5.2. Билим иқтисодиётида интеллектуал салоҳиятнинг таҳлили
Таълим инсонни ривожлантиришнинг энг муҳим омили сифатида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва гуманитар муаммолар бутун мажмуасини ҳал этишга катта таъсир кўрсатиши исботланган. Улар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
● ҳар бир мамлакатда ҳозирги давр учун муносиб бўлган аҳоли турмуш даражаси ва турмуш сифатини таъминлаш;
● иш билан самарали бандликни таъминлаш;
● барқарор ривожланишни таъминлаш;
● ижтимоий тенгсизлик даражасини пасайтириш;
● фуқаролик жамияти таркибини мустаҳкамлаш;
● инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни самарали амалга ошириш;
● шахснинг имкониятларини тўла ва хар тарафлама амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратиш.
Халқаро ҳамжамият бугунги дунёда таълимнинг аҳамиятига муносиб баҳо берган ҳолда инсонни ривожлантиришда таълимнинг муносиб ролини таъминлашга қаратилган қатор стратегик дастурлар ишлаб чиқди ва уларни амалга ошириш чораларини кўрмоқда. Улардан бири – “Таълим – ҳамма учун” концепциясидир. Концепциянинг асосий принциплари 1990 йилда Жомтьен (Таиланд) ташкил этилган конференцияда баён этилди. Ушбу анжуманда “Таълим – ҳамма учун” умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда Инсон хуқуқлари умумжахон декларацияси ва Бола хуқуқлари тўғрисидаги конвенциядан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар эълон қилинди: “Ҳар бир бола, ёш ва катта ёшдаги шахс ўзининг туб таълим эҳтиёжларини, ушбу тушунчанинг энг юксак ва мукаммал маъносида, қондирадиган таълим олиш ҳуқуқига эгадир”. “Таълим – ҳамма учун” декларациясида таълим тизими ҳар бир инсон истеъдоди, салоҳиятини намоён қилишга кўмаклашиши, шахс ўз ҳаётини яхшилаши ва жамиятни ўзгартириш учун салоҳиятни ривожлантиришга рағбатлантириши зарур деб баён қилинди.
1996 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо мамлакатларнинг таълим вазирлари томонидан қабул қилинган “Таълим – бутун умр давомида” стратегияси “Таълим – ҳамма учун” концепциясига жуда яқиндир. Бутун умр давомида таълим олиш стратегияси умуман жамиятнинг, шунингдек алоҳида ҳар бир шахснинг турмуш тарзини шиддатли ўзгартирадиган ўтиш иқтисодиётига эга давлатлар учун алоҳида аҳамиятга эгадир.
“Таълим – бутун умр давомида” тушунчаси моҳиятининг ўзи инсон фақат мактаб ёшида эмас, балки бутун меҳнат фаолияти даврида таълим беришнинг ҳам расмий, ҳам норасмий тузилмаларида таълим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши кераклигини эътироф этишдир. Яъни “Таълим – бутун умр давомида” стратегияси инсон умрининг барча босқичларида турли шаклларда ва турли соҳаларда билим олиши зарурлигини назарда тутади.
Ҳозирги вақтда бутун жаҳонда одамлар ҳамма даврдагиларга қараганда юқори таълим даражасига эгалар. Буни таълимнинг жуда кўп индикаторлари тасдиқлаб турибди. Агар 1960 йилда жаҳонда 15 ёшдаги ва ундан катта ёшда бўлган ҳар бир одам таълим олишининг ўртача давомийлиги 4 йилдан камни ташкил этган бўлса, 2010 йилга келиб мазкур кўрсаткич глобал даражада икки баробарга, ривожланаётган мамлакатларда эса уч маротабага - 1,9 йилдан 6,4 йилга ортди.
1990 йилги Инсонни ривожлантириш тўғрисидаги биринчи маъруза эълон қилинган вақтдан буён таълим олишнинг ўртача давомийлиги икки йилга ортди, аҳолини таълим билан ялпи қамраб олиш эса 12,0 % га ортди, саводхонлик эса 57,0 % дан 85,0 % га кўтарилди.
Инсонни ривожлантириш индексида фойдаланиладиган таълимнинг ўртача индекси ҳам мазкур соҳада эришилган юқори натижалардан далолат беради .
Шу билан бир қаторда ушбу кўрсаткичлар аҳоли ҳамма қатламларини таълим билан қамраб олишдаги энг янги силжишларни ҳисобга олмаслиги мумкин. Мактабга бормайдиган одамлар, одатда, катта ёш гуруҳига мансубдир. Ривожланаётган мамлакатларда 65-74 ёшдаги одамларнинг 36,0 % умрида мактабга бормаган. Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, 15-24 ёш гуруҳидаги ёшлар учун ушбу кўрсаткич атиги 7,0 % ни ташкил этади.
Бугунги кунда жаҳонда ёшлар ўртасидаги саводхонлик маълумотлар мавжуд бўлган 104 мамлакатнинг 63 тасида 95,0 %, 35 мамлакатда эса 99,0 % ни ташкил этади.
Ривожланган давлатлар
Ривожланаётган давлатлар
Do'stlaringiz bilan baham: |