Фалсафанинг структураси. Фалсафа ўз шаклланиши ва ривожланишининг қадимги давридаёқ, табиат, инсон, жамият ва маънавиятни, шунингдек сабабий боғланишлар, қонунлар ва шу кабиларни билиш соҳасида юксак натижаларга эришди ва рационаллик нуқтаи назаридан одамларнинг дунё ҳақидаги умумий тасаввурига айланди. Аммо оламнинг чексиз даражада ранг-баранглиги ва серқирралиги туфайли ўша даврдаёқ парчаланмаган фалсафий билимлар ва тасаввурлардан айрим бўлимлар ажралиб чиқа бошлади, вақт ўтиши билан ривожланиб, анча аниқ шакл-шамойил касб этди ва янги билимлар билан тўлдирилди. Пировард натижада улар фалсафий билимнинг тузилишини (структурасини) ташкил этди.
Фалсафанинг асосий масаласи структурасида икки томон ажратилади. Руҳ бирламчими ёки табиатми, деган савол мазкур масаланинг онтологик томонини ташкил қилади. Дунёни билиш имконияти тўғрисидаги масала, «инсон тафаккури дунёни ҳаққоний билишга қодирми, у ўзининг ҳақиқий дунё ҳақидаги тасаввурларида воқеликни тўғри акс эттиришга қодирми», деган савол фалсафа асосий масаласининг гносеологик томонини ўзида ифодалайди.
«Дунё – инсон» тизимидаги муносабатларнинг ранг-баранглиги предметли-амалий, гносеологик, аксеологик, эстетик, ахлоқий ва бошқа хил муносабатлар билан белгиланади. Қуйидагилар фалсафий билимнинг структураси ҳисобланади:
онтология – мавжудлик, борлиқ ҳақидаги билим;
гносеология (бошқа бир терминологияга кўра – эпистемология) – билиш назарияси;
ижтимоий фалсафа – жамият ҳақидаги таълимот;
этика – ахлоқ ҳақидаги таълимот;
аксиология - қадриятлар ҳақидаги таълимот;
фалсафий антропология – инсон ҳақидаги таълимот ва бошқалар. Фалсафа уларнинг муҳим хусусиятлари, биринчи сабаблари ва асосларини аниқлашдан манфаатдор. У ёки бу муносабатни дунёга ёндашув мезони сифатида танлаш (масалан, дунёга уйғунлик, гўзаллик, мутаносиблик нуқтаи назаридан ёндашиш) у ёки бу фалсафий фанни (айни ҳолда эстетикани) белгилайди. Дунёга уни билиш имкониятлари ва қонуниятлари нуқтаи назаридан ёндашиш билиш назарияси – гносеологияни вужудга келтиради. «Инсон – дунё» тизимига ҳокимият муносабатлари нуқтаи назаридан ёндашиш сиёсатшуносликнинг предметини ташкил этади. Муносабатлар ўзагини ахлоқий меъёрлар ташкил қилган тақдирда эса тадқиқотчи этика соҳасига қадам қўяди.
Шундай қилиб, фалсафанинг асосий масаласи структураси фалсафанинг ўз структурасини акс эттиради, фалсафа эса ўз асосий масаласининг кенг назарияси сифатида намоён бўлади. Бошқача қилиб айтганда, фалсафанинг асосий масаласи хусусида мулоҳаза юритиш жараёнида биз борлиқ нима, тафаккур нима деган саволларга турли хил жавоблар оламиз. Вақт ўтиши билан бу жавоблар ўз далиллар тизими, методологик тамойилларини шакллантиради ва фалсафий йўналишларга айланади. Масалан, борлиқда энг аввало фақат фан доирасида аниқланиши ва тил тизимида белгилар ёрдамида ифодаланиши мумкин бўлган алоқалар ва қонуниятларни кўриш махсус йўналиш – позитивизм, аниқроқ айтганда, унинг охирги босқичи – аналитик фалсафа нуқтаи назари билан мувофиқ келади. Бу ерда борлиқ нима деган масала у ёки бу билимларни тўғри ифодалаш муаммосига, тил таҳлилига бориб тақалади. Аналитик фалсафа доирасида «лингвистик бурилиш» амалга оширилган ва тил фалсафаси бутун фалсафанинг асоси сифатида қабул қилинган.
Айни шу даражада фан фалсафаси ҳам амал қилади ва илмий билиш фаолияти муаммоларини тадқиқ этади. Аввалига унда илмий фаолиятни муайян методологик тамойиллар ва норматив-мантиқий идеаллар билан мувофиқ ҳолатга келтириш, аниқроқ айтганда фанни физика тили негизида унификация қилиш вазифаси қўйилган эди. У физикализмга қараб мўлжал оларди. Кейинчалик билишнинг ижтимоий-маданий омилларига қизиқиш сезиларли даражада кучайди. Билиш жараёнига норматив ёндашувнинг имкониятлари тор эканлиги намоён бўлганидан сўнг илмий билиш фаолияти меъёрларининг релятивлиги ғояси туғилди. Фан фалсафасига ижтимоий-маданий билим (социология, психология, лингвистика, антропологиа ва культурология) натижалари ва методлари кириб кела бошлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |