Ташиш (транспортировка). Дарё оқимлари нураш ва эрозия жараёнларда ҳосил бўлган материалларни оқимга қўшиб олади ва уларни оқим йўналишида таший бошлайди. Бундай ташиш турли усулларда содир этилади: 1) ўзан тубида думалатиш; 2) лойқа сифатида муаллақ ҳолда, 3) коллоид ва чин эритмлар ҳолида.
Ўзан тубида думалатиш йўли билан кўчириладиган материал чуқурлатиш эрозиясини кучайтиради ва ўзи ҳам аста-секин майдаланади ва думалоқланади. Шу йўсинда ғўлатошлар, гравий ва қум доналари вужудга келади.
Дарё сувларида эриган ҳолда карбонатлар (CaCO3, MgCO3, Na2CO3), сульфатли бирикмалар (CaSO4, MgSO4, Na2SO4), тузлар ва кремнезем ташилади. Эриган моддаларнинг 60% карбонатлардан иборат бўлади.
Аллювийнинг шаклланиши (аккумуляция).Дарёларнинг эрозия устувор бўлган дастлабки ривожланиш босқичларидаёқ унинг баъзи участкаларида бўлакли жинслар тўплана бошлайди. Олдин бу ётқизиқлар турғун бўлмайди. Дарёлар тўлиб оққанда, сув ҳажми ва оқим тезлиги ошиши туфайли, улар яна оқимга қўшилиб кетади ва пастга қараб ташила бошлайди. Аммо мувозанат профили шаклланишида ва водийнинг кенгайиб бориши жараёнида доимий турғун бўлган ётқизиқлар тўплана бошлайди. Бунда биринчи навбатда оқимнинг қуйи қисмида, мувозанат майдонида чўкиндилар тўпланади. Кейинчали регрессив эрозиянинг ривожланиши ва мувозанат профилининг шаклланиши дарё водийсининг бошқа қисмларида ҳам аккумуляция учун шароит туғдиради.
Дарё оқизиб келган ётқизиқларни аллювиал ётқизқлар деб аталади. Аллювий континентал ётқизиқларининг муҳим генетик типи саналади. Улар турли ёшдаги ётқизиқларда учрайди. Уларнинг тўртламчи давр ётқизиқлари кесмасида аҳамияти жуда каттадир. Аллювиал ётқизиқлар дарё супаларини ва кенг аллювиал водийларни қоплаб ётади. Улар йирик бўлакли тоғ жинсларидан тортиб то майда донали қумлар ва алеврит зарраларидан таркиб топган бўлади. Алювиал ётқизиқлар орасида ўзан ва қайир фациялари ажратилади. Одатда ўзан фацияси йирик бўлакли, қайир фацияси эса майда заррали чўкиндилардан таркиб топган бўлади.
Бевосита дарё ўзани ҳосил қилган ётқизиқлар ўзан аллювийи (фацияси) дейилади. Улар бутун водий майдонини қоплаб ётади. Кўп ҳолларда текислик дарёларининг ўзан фацияси яхши сараланган турли донали қумлардан иборат бўлади. Кесмасининг асосида эса гравий қўшимчаларига эга бўлган дағал донали қумлар учрайди.
Аллювиал ётқизиқлар ўзандаги сув оқимларининг бўлакли материалларни ташиши туфайли ҳосил бўлади. Улар узан тубида, қайир ва қайрусти супалари тагида ривожланган бўлади. Тоғ ва текислик дарёларининг аллювий ётқизиқлари ажратилади.