Aim.Uz
Мантиқ илми ва тил
Режа:
1. Тил-ахборот белгилари системаси.
2. Табиий ва сунъий тиллар, уларнинг ўзаро алоқаси.
3. Тилнинг семантик категориялари.
1. Тил тафаккур билан узвий боғланган, фикримизнинг бевосита мавжуд бўлишини таъминлайдиган ва кишилар ўртасида алоқа ўрнатишга хизмат қиладиган ахборот белгилари системасидан иборат. Тилни ўрганиш мантиқ фанининг мухим вазифаларидан бирини ташкил этади. Маълумки, тафаккур оламни мавхумлаштириб ва умумлаштириб акс эттирадиган идеал ходисадир. Мавхум нарсаларни, умумийликни фақат тил ёрдамидагина қайд қилиш мумкин.
Тил ва тафаккурнинг бирлиги нутқда ўз ифодасини топади. Нутқ оғзаки ва ёзма холда мавжуд бўлиб, унда фикримиз моддий шаклга, яъни хиссий идрок этиладиган шаклга киради ва шу тариқа у энди бир шахсга эмас, балки жамиятга тегишли бўлиб қолади.
Тил кишиларнинг ижтимоий мехнат фаолияти негизида вужудга келган ва ривожлана борган. Ана шунинг учун хам у чуқур ижтимоий мазмунга эга хамда маданиятимиз ва тарихимизнинг мухим бир қисмини ташкил этади.
Тил ёрдамида билимлар хосил қилинади, тўпланади ва бир авлоддан бошқа авлодга етказиб берилади. Шу тариқа у таълим ва тарбия ишларини амалга оширишга, маданиятимизни тараққий эттиришга ёрдам беради.
Белги билиш жараёнида бошқа бир предметнинг вакили вазифасини бажарувчи хамда у хақда маълум бир хабарлар бериш, уни сақлаш, қайта ишлаш ва узатишга имконият яратувчи моддий предметдир. хар қандай белги хам тил белгиси бўла олмайди. Тилга алоқаси бўлмаган белгилар қаторига нусха-белгилар (масалан, фотография карточкаси, бармоқ изи ва шу кабилар), индекс-белгилар ёки кўрсатувчи белгилар (масалан, бадан хароратининг кўтарилиши – касаллик белгиси, тутун – оловнинг белгиси ва шу кабилар) киради.
Тил белгиси символ-рамзлар шаклида мавжуд бўлиб, ўзи ифода қиладиган предметлар билан тузилишига кўра хеч қандай ўхшашликка эга эмас. Мантиқ ўз эътиборини ана шундай тил белгиларини ўрганишга қаратади.
Тил белгилари ўз маъносига ва мазмунига эга. Тил белгисининг мазмунини у ифода қилаётган, кўрсатаётган объект ташкил этади. Масалан, «аудитория» сўзи реал мавжуд объектни - аудиторияни акс эттирувчи фикр мазмунини ифода этади. Тил белгисининг маъносини эса у ифода қилаётган объектнинг характеристикаси (тавсифи) ташкил этади. Масалан, «Аудитория» сўзининг маъносини « Машғулот ўтказиш учун мўлжалланган хона», «Махсус жихозланган хона» ва шу каби эканлиги хақидаги ахборотлар ташкил этади.
Белгиларнинг билишдаги вазифасини ўрганишга Аристотель, Лейбниц каби мутафаккирлар катта эътибор берганлар. Белгилар хақидаги таълимотни тараққий эттириш XIX асрда актуал масалага айланган. Мана шу даврда америкалик файласуф Чарлъз Пирс (1839-1914) белгилар хақидаги фан-семиотикага асос солган. Бу фан тил белгисини уч хил йўналиш бўйича анализ қилади. Биринчисини семантика ташкил қилиб, у белги билан у ифода қилаётган объект ўртасидаги муносабатни ўрганади. Иккинчиси прагматика бўлиб, у кишиларнинг белгиларга муносабатини хамда белгилар ёрдамида кишилар ўртасида вужудга келадиган муносабатларни ўрганади. Учинчиси, синтаксис дейилиб, у белгилар ўртасидаги муносабатларни (тилни қуриш қоидаларини) ўрганади. Мантиқ фанини кўпроқ тил белгиларининг семантикаси қизиқтиради.
2. Тилнинг иккита тури мавжуд. Улар табиий ва сунъий тиллардир. Табиий ёки миллий тиллар тарихан шаклланган товушлар (нутқ) ва графика (ёзув) нинг ахборот белгилари системасидан иборат. Табиий тилнинг алохида олинган хар қандай белгиси ўз холича хеч нарсани ифода қилмайди. Бу белгилар инсон амалий фаолияти ва тафаккури тараққиётининг негизида вужудга келган тил системасига киргандагина маълум бир маъно ва мазмун касб этувчи белгиларга айланади.
Табиий тил объектив оламнинг ва билишнинг турли хил сохаларига тегишли бўлган предметлар, ходисалар хамда уларнинг хоссалари ва муносабатларини қамраб олиш ва ифода қилишдек катта имкониятга эга. У семантик жихатдан ёпиқ система хисобланади. Бошқача айтганда, табиий тил бошқа тилларга мурожаат қилмаган холда, мустақил равишда ўзини қуриши ва ифода қилиши мумкин.
Шунинг билан бир қаторда, табиий тилдан фойдаланиш билиш жараёнида айрим қийинчиликларни хам келтириб чиқаради. Улар қуйидагилар билан боғлиқ: 1) табиий тилдаги сўзларнинг маъноси вақт ўтиши билан ўзгариб туради; 2) табиий тилда бир сўз бир қанча тушунчани ифода қилиши (омонимлар) ёки бир тушунча бир қанча сўзларда ифода қилиниши (синонимлар) мумкин; 3) табиий тилдаги баъзи сўзлар ёрдамида ифода қилинган фикр аниқ маънога эга бўлмай қолади (масалан, «Карим чет тилини яхши билмайди» деган фикрда Каримнинг кимга нисбатан ёки қандай вазифани бажаришга нисбатан чет тилини яхши билмаслиги кўрсатилмаган). Табиий тилдаги мана шу каби ходисалардан холи бўлиш учун илмий билишда атамалардан (терминлардан) фойдаланилади. Атама ўзининг қатъий ва аниқ маъносига эга бўлган сўз бўлиб, бу маъно дефиниция (таъриф) ёрдамида кўрсатилади. Шунингдек, табиий тилда аниқликка сунъий тилдан фойдаланиш йўли билан хам эришилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |