Тадқиқотлар ва ишланмалар босқичи. Товарнинг ҳаёти унинг маҳсулот сифатида туғилишдан анча оддин — ғоялар, ишланмалар кўринишида бошланади. Бу босқичда маркетинг роли товарни яратиш жараёнига ғоядан бошлаб унинг маҳсулотда намоён бўлишигача ҳамроҳ бўлишидан иборат. Бунинг учун маркетинг ёрдамида истеъмолчи мазкур маҳсулотга муҳтожлиги, потенциал истеъмолчилар кимлар, ғояни амалга оширишда қандай бозорни мўлжаллаш мумкинлиги ўрганилади. Агар жавоб ижобий бўлса, ғояни эскиз лойиҳасига тадбиқ этишга киришадилар. Корхона учун товарни яратишнинг мазкур босқичи — бу фақат харажатлар ва келажақда кутиладиган даромадлардир. Маркетинг вазифаси потенциал истеъмолчиларга яратилган товарда мужассам бўладиган янги ғоя уларга қандай фойда келтиришини тушунтиришдан иборат.
Бозорга чиқиш босқичи. Бу ерда сотишнинг аста-секин ўсиш жараёни кузатилади, бунда товарни чиқариш харажатларининг кўплиги туфайли фойда ҳали ҳосил бўлмайди ва тижорат фаолияти зарарли бўлади, фақатгина шу босқичнинг охирига келиб фойда олиш мумкин. Маркетинг мақсади бунда аниқ — янги товар учун бозорни яратиш (айниқса, агар бу принципиал янги товар ва унга бўлган эҳтиёж ҳали бозорда намоён бўлмаган бўлса). Бу босқичда рақобатчилар умуман йўқ ёки улар жуда кам. Бу товарнинг истеъмолчилари деярли фақат новаторлар, шунинг учун дастлаб реклама уларга мўлжалланган бўлиши керак. Янги маҳсулотнинг модификацияларига зарурият йўқ. Агар товар ва бозор сегменти обрўга эга бўлса, нарх жуда юқори бўлиши мумкин. Асосий вазифа бирламчи талабни тез шакллантириш ва потенциал харидорларни ҳақиқий харидорларга айлантиришдан иборат. Рағбатлантириш усуллари қўлланади (бепул намуналар, оммавий намойиш ва ҳоказо), реклама олиб борилади, тақсимлашнинг ишончли каналлари шакллантирилади ва ҳоказо
Ўсиш босқичи. Бу ердаги маркетинг қарорлари кенгайиб борувчи талаб шароитида бозорни қамраб олиш даражасига мўлжалланади. Бозорга кейинги кириб бориш сифатни яхшилаш ва товар ассортиментини кенгайтириш, сотишни интенсивлаш, буюртмалар бажарилишининг назоратини кўчайтириш, устун сегментларни танлаш ва ҳоказо билан боғлиқ. Амалда янги товарни такроран харид қилаётган фаол харидорларга кўп сонли бошқа харидорлар қўшиладилар. Технологияни такомиллаштириш жараёнида товарнинг юқори сифати барқарор бўлади. Нарх ё юқори бўлиб қолади, ё ўсиб боради. Бозордаги талаб кучаяди. Корхона анча фойда олишга киришади, бу фойда ўсиб боради ва ушбу босқичнинг охирига келиб максимумга етади. Корхона бу босқичнинг кўпроқ давом этишидан манфаатдор, шунинг учун ҳамма ҳаракатларни сотиш ҳажмининг ўсишига қаратиш керак. Бунинг учун қўйидагилар зарур: товар сифатини ошириш, бозорнинг янги сегментларини ўзлаштириш, мазкур товарни сотишнинг қамраб олинмаган каналларини топиш, истеъмолчини реклама қилинаётган товарлар хусусиятларининг афзаллиги ҳақида ишонтиришни давом эттириб рекламанинг фаоллигини ошириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |