Улуғбек ва унинг астрономия мактаби
Улуғбек 1394 йилнинг 22 мартида Амир Темурнинг Эрон ва яқин Осиё мамлакатларига қилган буюк «беш йиллик» юриши даврида Озарбайжоннинг Султония шаҳрида қолдирган уғруғида дунёга келди. Темур бу юришда кўпинча карвонни (уғруқни) хотинлари билан (узига йўлдош бўладиганларидан ташқари) Султонияда қолдирарди. 1393/1394 йиллардаги карвоннинг тўхтатишида, унинг 17 ёшли ўғли Шохруҳнинг хотини, чиғатой зодагони Ғиёсиддин тарханнинг қизи Гавҳаршод унга ўғил невара ҳадя қилади. Айни пайтда Темурнинг аскарлари Месопотомияда (Ироқда) жанг қилишарди. 17 апрелда эса Султониядан етиб келган чопар, Темурни набира билан табриклади. Бу хушхабар сабаб бўлиб, Темур Мардин шаҳри аҳлига шафқат қилди ва солиқ тўловидан озод қилди.
Астроном Г.Жалолов ўзининг «Шарқ адабиётидан ой календари» мақоласида Улуғбекнинг туғулиши тарихи баён қилинган қуйидаги маълумотларини келтиради. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий ўзининг «Зафарнома» асарида Улуғбекнинг туғулиши ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Тангри, жаҳон элларининг подшоси Шоҳруҳга ўғил ҳадя қилади. Янги чақалоқ буюк, ҳосилдор ва серсув диёрида дунёга келди; янги «меҳмон« бахтли юлдуз остида туҳилди».
Кейинроқ Шарафиддин Али Яздий Улуғбекнинг туғулишига бағишлаб, махсус боб ёзди, унда: "Улуғбек якшанба куни, хижрий 796 йил, жумадул-аввал ойининг 19 куни (куёш-хижрий тақвими) га кўра, ит йилининг фарвардин ойида Султония шаҳрида дунёга келди." Шундан сўнг қуйидаги мазмундаги 8 мисра шеър келтирилади: "Жаҳон султони Шоҳруҳга, худо, ой- юзли шахзодани совға қилди, Ой кутарилиб, ўзининг энг баланд нуқтасига эришгач, борлиқни Шарқда уфқдан кўтарилаётган Қуёш каби нурафшон этди. Билимдон мунажжимлар, туғулиш вақтини аниқлашга киришдилар ва бир вақтнинг ўзида эклиптикада ва горизонтда ётган нуқтанинг узунламасини, бошқача айтганда, туғулиш моментида чиқаётган биринчи уйнинг (горизонт устидаги осмоннинг ярим сфераси 15 даражадан қилиб 12 уйга бўлинади) узунламасини топдилар. Улар қолган уйларнинг ва сайёралар ўринларининг узунламаларини ҳам аниқладилар. Олинган маълумотлар асосида ажойиб бир қалам ёрдамида, оппоқ қоғозга (туғулиш моментида) чиқаётган нуқтага мос шоҳона гороскоп (тоъле) чиздилар".
Ёшлик йилларида Улуғбекнинг турли соҳалар бўйича билимлари, савияси ва дунёқарашининг шаклланишида, шубҳасиз, унинг уғруқ билан турли мамлакатларга саёҳати, ўша даврнинг билимдон ва маданиятли аёнлари билан узлуксиз мулоқотда бўлиши, бобоси ҳузурида турли дипломатик учрашувларда иштирок этиши катта роль ўйнаган.
Улуғбек Афлотун, Аристотель, Гиппарх, Ариабхата каби Юнонистон. Миср ва Ҳиндистон алломаларининг ва шарқ донишмандларидан, ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, ал-Баттоний, Абул Вафо ал-Бузжоний, Абу Наср ибн Ироқ, ал-Фаробий, ал-Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Маҳмуд ал-Чағминий ҳамда Насриддин Тусий каби олимларнинг илмий меросларидан кенг фойдалангани унинг сўнгги йиллар илмий фаолиятидан яхши кўринади. Улуғбекннг турли фанлар бўйича билимининг шаклланишида Амир Темир даврида саройга ишга таклиф этилган кўплаб форсий математикларнинг зиёли ва олимларининг таъсири кучли бўлганини тасдиқловчи анчагина далиллар мавжуд.
Улуғбекнинг математика ва астрономия соҳасидаги биринчи ўқитувчиси Салоҳиддин Мусо ибн Маҳмуд Қозизода Румий бўлгани тарихий манбалардан, жумладан, В.Бартольднинг асарларидан маълум.
Улуғбекнинг тиббиёт фанларига, айниқса, астрономияга қизиқишида, сарой мунажжимлари Мавлоно Аҳмаднинг ҳам хизмати катта, деб тахмин қилади Ғ.Жалолов.
