Пациентнинг эркинлигини ҳурмат қилиш принципи
Юқорида кўриб чиқилган икки принципдан фарқли ўларок, мазкур принцип биоэтикада сўнгги ўн йилликлар давомида, яъни беморнинг фойдаси ва манфаатларини аниқлашда врачнинг лаёқатлилигига шубха билдирилган даврда етакчи ўринга кўтарилди.
эркинлик тушунчаси этикадаги асосий тушунчалардан биридир. Зотан, том маънода эркин шахсгина эркин танлай олади ва фақат бундай танлаш имконияти мавжуд бўлган жойдагина масъулият ҳақида сўз юритиш ва ахлоққа оид тушунчаларни қўллаш мумкин. Ҳаракатни амалга ошираётган
шахс:
а) била туриб (фалсафа тили билан айтганда - интенционал тарзда), яъни
ўзининг маълум нияти, режасига кўра;
б) нима иш килаётганини тушунган холда;
в) ҳаракат жараёни ва натижасини белгилайдиган сиртдан таъсирларсиз ҳаракат қилган тақдирдагина мазкур ҳаракатни эркин деб ҳисоблаш мумкин. Биринчи шартга кўра, биз ўйламасдан амалга оширадиган, кўпинча реактив хусусиятга эга бўладиган ҳаракат (хатто унинг маъносини тушунган тақдиримизда ҳам) эркин ҳисобланмайди. Биринчи шартдан фарқли ўлароқ, иккинчи ёки учинчи шартни маълум даражада амалга ошириш мумкин. Агар доктор беморга бирон-бир жиддий жаррохлик операциясини таклиф қилса, бемор ўзининг эркин танлаш ҳуқуқидан фойдаланиш учун докторга маълум бўлган барча махсус билимларга эга бўлиши шарт эмас: у мазкур вазиятнинг барча тафсилотларини эмас, балки ишнинг мохиятини тушуниб етса бас. Бемор бу холда ўз яқинларига маслахат сўраб мурожаат этиши ва уларнинг фикри беморнинг якуний қарорига таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо у мазкур маслахатларни буйруқ деб эмас, балки қарор қабул қилиш учун қўшимча ахборот деб қабул қилса, беморнинг узил-кесил қарори эркин бўлади. Пировард натижада у таклифга рози бўлиши ёки уни рад этиши мумкин, аммо у докторнинг таклифига рози бўлган тақдирда ҳам, мохият эътибори билан, докторнинг ниятини ўзлаштиради, яъни уни ўзининг қарорига айлантиради. Шу тариқа эркин танлашнинг биринчи шарти бажарилади. қарор қабул қилишда бемор энг аввало докторнинг обрусига таяниши ҳам мумкин. Аммо бу вазиятда ҳам бемор қабул қилган қарор унинг ўз қарори, демак, эркин қарор бўлади.
Мазкур принцип эркинликни эътироф этиш билангина чекланмайди. У беморнинг эркинлигини ҳурмат қилишни, шу жумладан бемор қабул қилган қарор докторнинг қарашларидан қанчалик фарқ қилмасин, айнан у докторнинг кейинги ҳаракатларини белгилаши лозимлигини назарда тутади. Эркинликни ҳурмат қилиш принципи шахснинг эркинлиги ҳар қандай вазиятда ҳам энг олий қадриятдир деган қарашга таянади. Айни пайтда у мазкур қарашнинг муайян ифодасидир. Кантнинг деонтологик этикасига кўра, эркинликни ҳурмат қилиш ҳар бир инсон олий қадриятдир, бинобарин, у ўз тақдирини ўзи хал қилишга қодир, деган эътирофдан келиб чиқади. Кимки одамга факат ўз максадларига эришиш воситаси деб қараса ва бу одамнинг мақсадлари (хохиш-истаги, ниятлари, интилишлари)ни эътиборга олмаса, унинг эркини чеклайди. Инсоннинг эркини чеклаш эса унга эркинлик беришни рад этиш билан баробардир.
Бу муносабат билан Кант бугунги кунда инсоннинг жисмоний ва рухий борлигига тиббий аралашувларнинг ахлоқий ва юридик жиҳатларини тартибга солувчи деярли барча халқаро ва миллий ахлоқ кодекслари, декларациялар ва бошқа хужжатларнинг замирига сингдирилган қуйидаги фикрни илгари суради: «Ҳар бир шахс - қадриятдир ва унга ҳеч қачон бирон-бир вазифани, хатто умумхалқ манфаатлари билан боғлиқ вазифаларни ҳам амалга ошириш воситаси деб қарамаслик керак». Бу жуда кучли талабдир, зеро, унда алоҳида шахснинг манфаатлари бутун инсониятнинг манфаатлари билан баробар, хатто ундан ҳам мухимрок эканлиги ҳақида сўз юритилади. Бу фикр бир қадар баландпарвоз бўлиб туюлиши ҳам мумкин, аммо тарих алоҳида шахснинг манфаатларини умумхалқ манфаатлари йўлида қурбон
келтириш нафақат алоҳида одамлар, балки бутун жамиятнинг бошига қандай
кулфатлар келтирганлигини курсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |