Диний таълим тизими. Мусулмон дунёсида диний таълимнинг ташкил
этилмаган шакли асосий бўлиб, унда устоз-шогирд биноми муҳим роль
ўйнайди. Мактаб-мадраса тизими вужудга келишида меценатлик (ҳомийлик)
ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилди. Давлатнинг ёки шаҳар бойларининг
ҳомийлиги бу тизим битирувчиларига ўзига хос ижтимоий буюртма
вазифасини ўтар эди. Аввалига ижтимоий вазифа ҳисобланган ўқув жараёнини
ташкил этиш устидан назорат қилувчи шайх ал-ислом мансаби ҳам кўп ўтмай
давлат эътиборини ўзига қаратди. Натижада диний таълим тизимини ташкил
этиш жамият ҳаётида стратегик омиллардан бирига айланди. Ким бу жабҳа
устидан назорат ўрнатиб, уни бошқара олса, у жамият ривожланиши
йўналишларини белгилай бошлади.
Ўрта Осиёдаги диний таълим тизими мазмунан икки даврга бўлиниши
мумкин: 1) Мўғуллар истилосидан аввалги давр; 2) Мўғуллар истилосидан
кейинги давр. Бу икки давр дарсликлар рўйхати, таълимнинг мақсади, ундаги
ўқитиш даражаларига қараб бир-биридан анча фарқ қилади. Темурий Шоҳрух
(1405-1447) даврида иккинчи давр янги диний таълим тизимининг тамал тоши
қўйилди. Мазкур тизим, баъзи кичик тафсилотларни ҳисобга олмаганда, то XX
аср бошларигача ўзгармай келди. Унинг негизини Мовароуннаҳр ва Ҳуросон
уламолари яратган асар-дарсликлар қурди. Бу ерда Мотуридия-Ашъария
каломи қоришмаси, ҳанафий фиқҳи, аҳл ал-ҳадис тўпламлари, араб
филологияси, мантиқ бўйича дарсликлар асосий ўринда турар эди.
Ислоҳотлар. Европа маданиятининг XIX аср ўрталарида Ўрта Осиёга
кириб келиши жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, шу жумладан, дин
соҳасида ҳам ислоҳотларнинг бошланиб кетишига туртки бўлди. Усул-и жадид
тарафдорлари диний таълим тизимини тубдан ўзгартириш жамиятни ислоҳ
қилишда ҳал қилувчи омил бўла олади деб ҳисобладилар. Усул-и қадим
тарафдорлари эса анъаначилик мавқеини эгалладилар. Диний таълим
ислоҳчиларидан коммунистлар даражасигача бўлган йўлни босиб ўтган
жадидчилар дунёвий таълим тизимини яратишни диний таълим тизимини
батамом йўқ қилиш орқали амалга ошириш амалиётини маъқулладилар. Бу эса
ўша пайтда олиб борилган секуляризм (ҳаётнинг барча жабҳаларини дин
таъсиридан батамом тозалаш) сиёсатига мос келарди. Натижада ислоҳчилик
ҳаракати дин ва дин пешволарини таъқиб этиш сиёсатига айланиб кетди.
Қатағон йилларида уч карра олиб борилган «катта тозалаш»лар («чистка» –
1927, 1936-37, 1949 йиллар) оқибатида маънавият ва маърифатга талафотлар
етказилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |