Сўнувчи тормозланиш. Бу тормозланиш итда шартли рефлексдаги мустаҳкамловчи омил қўлланилмаганлиги туфайли келиб чиқади. Сўлак ажралиш рефлексларини ҳосил қилгандан кейин уни маҳкамлайдиган омилни (гўштни) бермаслик туфайли аста-секинлик билан сўлак ажралиш рефлексининг тормозланиши содир бўлади. Бу пайтда рефлекс таг-туби билан йўқолиб кетмайди, у сўнади ва тегишли шароит яратилганда, рефлексни қайта тиклаш мумкин. Қизиқарли дарс ўтадиган ўқитувчи дарсга тайёргарликсиз кела бошласа, болаларда қизиқиш йўқола боради. “Эсдан чиқиш” феноменининг асосида ҳам, кўпчилик физиологлар фикрича, сўнувчи тормозланиш жараёнлари ётади.
Дифференциялашган тормозланиш (фарқлаш). Одам учун тормозланишнинг бу хили айниқса катта аҳамиятга эга, чунки у ўқитиш ва тарбиялаш асосида ётади. Болада турли товушларни, сўзларни англаш, қариндошларни ажратиш ва, умуман, турли сигналларни фарқлаш билан боғлиқ бўлган фаолият дифференциялашган тормозланиш билан боғлиқдир.
Фарқлаш билан боғлиқ бўлган тормозланишнинг хиллари бола ва ўсмирларнинг ўқиш имкониятларини белгилайди. Итларнинг ҳар хил ҳидларни бир-биридан фарқлаши ушбу тормозланиш туфайли рўй беради. Ҳайвонларда эллипсни доирадан, учбурчакни тўртбурчакдан фарқлаш рефлексларини ҳосил қилиш мумкин.
Шартли тормоз. Бу тормозланиш моҳияти жиҳатдан дифференциялашган тормозланишга яқин. Бу рефлекс мустаҳкамланувчи таъсирга индиферент бўлган бошқа бир таъсирнинг қўшилиб кетиб, мустаҳкамланмаслигидан вужудга келади. Масалан, дарслар қизиқарсиз бўлиб, ҳеч қандай кўргазма қуролларсиз, бир хил қолипда ўтилса, ҳатто ўқишга қизиқадиган болаларда ҳам бундай дарсларга нисбатан қизиқиш сўнади.
Кечикувчи тормозланиш. Шартли таъсири шартсиз таъсир билан кечикиб мустаҳкамланиши натижасида келиб чиқадиган рефлексдир. Масалан, итга шартли сигнал (ёруғлик) ва уни мустаҳкамловчи сигнал (овқат) ўртасида 2-3 дақиқа вақт бўлганлигидан итнинг сўлак ажратиши айнан овқат бериладиган пайтга кечикканлиги туфайли ушбу тормозланиш содир бўлади. Ҳайвонлар ўлжага ҳужум қилиш олдидан узоқ вақт қимирламаслиги мумкин. Жамиятда ҳам шундай нарсани кўриш мумкин. Масалан, соат учга эълон қилинган мажлисга маърузачи 3.30 келса, биринчи сафар одамлар ўз вақтида келади. Аста секин улар мажлис бошланиши соат 3.00 деб ёзилишига қарамай мажлисга кеч қолиб келадиган бўлиб қолади. Бу пайтда шартли таъсирнинг самараси бош мия пўстлоғида кечикувчи тормозланиш вужудга келганлиги сабабли маълум бир муддатга орқага суралади.
Шартли тормозланишлар фаол жараён бўлиб, у чарчашга боғлиқ эмас. Тормозланиш жойи анализатор марказида, шартли ва шартсиз рефлекс марказларида, вақтинчалик алоқанинг бузилишидан вужудга келиши ва ахборотни берувчи биокимёвий дастурнинг ўзгаришига боғлиқ бўлиши мумкин.
8.4. Олий нерв фаолиятнинг болаларга хос бўлган нейродинамик типлари
Қўзғалиш ва тормозланиш – асосий нерв жараёнларидир. Бу жараёнларнинг бош мияда бир-бирига муносабати, бирининг ўрнини иккинчиси эгаллаши, уларнинг бир-бири билан алмашиниш тезлиги нерв жараёнларининг динамикаси дейилади.
И.П. Павлов ҳайвонлардаги кўп йиллик тажрибалар асосида шартли рефлектор фаолиятини кузатиб нерв фаолиятининг уйдаги нейродинамик типларини ажратди. Бундай ажратиш марказий нерв тизимидаги иккита жараён: қўзғалиш ва тормозланишларнинг хусусиятлари асосида бўлди. Нерв тизимидаги қўзғалиш ва тормозланиш ўртасидаги учта асосий белгилари: 1) қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг кучи; 2) қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг мувозанати; 3) қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг ҳаракатчанлиги олий нерв фаолияти типини шакллантиришида етакчи ролини ўйнади.
Қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг кучи нерв ҳужайраларининг иш қобилиятига боғлиқ. Кучсиз нерв жараёнлари кучли ва давомли нерв юкламаларга чидамли эмас. Бунда ҳужайраларнинг иш қобилияти юқори эмасдир. Кучли нерв ҳужайраларининг иш қобилияти жуда ҳам катта.
Қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг мувозанати уларнинг нисбати билан белгиланади. Баъзан иккала жараёнлардан биттаси (қўзғалиш ёки тормозланиш) устунроқ бўлади. Баъзан улар иккаласи мувозанатланган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |