Дуалистик динларнинг энг йириги бўлган монийликка Сурайк ибн Фатак (216 – 276) томонидан асос солинган. Унинг арабийлаштирилган тўлиқ номи X-аср араб манбаларида Моний – Сурайк ибн Фатак шаклида зикр қилинган. Ушбу дин қадимги Бобил динлари, яҳудийлик, христианлик, буддавийлик ва зардуштийликнинг диний таълимотлари асосида вужудга келган. Ўз даврида Монийлик Ғарбда Римгача, Шарқда Хитой ва Ҳиндистонгача бўлган ҳудудда кенг ёйилган ва юқори нуфузга эга бўлган.
II - III асрларда Форс давлати Зардуштийлик динининг кучли босими остида эди. Шундай бўлсада, Моний христиан – яҳудий таълимотлари асосида улғайган. Унинг ота-онаси (Фатак ва Марям) асли Парфия саркардалари авлодларидан бўлган. Монийнинг ёшлиги гностиклар (илк христианликда худо ва дунёнинг яратилиши ҳақидаги таълимотни яратишга уринган диний - фалсафий оқим) ибодатхонасида ўтган ва 12 ёшга тўлганида ўзига илоҳий хабар (ваҳий) келганини маълум қилган. Ўзига хабар берган илоҳнинг номини Моний яъни “икки моҳият (Нур ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик) руҳи” деб атаган. Шунга кўра, унинг таълимотини иккихудолик ғояси (гностик дуализм)га асосланган деб айтилади. Шундан сўнг унга Моний – “Руҳ” лақаби берилган.
241-йил Моний 24 ёшга етганда унга ўз илоҳидан яна ваҳий келган ва ниҳоят ўз таълимотини очиқ ва баралла тарғиб қилиш вақти етганини билдирган. Шундан сўнг Моний янги динга асос солишга қарор қилган ва ўзининг диний тарғибот ишларини бошлаган. 242 йилда Форс давлати шоҳи Шопур I нинг тахтга ўтириш ва тож кийиш маросими пайтида Моний биринчи марта ўз таълимотини оммавий баён этиб, ваъз айтган. Шундан сўнг Моний Шопур I нинг вафотига қадар (273 йил) мамлакатда ўзининг диний тарғиботини олиб борди. У ўзини шу диннинг асосчиси ва пайғамбари деб билган ва бутун Форс давлати, Ҳиндистон, Олд ва Ўрта Осиё бўйлаб сафарлар уюштирган. У ўз сафарлари давомида зардуштийлик, ҳиндуийлик, яҳудийлик, буддавийлик ва христианлик динлари фаоллари билан мулоқотлар уюштирган ҳамда уларнинг таълимоти, ибодатхоналарининг фаолияти ва тарғибот услубларини ўрганиб, ўз таълимотининг тарғибот - ташвиқот ишларида фойдаланган. Шундай бўлсада Моний, ўз фаолиятини қатл қилингунга қадар Форс мамлакати ҳудудидагина амалга оширган.
Моний ўзини Зардушт, Ситхарта Гаутама (Будда) ва Исо Масиҳларнинг издоши деб билади. Шунга асосланиб Монийликни, синкретик (қоришиқ) характерга эга дейилади.
Аммо айрим маълумотларда Моний ўзининг илк тарғиботини айнан Месопатамияда эмас, балки Ҳиндистоннинг шимолий-шарқий қисмларида бошлагани айтилади. Чунки Моний, у ерда жаҳон динларидан бири бўлган буддавийлик таълимотини ўрганиш билан бир пайтда, ўзнинг тарғиботчилик ишларини ҳам бошлаб юборган эди, дейилади.
275 йилда мамлакатда юқори нуфузга эга бўлган Маглар (зардуштийлик руҳонийлари)нинг қистови билан Форс давлатининг янги шоҳи Баҳром I Монийни зиндонга ташлашга фармон берган ва 276 йилда катл эттирган. Шундан сўнг Моний издошларининг баъзилари қийноқларга маҳкум этилган айримлари мамлакатдан бадарға қилинган. Аксарият қисми эса ғарбда Рим империяси, шарқда эса Ҳитой, Уйғуристон ҳамда уларнинг атрофидаги давлатларда паноҳ топиб, монийлик таълимотини ривожлантирганлар .
