати ҳудуди Эрон ва Турк хоқонлиги томонидан бўлиб олинади. Амударё чегара бўлиб қолади.
Шундай қилиб, V – VI асрларда мамлакатимизда юз йилдан ортиқ давр давомида эфталийлар сулоласи ҳукмронлик қилди. Давлатни бошқаришда ўтмишдаги донгдор сулолалардан қолишмаганлар, аксинча, сўнгги Кушонлар замонида бош-бошдоқлик йўлига кирган мамлакатни бирлаштириб сиёсий, иқтисодий, маданий муносабатлар ва ташқи алоқалар тараққиётини анъанавий юксак даражада тутиб туришга бош-қош бўлган.