Бироқ шуларга қарамай, олимлар Улуғбекнинг илму нужум билан бевосита мустақил шуғулланиши, юқорида эслатганидек, унга амир Шоҳмаликнинг отакалик қилган давридан сўнг, яъни мамлакатни бошқаришга мустақил киришишганидан кейин бошланган деб хулоса қиладилар.
Самарқанд расадхонасининг бош "телескопи"- секстантнинг довруғи Темурийлар мамлакати худудидан чиқиб дунёга таралди. Археолог В.Л.Вяткин томонидан топилган расадхона қолдиқларини 1908 йилда ўрганиш бир-биридан 51 см узоқликда жойлашган катта айлана ёйи расадхонанинг бош инструменти-секстант эканлигини маълум қилди. Ёй бўйлаб жойлашган мармар плиталарга ўйиб ёзилган сонлар эса, кузатилаётган ёриткичларнинг баландликларини ўлчаш имконини берадиган даражаланган шкала эканлиги аниқланди. Кейинги тадқиқотлар ушбу меридиан ёйининг радиуси 40,2 м бўлганлигини тасдиқлади. Секстант ёйидаги ингичка ўйиқ чизиқлар билан белгиланган штрихлар ораси 70,2 см дан бўлиб у 1 градусга тўғри келади. 1 минутга тўгри келадиган секстант ёйи эса 11,7 мм ни ташкил қилади. Бош телескоп ёйининг узунлиги салкам 50 м га тенг. Унинг жанубий томонида жойлашган диоптр (туйнук) нинг ер сиртидан кўтарилган учи 28 м гача боради. В.Л.Вяткин қазилмалари, бу улкан асбобнинг қолдиғи (Кояга ўйилган чуқурликдаги қисми) жанубий томонда ер сатҳидан 11 м чуқурликкача бориши аниқлади. Ёйнинг остки четидп 90 градусли белги бўлиб, ундан ер сатхигача 45 см градусли ёйни ташкил қилади. Ер сатҳидан бироз пастда ёй узилган жойда 57 градусли ёй белгиси туширилган ёй белгиси топилди. Бироқ шуниси қизиқки топилган мармар плиталарда абжад хҳисобида ёй градусларининг белгилари 57 градусдан 80 градусга қадар сонлар ҳарфий белгилар айланачалар ичида келтирилган бўлиб, ёй минути ва секунди белгиларини акс эттирган мис ҳалқани кийдириш учун мармар четида ариқча ҳам мавжуд бўлгани ҳолда 80 градусдан 90 градусгача бўлган 10 даражали ёйда минут ва секунд ёйлари акс эттирилган мис пластинкалари учун ариқчалар йўқ. мазкур асбобнинг ер сатҳидан устки қисмидаги ёй узунлиги қандай узунликда бўлганлигиҳамон муаммо бўлиб, М.Е.Массоннинг ёзишича ёйнинг бу қисмига тегишли 19 ва 20 дан 21 гача ҳарфий белгилар битилган плиталар топилган. Ҳощирга қадар 27 градусдан 57 градусгача сонлар битилган плиталар топилганича йўқ. 19 градусдан сўнг 0 градусгача хусусида шуни айтиш мумкинки, асбоб ёйининг бу қисми аниқ бўлганлигини тасдиқловчи бирор далил топилганича йўқ.
Самарқанд шароитида осмон экваторининг горизонтга оғмалиги 50 градус атрофида. Қуёшнинг кўринма йўли текислигининг осмон экваторига оғмалиги 23 градус 26 минут бўлганидан Самарқандда Қуёшнинг баландлиги йил давомида 26,5 градусдан 73,5 градусга қадар (туш пайтида) ўзгаради. Ой орбитаси текислигининг эклиптикага оғмалиги 5 градус 9 минутлигини этиборга олсак Самарқандда Ойнинг баландлиги 21,5 градусдан 78,5 градусгача (кульминациясида) ўзгариши маълум бўлади.
Сайёралардан Уторуд (Меркурий) орбитаси текислигининг эклиптика текислигига оғмалиги 7 градусни ташкил қилади. Бинобарин Самарқанд осмонида унинг баландлиги 19,5 градусдан 80,5 градусгача ўзгаради. Бундан кўринадики Самарқанд осмонида Қуёш, Ой ва бошқа сайёраларни кузатиш учун секстант ёйининг 19 градусдан 0 градусгача қисмининг бўлишига зарурат йўқ экан.
Улуғбек расадхонаси бош инструменти ёйининг даражаланган, яъни 19 градусдан 80 градусгача бўлган ишчи қисми айлана узунлигининг тахминан 6 дан 1 қисми эканлигини эътиборга олиб уни секстант бўлган дейиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |