Бадиий матнни таҳлил қилиш методологияси
Бадиий матннинг лисоний таҳлили курсининг методологияси диалектик тафаккур қонуниятларига асосланади. Методология сўзи юнон тилидан олинган бўлиб, metodos-йўл, усул ва logos-таълимот демакдир. Бошқача қилиб айтганда, инсоннинг назарий ва амалий фаолиятини тўғри уюштириш, ташкил этиш ҳақидаги таълимотдир. Диалектик тафаккур нарса ва ҳодисаларнинг моҳияти уларнинг бир-бири билан алоқадорлиги ва ривожланиши фалсафий қонунлар, тушунчалар (категориялар) тизими ёрдамида очиб беради. Диалектиканинг қонун ва тушунчалари воқеликдаги нарса ва ҳодисаларнинг энг умумий алоқасини акс эттириб, инсонда нарсаларнинг моҳиятига чуқур кириб бориш ва онгли таҳлил қилиш имкониятини яратади. Лекин мазкур қонуниятлар муайян бадиий асарга татбиқ қилинганида унинг хусусий томонларини ҳисобга олиш зарур. Шундан келиб чиқиб, бадиий матнни лисоний таҳлил қилиш жараёнида қуйидаги тамойилларга таяниб иш кўрилса мақсадга мувофиқ бўлади деган фикрдамиз:
1. Шакл ва мазмун бирлиги тамойили.
2. Макон ва замон бирлиги тамойили.
3.Хусусийликдан умумийликка ўтиш тамойили.
Таҳлил усуллари сифатида эса қуйидагилар эътироф этилади:
1.Лисоний табдил усули.
2.Матн вариантларини қиёслаш усули.
3.Луғатларга асосланиш усули.
4.Лисоний бирликлар индексини тузиш усули101
1.Шакл ва мазмун бирлиги тамойили
Борлиқдаги нарса ва ҳодисалар ўртасидаги алоқадорлик, боғланиш турларидан бири шакл ва мазмуннинг диалектикасидир. Шакл ва мазмуннинг диалектик бирлиги тушунчаси ҳар қандай матн учун зарурий хусусият ҳисобланади. Файласуфлар мазмунга «муайян нарса ва ҳодисаларни тавсифловчи ички элементлар ва ўзгаришларнинг мажмуи» деб баҳо берадилар. Шаклни эса «мазмунни ифодалаш усули, ташкил этувчиси» сифатида талқин қиладилар. Шакл ва мазмун бир-бири билан шундай боғланиб кетганки, бирида сезилган нуқсон иккинчисидаги бутунликка путур етказиши мумкин. Шакл ва мазмун мувофиқлиги бузилса, муаллифнинг нияти тўла намоён бўлмай қолиши турган гап. Бунда асосий эътиборни матн ва унинг жанр хусусияти ўртасидаги мувозанатга қаратган ҳолда, матндаги лисоний бирликларнинг матн табиатига мослиги масаласини ҳам диққат марказидан қочирмаслик керак. Масалан, қаҳрамон руҳиятидаги ғазабланиш ҳолатини ифодалашда сиқиқ жумлаларнинг ишлатилиши, дағал ва чет сўзларнинг қўлланиши кабилар ҳам мазкур тамойил асосида текширилиши мумкин. Ёки муаллиф нутқини кўздан кечирадиган бўлсак ижобий қаҳрамон тасвирида кўтаринки бир руҳ, ёрқин ранглар ва ёқимли ифода тарзини сезамиз. Сўзлар ҳам шунга мос танланади. Салбий қаҳрамон тасвирида эса бунинг тескарисини кузатамиз. Юз-ифода ёки феъл-атвор тасвирида тунд ранглар, безгин руҳ ва ёқимсиз ифода тарзи сезилиб туради. Инсоннинг феъл-атвори ва қиёфасида ҳам маълум маънода мувофиқликнинг бўлиши табиий ҳол. Ёзувчилар бадиий асар яратишда бу мувофиқликни янада бўрттириб, янада таъкидлаб ифодалашга ҳаракат қиладилар. Шу орқали асарнинг ишонарлилигини таъминлайди ҳамда китобхон муносабатини шакллантириб боради.
Мавзу билан танланган жанр ўртасидаги мослик шакл ва мазмун бирлиги тамойилининг асосий текшириш объектларидан ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |