Суғурта далолатномаси - суғурта ҳодисаси рўй берганда суғурта компанияси томонидан тузиладиган ҳужжат. Далолатномада мол-мулкнинг зарарланиш ёхуд нобуд бўлиш сабаблари, кўрилган зарар миқдори ва бошқа кўрсаткичлар бўлади. Далолатномага, зарур ҳолларда суғурта ҳодисаси ва мол-мулкнинг зарарланганлигини тасдиқловчи тегишли ташкилотларнинг (ёнғинга қарши кураш, давлат автомобиль назорати, қишлоқ хўжалиги, ветеринария хизмати ва бошқалар) ёзма ҳулосаси илова этилади. Халқаро суғурта муносабатларида суғурта далолатномасини аджастер ёки авария комиссари тузади ва моҳиятан авария сертификатига яқинлашади.
Суғурта мукофоти- суғурта хизматини кўрсатганлик учун тўланадиган ҳақ. Суғурта мукофотининг миқдори суғурта суммасига нисбатан фоизларда аниқланади. Суғурта мукофотининг миқдори аниқ суммаларда ҳам ифодаланиши мумкин. Масалан, автомобиль эгаларининг учинчи шахсга зарар келтириш фуқаролик жавобгарлигини суғуртасида суғурта мукофоти аниқ пул бирлигида кўрсатилади.
Суғурта пули - суғурта мажбуриятини бажариш ҳамда суғурта операцияларини молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлмасдан ўзаро келишган ҳолда бир қанча суғурта компанияларининг ихтиёрий уюшмаси. Суғурта пули, асосан, хавфли, йирик объектларни суғурталаш мақсадида ташкил этилади. ҳар қайси компания ўз суғурталанган рискни пулга беради ва бунинг учун, пул орқали йиғилган суғурта мукофотларининг бир қисмини олади.
Суғурта объекти - шахсий суғуртада фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги, меҳнат қобилияти билан боғлиқ манфаати; мулкий суғуртада бинолар, қурилмалар, транспорт воситалари уй-жой мулки, ташиладиган юклар ва бошқа моддий бойликларни сақлашга бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаати; жисмоний ёки юридик шахснинг ўз ҳатти-ҳаракати билан унинг шахсга зарар келтириш фуқаролик масъулияти - масъулиятни суғурталашда суғурта объектлари бўлиб ҳисобланади. Рискни баҳолаш мақсадида суғурта объекти суғурта компаниясининг мутахассислари томонидан экспертиза қилиниши мумкин.
Суғурта шартномаси - икки ёки ундан ортиқ томонлар ўртасида тузиладиган ёзма равишдаги битим бўлиб, бунда суғурта компанияси суғурта ҳодисаси туфайли зарар кўрилганда суғурталанувчига суғурта қопламаси ёки суғурта суммасини тўлаш мажбуриятини, суғурталанувчи эса белгиланган муддатларда суғурта мукофотини тўлаш мажбуриятини олади. Суғурта шартномаси тузилганлик фактини тасдиқлаш учун суғурталовчи суғурталанувчига суғурта полиси беради. Суғурта шартномасини тузишдаги асосий, оддий ва қўшимча шартлар суғурта шартномасининг мазмунини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |