2-МАВЗУ.
Режа:
1. Миллий маънавият ва унинг хусусиятлари.
2. Умуминсоний маънавият ва унинг заминлари.
3. Бозор муносабатлари шароитида миллатлараро маданий-маънавий муносабатларнинг кенгайиши ва чуқурлашуви.
1. Миллий маънавият ва унинг хусусиятлари. Миллий маънавият ҳақида фикр юритар эканмиз, бу тушунчани билиб олишни «миллат» тушунчасини изоҳлашдан бошлаш мақсадга мувофиқ.
«Миллат» сўзи «ўзак», «туб моҳият», «негиз» деган маънони билдиради. «Миллат» сўзи араб тилида қуйидаги уч маънони англатади: биринчи - дин, мазҳаб; иккинчи - уммат; учинчи - халқ, қавм. Миллат сўзи қуръони Каримда ҳам қўлланилган. Қуръонда ҳар бир миллат вакили ўз миллий қадриятларини ривожлантириши савобли иш, ўз миллатидан, қавмидан кечиб, бошқа миллатга ўтиб олиши эса гуноҳ деб таърифланган.
Европа адабиётида қўлланиладиган «нация» сўзи эса қабила, халқ деган маънони билдиради.
Бинобарин, бу икки тушунчада ҳам асосан муайян этник бирликларнинг ўзига хослигини билдирувчи маъно ётади.
Олдинги маърузаларда таъкидланганидек, инсонлар, жамият ривожланиб борган сари маънавий муносабат, алоқалар ривожланиб бораверади ва улар жамият тараққиётида катта роль ўйнаб келган.
Маънавиятни уч гуруҳга бўлиш мумкин:
Биринчиси - миллий маънавият, иккинчиси - минтақавий маънавият, учинчиси - умуминсоний маънавият.
Миллий маънавият- муайян элат, миллатга, унинг аждодларига хос бўлган ғоят қимматли маънавий бойликлардир.
Минтақавий (регионал) маънавият- муайян жуғрофий минтақа миллатларига хос, улар учун умумий бўлган маънавий бойликлардир. Масалан, Ўрта Осиё халқларининг маънавиятидаги; ёки янада кенгроқ доирада оладиган бўлсак, Шарқ ва Ғарб маънавиятидаги муштараклик, ўхшашликни олишимиз мумкин.
Минтақавий маънавиятда турли элатларнинг умумий бирлиги, бир-бирига яқинлиги, турмуш тарзи ва моддий ҳаёт шароитларига хос муштарак жиҳатлар намоён бўлади.
Умуминсоний маънавият - бутун инсониятга, жаҳон халқларига тегишли бўлган маънавий-ахлоқий бойликлардир.
Миллий маънавият - бошқа миллат маънавиятидан тубдан фарқ қилинадиган маънавият дегани эмас. Чунки биздаги миллий маънавият бошқа халқларда муайян тарзда бор, мавжуддир. Аммо миллий маънавиятда бошқа халқларнинг маънавияти айнан такрорланмайди. Шундай бўлганда эди миллий маънавият бўлмас эди ва биз бу ҳақда сўзламас ҳам эдик.
Миллий маънавият, аввало тарихий ҳодиса эканлиги билан ажралиб туради. У бир кунда, бир йилда, балки бир асрда ҳам мукаммал шаклланмайди. Миллий маънавият тарихи миллатнинг маънавий такомил жараёни билан боғлиқ. Унда баъзан асрлар кунларга ва аксинча, кунлар асрларга тенг бўлиши мумкин. Миллий маънавий камолот замонда, яъни миллатнинг бутун тарихи давомида юз беради. Бунда эса у баъзан шиддат билан юксалиб борса, баъзан эса маълум даражада таназзулга юз тутиши ҳам мумкин. Инсоният тарихий жараёни учун бир нарса аёнки, тарих ҳодисалари, шахслар, воқеалар ўтиб кетади, моддий маданият унсурлари емирилади, аммо маънавият юксалиб, бойиб, тобора кенгроқ кўлам ва теранроқ мазмун касб этиб бораверади. Миллатнинг аксарият қисми маънавий таназзулга юз тутган фожиавий шароитларда ҳам миллий маънавият йўқолмайди, кўлами ва мазмуни жиҳатдан ўзи етишган камолот босқичини йўқотмайди. Миллий маънавият эришган камолот босқичини йўқотиш учун (шу жумладан, умуман миллий маънавиятни ҳам) аждодлар яратган барча маънавий меросни маҳв этиш, инсонлар хотирасини тамомила ўчириб ташлаш, улардан ҳатто ирсий хотирани ҳам барбод қилиб - манқуртга айлантириш керак бўлади. Бундай ҳолдан Сизу Бизни Оллоҳнинг ўзи асрасин!
Миллат мавжуд экан, миллий маънавият бўлади. Миллий маънавиятни йўқотиш мумкин эмас. Миллий маънавиятни йўқотиш учун қанчалик ҳаракат қилинса, шунчалик миллийликни, миллий маънавиятни сақлаш учун кураш кучаяди. Хулоса шуки, инсон қалбидаги миллийликни йўқотиш мумкин эмас.
Кўринадики, миллий маънавият ҳодисаси ҳам тарихий, ҳам бугунги кунда мавжудлигини сақлаб турган кўп ўлчамли воқеъликдир. Инсон маънавий олами ўлчамлари чексиз бўлиб, уни ҳеч бир нарса билан ўлчаш, қиёслаш мумкин эмас. Миллий маънавият аввало миллий онгда ривожланиши билан характерланади. Шунинг учун ҳам мустақилликка эришганимиздан буён миллий онгни ривожлантиришни тарбиявий ишнинг муҳим бўғими сифатида олиб қарамоқдамиз. Миллий онгнинг ривожланиши пировард миллий ўзликни англаш сари етаклайди.
Миллий маънавиятнинг асосий белги ва ўзаги - миллий ахлоқ саналади. Бизнинг миллий ахлоқимиздаги белгилар бошқа халқлар ахлоқий қарашларида муайян тарзда намоён бўлади.
Миллий маънавиятда - миллий ҳис, туйғу, руҳият ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Чунончи, замона тақозоси билан бошқа юртга сафарга боргудек бўлсак ва ўша ерда миллий куй, қўшиқни эшитгудек бўлсак, бизнинг вужудимизни ажиб бир ҳис, туйғу қамраб олади ва ундан руҳий ҳузур оламиз, қаноат ҳосил этамиз. Яъни маънавий озуқаланамиз.
Миллий маънавиятда - миллий манфаат ҳам муҳим роль ўйнайди. Собиқ Шўролар даврида миллий манфаатни миллатчиликка йўйганлар ва миллий манфаат юзасидан ҳаракат қилган кишиларни, раҳбарлар ва ёзувчиларни миллатчи деб бадном этганлар.
Ўзбек халқи учун умуминсоний маънавият билан бирга миллий маънавият ва унинг бойликлари ҳам ғоят қимматлидир. Буларга ўзбек халқининг ўзи яратган, бойитган, сақлаб келаётган, авлоддан-авлодга ўтиб, бойиб, сайқал топиб, ривожланиб бораётган миллий-маънавий бойликлар, аждодлардан қолган ахлоқий анъана, маросимлар, ахлоқий панд-насиҳатлар ва ҳоказолар киради.
Ўрта Осиёлик мутафаккирларнинг илмий меросида, манбаларда ўзбекларда қадрланган, ўзбекона ахлоқ, одобга оид маънавий фазилатлар ҳақида кўплаб қимматли фикр, маълумотлар мавжуддир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида ўзбекларга хос бўлган кўплаб маънавий-ахлоқий сифатларни тасвирлайди. Булар иймон ва эътиқодлилик, андишалилик, оилага муҳаббат, болажонлик, ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, фарзандларнинг ота-оналарига, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғларига меҳрибонлиги, диний қадриятларга риоя қилиш, саводхонлик, саҳоватлилик, хушфеъллик, ширинсўзлик, мардлик, одиллик, ҳаёлилик, саҳийлик, одамийлик, оқ кўнгиллилик, меҳнатсеварлик ва бошқалардир.
Ўрта Осиёга саёҳатга келган Герман Вамбери «Бухоро ёхуд Мавороуннаҳр тарихи» асарида Олтин Ўрдадаги ўзбекларнинг мусулмонча тарбияланганини, савдо-сотиқда оғир вазминлигини, оқ кўнгиллилик ва самимийлигини, камгаплигини, садоқатлилигини, довюраклигини, шинавандлигини, оилавий муносабатларда поклигини, мулоҳазалилиги, андиша билан тўғри сўзлашишини, ота-онага ҳурмати ва эътиқоди кучлилигини, биринчи бўлиб ўтирмаслик ва биринчи бўлиб сўзлашмаслигини, муғомбирликни билмаслигини, динга эътиқоди кучли бўлиб, бу жиҳатдан анатолияли туркларга ўхшашлигини кўрсатган.
Ўзбек халқининг ҳозирги миллий маънавияти ва қадриятлари ўтмиш миллий маънавиятининг давоми бўлиб уларга дўстлик, ўртоқлик, меҳмондўстлик, одамгарчилик, инсонпарварлик, ахлоқий теранлик, тадбиркорлик, фазилатлилик, сахийлик, хушмуомалалилик, жамоа ичида ўзини тута билишлик, ҳаёлилик, сизлаб муомала қилиш, озодалик, хушчақчақлик, хушфеъллик, мардлик, самимийлик, лутфи карамлилик, рўзғорпарварлик, ширинсўзлик, ташаббускорлик, она-юрт ва халқига муҳаббатлилик, инсофлилик, диёнатлилик, ростгўйлик, ҳалоллик, ору-номуслилик, тўғрилик, режалилик, поклик, сабр-андишалик, вазминлик, ҳожатбарорлик, ота-она ва катталарни ҳурмат қилиш, меҳнатсеварлик, ўтмишга ҳурмат, инсофлилик, иймонлилик, миллий ғурур, мустақилликни қадрлаш, ватанпарварлик, миллатпарварлик ва бошқа миллий, маънавий - ахлоқий фазилатлар киради.
Миллат, халқ бор экан унинг маънавий дунёсида миллий жиҳатлар доим сақланиб қолади. Ўзбекларнинг миллий маънавияти, эркак ва аёлларнинг ўзига хос шарқона ахлоқий фазилатлари, ота-она, фарзандлар, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй алоқалари, ҳалоллик, иймон, виждон билан боғлиқ маънавияти фақат ўтмиш садоси эмас, балки ҳозирги кун учун ҳам хосдир.
Ўзга миллатларнинг маънавий қадриятлари қанчалик таъсир кўрсатмасин катталарга, ота-онага ҳурмат, камтарлик, ҳалоллик, иймон, меҳнатсеварлик, меҳмондўстлик сингари миллий маънавий фазилатларимиз барқарордир. Чунки бу маънавий хислатлар авлоддан-авлодга ўтиб қон-қонимизга сингиб кетган. Аёлларимиз қанчалик замонавийлашмасинлар, улар ҳаё, ибо, номус бобида, оила, қариндош-уруғларга нисбатан муносабат бобида шарқона, ўзбекона фазилатларни тарк этмайдилар. Миллат бор экан, унинг маънавияти сақланиб қолади ва ривожланаверади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ота-онани, ёши улуғларни ва кичикларнинг иззатини ўз ўрнига қўйиш, ҳурмат қилиш ҳам миллий маънавиятимизга киради. Бу йўл истиқлол ва истиқбол муаммоларини ўтмишнинг бой тажрибаси билан боғлашга яқиндан ёрдам беради.
Одатда кишилар кўпинча икки ишда катта хатога йўл қўядилар. Биринчиси - ёшларни ҳали ёш деб, уларга ишонмаганида, иккинчиси - кексаларни қария деб четга суриб қўйганида. Ёшларда келажакка интилиш билан боғлиқ бўлган катта ташаббус, куч ва ғайрат бўлади. Кексалар эса ҳаёт йўлида кўп иссиқ ва совуқ кунларни бошдан кечириб, бой тажриба орттиргани учун уларда узоқни ўйлаб, босиқлик билан иш қилиш, етти ўлчаб бир кесиш сингари маънавий бойлик ва етук тафаккур салоҳияти бор. Ўзбекларнинг «қари билганни пари билмас», деган ҳикматида кўп маъно бор. Ёшларнинг ташаббуси, кучи, ғайрати кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси билан боғлангандагина яхши ижобий самара беради. Кекса авлоднинг билими, ҳаёт тажрибаси ёшлар учун маънавий камолот ва ибрат мактабидир. Кекса авлоднинг ҳаёт тажрибасини менсимаслик ҳамма даврларда ҳам жамият учун фалокатли оқибатларга олиб келган. Чунончи, 1920-30 йилларда ҳали ҳаётда бирор оғир сабоқни кўрмаган, баланд-пастни билмаган 15-17 ёшлик комсомоллар кўплаб ишбилармон, меҳнатсевар деҳқонларни қулоқ қилиш, молу-мулкини мусодара этиб, узоқ ерларга бадарға қилиш вазифасини ўз зиммасига олгани ҳам катта иқтисодий, ижтимоий, маънавий бўхронларга сабаб бўлди. Ҳозир ҳам кексаларнинг қадрига етмайдиган, уларни менсимайдиган ёшлар оз эмас. Бу ўзбек миллий маънавиятидаги салбий бир ҳол, кўриниш. Унинг олдини олиш зарур.
