Абу Райхон Беруний(979-1048 йй). Беруний айрим олимларнинг худонинг хоҳиши билан ариқдаги сув орқага қараб оқиши мумкин, деган нотўғри фикрларини фош этиб, сув оқимининг асл моҳиятини талқин этади ва у табиат қонунларига мос жараён эканлигини исботлаб берган.
Унинг фикрича, сув марказга интилиш кучига эга, бинобарин у пасдан юқорига қараб оқмайди. Сувларнинг тоғ бағридан булоқ шаклида ёки ер тагидан юқорига фонтан бўлиб отилиб чиқишини Беруний ер остидаги босим кучига боғлаб тушунтирган. Дарё ётқизиқлари ҳақида эса Беруний ўзининг «Аҳоли яшайдиган жойлар орасидаги масофаларнинг охирги чегарасини аниқлаш» деган асарида бундай дейди: «Кимки бу ҳақда фикр юритар экан, у шундай хулосага келади - тош ва шағаллар ҳамда майда заррачалар турли кучлар таъсирида тоғдан ажралади; кейин узоқ вақт давомида сув ва шамол кучи туфайли уларнинг қирралари текисланиб, силлиқланади ҳамда думалоқ шаклга киради. Улардан ўз навбатида майда доначалар - қум ва чанглар пайдо бўлади. Агар бу шағаллар дарё ўзанида тўпланса, орасига гил ва қум кириб, бир бутун қатламга айланади. Вақтнинг ўтиши билан аралашган нарсалар сув тагида кўмилиб кетади.
Агар биз ана шундай думалоқ тошлардан ташкил топган ётқизиқларни учратсак, улар албатта юқорида ёзганимиздек пайдо бўлган десак бўлади. Улар ер устида ёки қатламлар орасида учраши мумкин. Бундай жараён узоқ вақтни талаб этади ва бизнинг тасаввуримиздан ташқаридаги доимий ўзгаришлар билан бевосита боғланган ҳолатда юз беради» (А.М.Беленицкий - Абу Райхон Беруний, Ленинград университети нашри, 1949, 207 б.).
Беруний бу мулоҳазаларида XVIII - асрда М.В.Ломоносов, XIX -асрда Ч.Лайел томонидан бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда кашф этган актуализм ғояларини биринчилар қаторида баён этган. Шу асарда Беруний яна бундай дейди: «Денгиз ўрни қуруқлик билан, қуруқлик ўрни эса денгиз билан алмашади».
Берунийнинг XI - аср бошларида биринчи бўлиб дарё ўзанларида чўкинди жинслар доналари ўлчамининг сув оқими тезлигига қараб ўзгариши қонуниятини яратганлиги (кейинчалик Беруний қонуни деб аталган) катта аҳамиятга эга бўлди. Бу қонуният сўнгги йилларда В.И.Попов (1964 й.) томонидан ишлаб чиқилган чўкинди ҳосил бўлишидаги фациал бирликларнинг босқичли динамик тамойилига мос келади.
Беруний ўзининг «Минералогик трактат» деган асарида (X -асрнинг биринчи ярими) минераллар ҳақида чуқур ва аниқ илмий маълумотлар берган. Минералларни аниқлаш ва таснифлашда Беруний фақат уларнинг ранги ва шаффофлигидан эмас, балки қаттиқлиги ва солиштирма оғирлигидан ҳам фойдаланган.
Берунийнинг замондоши буюк олим, табиатшунос ва файласуф Абу Али ибн Сино ҳам геология фанининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган. Ибн Синонинг геологик дунёқарашлари унинг илмий қомуси «Ашшифо» (Қалбни даволаш) номли китобининг «Табиат» деган бўлимида ёритилган.