Монийнинг таълимотида Нур ва Зулмат ўртасидаги азалий кураш асосий ўринни эгаллайди. Унинг мазмун-моҳияти эса, Нурнинг Зулмат устидан ғалаба қозонишига ишонишдир. Монийлик маҳаллий динлар — зардуштийлик, буддавийлик ва христианлик хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган. Моний ўзини аввалги динларнинг “тўғирловчи пайғамбари” деб эълон қилган. У христианликдан мессионизм ва “Масиҳ” эътиқодини ўзлаштирган.
Борлиқнинг 2 субстанция асоси — ёруғлик, яхшилик ва руҳ олами билан зулмат, ёвузлик ва моддият оламининг ўзаро курашини эътироф этувчи зардуштийлик дуализми монийликнинг асосини ташкил этади.Уларнинг эътиқодича, биринчи оламда Нур (Худо), иккинчисида — Зулмат (Шайтон) хукмронлик қилади. Инсон икки унсурдан – Нур фарзанди бўлган руҳ ва Зулмат фарзанди ҳисобланмиш жисмдан иборат мавжудотдир. Шунинг учун инсон Зулмат кучларига қарши курашда Нур кучларига ёрдам бериши лозим деб қаралади.Ушбу икки олам ўртасидаги кураш фалокат билан тугайди, натижада моддият ҳалокатга учраб, руҳ ғалаба қозонади.
Монийлик таълимотига кўра, бу дунё ёвузлик дунёси деб қаралган ва пацифизм (урушмаслик) ҳамда мол-дунё йиғмаслик муҳим ўрин тутган.
Монийлик ўз эътиқод қилувчиларидан мол-мулкларидан 1/10 ҳисса хайри-садақа беришни, бир кеча кундузда тўрт маҳал ибодат қилишни, ёлғончилик, қотиллик, ўғрилик, зино, бахиллик, сеҳргарлик ва унга ишонишни, бутпарастлик каби амаллардан узоқ юриш талаб қилган.
Монийлик ўз даврида аҳолининг қуйи табақа вакиллари орасида кенг тарқалган. Бунга сабаб улар Зулмат оламини зодагонларнинг зулмлари қиёфасида тасаввур қилганлар ва бундан халос бўлиш учун Нурга ибодат қилганлар. Бу билан Нурнинг ғалабасига ҳар ким ўз ҳиссасини қўшмоқда деб ишонганлар.
Моний Исо Масиҳни пайғамбар эканини тан олсада, Мусонинг пайғамбар эканини инкор қилган. Ўзини эса Юҳанно инжилида башорат қилинган Исо Масиҳдан кейин келувчи “Параклит” (Фраклит) исмли пайғамбар деб даъво қилган.
Монийлик 763-840 йиллар давомида Турк-уйғур давлатининг расмий дини бўлган. Ўз юртларидан қувилган монийлар, Кичик Осиёнинг чекка ҳудудларига яширинишга мажбур бўлишган. Монийлик умумийлаштирувчи дин бўлгани сабабли тўғридан тўғри “пайғамбар”нинг ёзма буйруқларига асосланади. Унинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган.
Монийлик таълимоти у томонидан тузилган “Шопуркан”, “Тирик Ҳушхабарчи” (Моний ва унинг таълимоти ҳақида), “Прагматая” (сирлар китоби), “Кефалая” (Боблар) каби китобларда асослаб берилган ва айримлари рус тилига таржима қилинган.
Монийликдан бугунги кунга қадар биргина Хитойнинг Фуцзянь вилояти Цюаньчжоу туманида жойлашган монийлик ибодатхонасигина сақланиб қолган. Бу дин қанчалик енгилликка ва оддийликка асосланган бўлсада, тарихнинг мураккаб синовларига бардош бера олмади. Натижада у дин сифатида унутилди. Ундан эса, йирик тадқиқотлар учун маълумотларгина қолган холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |