Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 26 март куни имзоланган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарорига асосан Республикамиздаги ўн мингдан ортиқ умумтаълим мактабларига шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар, журналистлар ва ижодкорлар, она тили ва адабиёт ўқитувчиларидан иборат зиёлилар Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида қамраб олинди. Улар мактаб ўқувчилари орасида ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш, ижодий маҳорат сабоқларини олиб бориш, ижодий танловлар ташкил қилиш, китобхонликни тарғиб этиш, таниқли ижодкорлар билан учрашувлар ўтказиш билан шуғулланадилар.
Бунинг натижаси сифатида ўқувчиларда ижодкорлик қобилиятларининг ривожланиши, уларни кенг миқёсда турли танловларда иштироки ва муваффақиятларига эришиш, оммавий ахборот воситаларида уларнинг фаол бўлиши, ёшларни турли тўгаракларга жалб қилиш, ўқувчиларнинг олий таълим муассасалари ёки ижод мактабларига кириши сингари кўрсатгичлар намоён бўлади.
Тупроққалъа туманида ўтказилган ўқув-семинарида иштирок қилган 6-сон умумий ўрта таълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Нурманова Мунаввара ўз фикралрини қуйидагича ифодалади: “Ижод ва санъат соҳаси алоҳида эътибор ва ғамхўрлик талаб қилинадиган соҳа саналади. Айниқса, ёшларнинг адабиёт оламига илк қадамларини қўйишда уларга тўғри йўлни кўрсатиш, уларнинг Шарқ адабиётининг улкан хазинаси ёки замонавий адабиётнинг тушуниксиз олами билан таништириш эртага халқимиз орасидан етук ижодкорларнинг, ҳассос шоирларнинг, улуғвор адибларнинг етишиб чиқишига хизмат қилади. Мен ўзим фаолиятимни олиб бораётган 6-сон умумтаълим мактабида ҳам иқтидорли ўқувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Келгуси фаолиятимда ана шу ўқувчиларга Навоий ва Огаҳий ижодий оламининг мураккаб қирраларини тушунтириш орқали уларда бадииятнинг ўсишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман”.
Жумладан, эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлашни йўл қўйиш зарур.
Мана оз фурсатлар ичида мактабимиз ўқувчилари учун “Адабиёт бурчаги” ташкил қилинди, кейинчалик, бу мактабимиз ҳаётини ўзида акс эттирувчи мактаб газетасига айланса, ажаб эмас.
Ўтган асрда яшаб ижод этган жадид боболаримизни бир эсланг, улар ўзлари янги мактаблар очиб, унда болаларга таълим беришган. Ўзлари дарсликлар ва бадиий асарлар ёзишган. Зотан, бугунги кун мактабларига жалб қилинган шоиру ёзувчилар қадамларида биз жадид боболаримиз – Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Беҳбудий, Фитрат ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийларнинг шижоатини кўрмоқ истаймиз. Аслида айни пайтда ижодкор ва халқ орасидаги узуқларни улаш учун ҳам бу муҳим қадамдир. Эҳтимол, ёзувчиларимизнинг шоҳ асарлари мактабларда ёзилиб бошланар.
Масаланинг иккинчи томони эса ҳар қандай даврда ҳам баъзи шоир – ёзувчиларнинг машҳур Адабиёт тўгараклари иш юритган. Ва бу тўгараклар ҳар доим ўз самарасини бериб келган. Шу маънода ижодкор ва ўқувчи ўртасидаги янги кўприкнинг қурилиши Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятига айланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |