Энг йирик хартумлилар турининг вакили Mammuthtis imperator ўрта плейстоценда биринчи муз босиш оралиғида Шимолий Американинг жанубидаги текисликларда тарқалган. Ўзининг деярли тўрт метрли бўйи билан у ҳозирги африка филидан фарқ қилган. Бивни 4,2 м гача борган (252-расм). Бу мамонтнинг яхши сақланган скелети Техас, Колорадо, Небраска, Канзас ва Оклахомада топилган.
Қушларнинг орасида ғозтурна - диатрима кенг тарқалган (253-расм). Тез югурувчи, баландлиги 2 м га борувчи бу қуш Шимолий Америкада тарқалган. Унда тўтиқушникига ўхшаш катта тумшуқ, бақувват ўткир тирноқлари бўлган. Бу йиртқич қуш йирик ҳайвонларнинг ҳам душмани бўлган.
253-расм. Диатрималар.http://wwlife.ru
254-расм. Гавиала.http://wwlife.ru
Тимсоҳсимонлар эоценда анча камайиб кетган. Уларнинг орасида аллигаторлар кенг тарқалган, иккинчи ўринни гавиаллар (254-расм), учинчи ўринни эса ҳақиқий тимсоҳлар эгаллаган. Эоцен тимсоҳсимонларининг узунлиги 70 см дан 6 м гача етган.
Одам эволюцияси. Ерда одамнинг тарихи 2 млн. йилга яқин. Аммо бу вақт одамнинг Ерда якка хокимлик қилиши ва ер яқинидаги фазо бўшлиғини ўзлаштириши учун кифоя қилган.
Одамнинг пайдо бўлиши ташқи кўриниши бўйича ҳозирги замон одамсимон маймуни ва одамнинг умумий аждоди бўлган приматларнинг узоқ эволюцияси жараёни билан боғлиқ. Гарвард университети антропология профессори У. Хауэльс тахминан 20 млн. йил илгари Европа, Ҳиндистон ва Хитойда яшаган, одамсимон маймунни эслатувчи дриопитекни умумий бобокалон деб ҳисоблаган. Дриопитек гуруҳидан тахминан 12 млн. йил олдин рамапитек – одамнинг дастлабки аждоди ажралиб чиқади. Ташқи кўриниши бўйича у кўпроқ маймунга ўхшаш, аммо одамнинг баъзи белгиларига эга бўлган.
1938 йили Танзаниядаги Иоганнесбург яқинида (Жанубий Африка) яшаган таниқли Жанубий Африкалик палеонтолог Роберт Бром одамга ўхшаш мавжудотнинг қолдиқларини топган ва у Paranthropus robustus деб ном олган (255-расм). Парантропус неогеннинг охирида – тўртламчи даврнинг бошларида, яъни бундан 3,1 дан 1 млн. йил илгари яшаган. Бўйи бир ярим метрдан ошиқроқ бўлган бу мавжудотнинг вазни 70 кг га яқин бўлган. Бу «деярли одам» икки оёқлари билан ҳаракатланган, аммо қаддини унча тик тутмаган. Унинг бош суяги ва пастки жағи австралопитекникига қараганда йирикроқ бўлган. Парантропус ўсимликлар билан озиқланган. Бу ўтхўр гоминид африка ўрмонларида яшаган. Бу тармоқ авлод қолдирмасдан қирилиб кетган.
Кимберлидан 130 км шимолдаги Таунг (Ботсвана) шаҳри яқинида палеонтолог Раймонд Дарт томонидан 1924 йилда Australopithecus africanus(«жанубий маймун») қолдиғи топилган. Бу парантропуснинг замондоши бўлиб бўйи шимпанзеники ёки ёш горилланикидек бўлиб, қаддини тик тутиб юрган. Ўзининг ҳаёт тарзи бўйича парантропусдан батомом фарқ қилган: очиқ чўлларда тарқалган бўлиб, турли жониворларни ов қилган. У ҳозирги одамларнинг аждодига бошқа гоминидлар орасида энг яқини бўлган. Австралопитек Африкада парантроп билан бир вақтда яшаган (3,3 - 1 млн. йил илгари).