Мифологик дунёқараш. «Миф» тушунчаси юнонча mythos сўзидан келиб чиққан бўлиб, афсона, ривоят деган маънони англатади. Миф –турли халқларнинг дунёнинг келиб чиқиши, табиат ҳодисалари, фантастик мавжудотлар, худолар ва қаҳрамонларнинг ишлари ҳақидаги тасаввурини ифодаловчи муайян тарзда тизимга солинган дунёқарашдир.
Мифда билимлар, диний эътиқодлар, маънавий маданиятнинг турли элементлари, санъат, ижтимоий ҳаёт куртаклари бирлашган бўлиб, шу тариқа ибтидоий одамлар дунёқараши маълум даражада тартибга келган, уларнинг дунё ҳақидаги қарашлари эса муайян тизимга солинган. Мазкур тизимга солишнинг муҳим шакллари эпос, эртаклар, афсоналар, ривоятлар бўлиб, мифлар аввало улар орқали ифодаланади. Шу тариқа тўпланган билимлар ва тажриба кейинги авлодларга ўтиши ҳам таъминланади.
Мифологик дунёқарашнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, бу оддий ривоят эмас, балки оғзаки «муқаддас» матннинг архаик онгдаги воқеа-ҳодисаларга, инсонга ва у яшаётган дунёга таъсир кўрсатувчи муайян борлиқ сифатидаги инъикосидир. Миф, инсоният тарихининг илк босқичларида, одамлар хулқ-атвори ва ўзаро муносабатларини тартибга солиш функциясини бажарган, чунки унда ахлоқий қарашлар, инсоннинг борлиққа эстетик муносабати ўз ифодасини топган. Мифологияга шу нарса хоски, унда ҳамма нарса бир, яхлит, ажралмасдир; табиат нарсалари ва ҳодисалари инсон билан айни бир қонунларга мувофиқ яшайди, инсон билан бир хил сезгилар, истаклар, майлларга эга бўлади.
Шундай қилиб, миф кимнингдир уйдирмаси ёки «ўтмиш сарқити» эмас, балки шундай бир ўзига хос тилки, инсон унинг ёрдамида қадим замонларданоқ дунёни тавсифлаган, ўзининг ўсиб бораётган тарқоқ билимларини умумлаштирган, талқин қилган, таснифлаган ва муайян тизимга солган.
Мифда ота, оқсоқол ҳукми ва қарор топган анъаналар муҳим рол ўйнайди. Ривоят ва унинг мазмунига нисбатан бундай муносабат замирида эътиқод, борлиқни бевосита, эмоционал идрок этиш ётади. Мифологик дунёқараш дунёни яхлит тушуниш бўлиб, унда шубҳага ўрин йўқдир.
Мифология (мифлар мажмуи сифатида) қадимги одамлар дунёқараши билангина узвий боғлиқ эмас. Оддий онгда яшайдиган дин, фалсафа, сиёсат, санъатда аниқ-равшан ёки пардаланган кўринишда мавжуд бўлган мифлар бугунги кунда ҳам (ким учундир кўпроқ, ким учундир камроқ даражада) одамлар ҳаёти ва ижодида фаол рол ўйнаб, ҳар қандай инсон дунёқарашининг таркибий қисми бўлиб қолмоқда. Жамиятнинг ахборотлашуви жадал суръатларда ўсиб бораётган шароитда миф телевидение, радио, вақтли матбуот, ҳозирги сайлов технологиялари воситасида баъзан ижтимоий онг билан манипуляция қилиш, олдиндан белгиланган жамоатчилик фикрини шакллантириш воситаси сифатида қўлланилмоқда.
Диний дунёқараш дунёқарашнинг тарихан иккинчи шакли диндир. (Дин сўзи арабчадан таржимада эътиқод, ишонч, ишонмоқ деган маъноларни англатади.) Миф каби, дин замирида ҳам эътиқод, туйғулар ва эмоциялар ётади. Гарчи дин куртаклари «ақлли одам» дунёқараши шаклланишининг дастлабки босқичларида, яъни тахминан 40-60 минг йил муқаддам пайдо бўлган бўлса-да, умуман олганда у дунёқарашнинг мустақил шакли сифатида кейинроқ, жумладан миф таъсирида инсоннинг мавхум фикрлаш қобилияти сезиларли даражада кучайган даврда вужудга келган.
Диний дунёқараш одамларнинг ғайритабиий нарсалар (худолар, «олий ақл», қандайдир абсолют ва ш.к.)га бўлган эътиқодига асосланувчи тегишли хулқ-атвори ва ўзига хос ҳаракатларидир. Агар мифологияда анъанага, ривоят қилувчининг, яъни оқсоқолнинг обрўсига эътиқод кучли бўлса, динда ғайритабиий нарсаларга эътиқод биринчи ўринда туради, олий кучлар номидан ривоят қилувчи руҳонийлар обрўси эса иккинчи даражали рол ўйнайди.
Хуллас, дин мураккаб маънавий тузилма ва ижтимоий-тарихий ҳодиса бўлиб, унда эътиқод муқаррар тарзда биринчи ўринга қўйилади ва ҳамиша билимдан устун туради.
Диннинг асосий функциялари. Миф билан таққослаганда, дин функциялари мураккаброқдир. Дин функциялари орасида қуйидагиларни фарқлаш мумкин:
дунёқарашни шакллантириш функцияси бутун борлиқ қачон ва нима учун пайдо бўлган ва бунда ғайритабиий кучнинг роли қандай намоён бўлган, деган саволларга жавоб беради;
Do'stlaringiz bilan baham: |