Совет тоталитар тузуми шароитида маънавий-ахлоқий фазилатларнинг миллий жиҳатлари, анъаналарини инкор этиш ёки камситиш кучайди. Уларни маънавий қолоқлик ифодаси сифатида талқин этилди. Шарқ халқларининг, жумладан ўзбек халқининг минг йиллик маънавий бойликларини ўзида мужассамлаштирган ҳадислар, шариат ҳукмлари диний хурофат сифатида қораланди.
Халқимизнинг ахлоқ, андиша, шарму-ҳаё, ҳалоллик ва покизалик, инсон қадр-қиммати тўғрисидаги маънавий қадриятларига зид бўлган европача анъаналар ёшлар маънавиятига салбий таъсир ўтказди. Шу туфайли маънавий тубанлик юзага келди. Ёшларда асрий миллий маънавиятимизга зид бўлган бағритошлик (фарзандни, ота-онани ташлаб кетиш сингари), қотиллик (ўз фарзандини ўлдириб яшириш), худбинлик, маиший бузуқлик, гиёҳвандлик каби маънавий қиёфа юзага келиб, илдиз ота бошлади.
Абдулла Авлоний ва бошқа маърифатпарвар фидоийлар XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида Туркистонда ҳукмрон бўлган маънавий инқироз ҳақида гапириб, бу оғир вазиятдан таълим-тарбия ишларини яхшилаш, ахлоқни юксалтириш орқалигина чиқиш мумкинлигини қайд қилган эдилар. «Тарбия, - деган эди Абдулла Авлоний, - бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир».
Бу фикрларнинг аҳамияти ҳозирда ҳам камайгани йўқ. Ўзбек миллати фақат миллий маънавий камолат орқалигина юзага кела бошлаган миллий-маънавий айнишнинг олдини олиши мумкин.
Совет тоталитар тузуми барбод бўлиши, Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигини қўлга киритиши жамиятимиз маънавиятида чуқурлашиб бораётган инқирознинг олдини олиш учун тангрининг инояти, халқимизнинг бахти бўлди. Миллий мустақиллик туфайли жамиятимизда миллий маънавий покланиш, ўнгланиш, тикланиш жараёни юз берди. Ёш авлодни, Сиз каби талаба ёшларни ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ғурур туйғусини кучайтириш, иймон, виждон, ҳалоллик, поклик, меҳнатсеварлик, ишбилармонлик сингари хислатларни шакллантириш, мустақилликнинг онгли фидойисига айлантириш ҳозирги кундаги миллий-маънавий тарбия ишининг асосий мақсадидир. Шу ўринда миллий-маънавий тарбия ва унинг асосий йўналишлари ва моҳиятини аниқлаб олиш зарур.
Миллий тарбия - у ёки бу миллатни, элатни ташкил қилувчи кишиларнинг миллий маданиятни, меросни, қадриятларни, урф-одатларни, анъаналарни ўзлаштиришдаги фаолиятини ривожлантириш бўлиб, у миллий онг ва миллий ўзликни англашнинг субъектидир.
Миллий тарбиянинг асосий йўналишларини миллатпарварликни, халқпарварликни, ватанпарварликни, меҳнатсевар-ликни, юксак инсонийликни ривожлантириш, меросни, урф-одатни, қадриятларни, фан, техника, технологияларни ўзлаштиришга интилишни ривожлантириш, меҳр-оқибат, иймон-эътиқод, ор-номус, инсоф-диёнат, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг моҳиятини тушуниб етиш ва унга амал қилиш руҳиятини шакллантириш кабилар ташкил этади.
Миллий тарбиянинг яна бир йўналиши – ота-она, қариндош-уруғларнинг ҳурматини жойига қўйиш, оиланинг муқаддаслиги туйғуларининг баркамол бўлишига эришиш, ўзаро муносабатларда ёнма-ён яшаётган ўзга миллатлар ва элатлар вакилларининг манфаатларини ҳисобга олиш кабилар ташкил этади.
Хуллас, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, миллий табиатимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват, андиша, ор-номус, шарму-ҳаё, ибо-иффат каби бетакрор фазилатлар ва халқимизнинг кўп жиҳатдан ажратиб турадиган бағрикенглик, меҳмондўстлик, оқкўнгиллилик хусусиятлари ҳақида узоқ гапириш мумкин1.
Ҳеч биримизни халқимизга хос ана шундай фазилатлар тарк этишга йўл қўйиб бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |