15.3.2. Доимий оқар сувлар-дарёларнинг геологик иши
Ўзанлардан йил бўйи узлуксиз ҳаракатланадиган сув оқимига доимий оқар сувлар ёки дарёлар деб аталади. Дарёлар континентлар юзасининг рельефини ўзгартирувчи кенг кўламли денудацион ва аккумулятив ишларни бажаради. Улар муҳим халқ хўжалик аҳамиятига эга. Дарёларнинг сувлари ичимлик ва саноат суви таъминотида, экин майдонларини суғоришда, арзон электроэнергия ишлаб чиқаришда асосий манба саналади.
Дарёларнинг сув сарфи вақт давомида ўзгариб туради. У дарёларнинг тўйиниш турига ва иқлим хусусиятларига боғлиқ бўлади. Дарёлар ер юзаси ва ерости сувларидан тўйинади. Ҳар қандай дарё учун ҳам тўлиб оқиш ва саёзлашув характерли бўлади. Тўлиб оқиш вақтида сув миқдори 5-20 мартага ортиши мумкин.
Дарёларнинг геологик иши ва сув оқимининг кучини бобоколонимиз Беруний Амударё мисолида чуқур ўрганиб, кейинчалик Беруний қонуни деб аталган қонунни кашф этган. Бу қонун қуйидагича тавсифланади; «Дарёларда ташилаётган бўлакларнинг ўлчами шу дарёдаги сув оқимининг тезлигига тўғри пропорционалдир, формуласи қуйидагича: v = √15gd+6g мм/с. Бу жойда v - сув оқимининг тезлиги, d - чўкинди жинсларнинг диаметри, g – оқим тезлиги.
Дарёларнинг эрозия ишида чўкинди тоғ жинсларининг дифференциацияси жуда катта аҳамиятга эга. Материаллар дифференциацияси туфайли дарёларнинг юқори қисмида йирик бўлакли харсантошлар ва ғўлатошлар, ўрта қисмида гравий ва қумлар, қуйи қисмида эса яхши силлиқланган ва думалоқланган алеврит зарралари чўкмага ўтади. Материаллар дифференциацияси тоғ жинси бўлакларининг солиштирма оғирлигига қараб ҳам амалга ошиши мумкин. Дарёларнинг юқори оқимида солиштирма оғирлиги катта бўлган минераллар ва қуйи қисмларида солиштирма оғирлиги кичикроқ бўлган минераллар ва тоғ жинслари бўлаклари чўкмага ўтади.
Дарё оқимлари энергияси сувнинг массаси ва оқимининг тезлигига боғлиқ. Оқим тезлиги қанча катта ва суви кўп бўлса, у шунчалик кўп иш бажаради. Дарёнинг иши қуйидагилардан иборат бўлади:
- эрозия (ювиш);
-нураш ва эрозия жараёнида ҳосил бўлган бўлакли жинсларни ва эриган моддаларни ташиш;
- аккумуляция (тўплаш, ётқизиш)
Дарёнинг оқим кучи (К) ва ташилувчи юкнинг (L) нисбатига боғлиқ ҳолда юқорида қайд этилган дарёлар бажарадиган иш турларининг нисбати ўзгариб туради. Бунда уч хил вариант бўлиши мумкин:
K > L - эрозия устуворлик қилади. Бу кўтарилаётган ёш тоғ дарёларида кузатилади;
К + L - эрозия ва аккумуляция ўртасида мувозанат ўрнатилади;
3. K < L - аккумуляция устуворлик қилади.
Бу келтирилган нисбатлар бир дарёнинг турли қисмларида ва вақт давомида ўзгариб туради. Бу ер пўстининг ҳаракатлари, механик таъсирга бардошлилиги турлича бўлган жинсларнинг оқим бўйича алмашиниши, вақтинча оқар сувларнинг чиқарув конуслари билан ўзаннинг тўсиб қўйилиши ва бошқа омиллар билан боғлиқ бўлади.
Дастлабки босқичларда дарёнинг ривожланиши регрессив эрозия туфайли эрозия базисидан оқим бўйича баландга қараб боради.
Агар дарё оқими йўналиши бўйича қояли зиналар (остона) учраса, шаршаралар ҳосил бўлади.
Дарёдаги эрозион жараёнлар, уларнинг йўналганлиги ва нисбати дарё водийсининг ривожланиш босқичига боғлиқ. Улар ўзандаги туб жинсларни ювишдан иборат бўлган чуқурлатиш эрозияси ва водийни кенгайтиришга олиб келувчи ён эрозияга ажратилади.
Чуқурлатиш эрозияси. Дарё ривожланишининг бошланғич босқичларида чуқурлатиш эрозияси устувор бўлади. Бунда у эрозия базисига нисбатан мувозанатга келиш учун жадал суратда ўзининг ўзанини чуқурлатиб ювабошлайди. Эрозия базиси эрозия чуқуригини белгилайди. У асосий дарё ва унинг ирмоқларидан иборат бўлган бутун бир тизимни ривожлантиради.
Ён эрозия. Дарё водийларида чуқурлатиш эрозияси билан бир қаторда ён эрозия ҳам ривожланади. Дарё ривожланишининг дастлабки босқичларида унинг ҳиссаси жуда кам бўлади. Мувозанатлик профилининг шаклланиши давомида чуқурлатиш эрозияси сусайиб боради ва ён эрозия билан алмашади. Ён эрозия туфайли дарё ҳар иккала соҳилини ювиб, водийни кенгайтириб боради.