Континентал (материк) этакларнинг ётқизиқлари. Бу ётқизиқларнинг шаклланиши лойқа оқимлар фаолияти билан боғлиқ. У каньонларни чуқурлатиб юқори ва ўрта оқимларда эрозион ишларни, ўрта оқимидан бошлаб аккумуляция жараёнларини содир этади. Шу боисдан ҳам сувости водийлари, супалар, ёйилмалар (қуруқликдагидек) пайдо бўлади. Лойқа оқим олиб келаётган ва ёйилмадаги ётқизиқларни турбидит ётқизиқлари деб аталади. Энг йирик турбидитни Бенгал қўлтиғига қуйиладиган Брахмантура билан Ганга дарёлари ҳосил қилган. Бу дарёларнинг ётқизиғи барча дарёлар келтирган турбидитларнинг 12% ташкил этади (йилига 21 млрд.т оқизиқ келтиради, ёйилмадаги ётқизиқнииг қалинлиги 5 км дан ошади). Эгаллаган майдонига кўра дунёдаги энг катта қуруқлик дельтаси ҳам Ганга - Брахмапутра дельтаси ҳисобланади.
Лойқа оқимлар туфайли чўкинди материалларнинг тўпланишида флиш ётқизиқлари ҳосил бўлади. Флиш ётқизиқлари учун градацион қат-қатлик характерли бўлади.
Океан ложаси (абиссал) ётқизиқлари.Океанга келтириладиган материалнинг фақат 20 % океан ложасида чўкмага ўтади. Қолган 80 % континентал четда тўпланади. Океан чуқурлигининг ошиши ва материклар соҳилидан узоқлашган сари терриген гилли материал миқдори камайиб боради, бунда органоген (карбонатли ва кремнийли) ва полиген чўкиндилар (қизил гиллар) кенг тарқалган.
Органоген чўкиндилар асосан планктон фораминифералар ёки наннопланктон сувўтлари (кокколитофоридлар) ва камроқ моллюскаларнинг оҳакли чиғаноқлари ва қолдиқларидан иборат.
Фораминиферали оҳактошлар 2000-3000 м дан 4500-4700 м чуқурликларгача, яъни карбонат ҳосил бўлишининг критик чуқурлигигача тарқалган. Бу чуқурликдан пастда совуқ сувлар СаСО3 га тўйинмаганлиги сабабли фораминифераларнинг чиғаноқлари эриб кетади.
Бундан ортиқ чуқурликларда кремнийли полиген чўкиндилар тўпланади. Кремнийли чўкиндилар диатомитлар ва радиоляритлардан иборат бўлади.
Диатомли кремнийли чўкиндилар асосан (70-75 %) диатомли иллардан таркиб топган бўлиб, уларнинг таркибида диатом сувўтларинг опалли ғилофлари ва уларнинг детрити устуворликка эга.
Радиолярийли кремнийли чўкиндилар бир ҳужайрали планктон организмлар - радиолярийларнинг қолдиқлари тўпламидан иборат.
Полиген чўкиндилар мураккаб келиб чиқишга эга. Уларга жигарранг ёки қизил рангли чуқурсувли (пелагик), карбонатсиз иллар киради. Улар 4000-6000 м чуқурликларда организмларнинг оҳакли колдиқлари эриб кетиши туфайли карбонатларга эга бўлмайди.
Қизил гилларнинг комплекс таркиби уларни алоҳида гуруҳга ажратишга имкон беради. Чуқурсувли қизил гиллар жуда секин, 1000 йилда 1 мм тезликда тўпланади.
Қизил гиллар Тинч океанининг абиссал ботиқликларида кенг (50 % яқин), Атлантика ва Ҳинд океанларида эса камроқ тарқалган.