Режа:
1. Халқни миллий маънавий-маърифий заминлардан маҳрум қилиш мустамлакачилик сиёсатининг асосий мақсадидир.
2. Қарамлик шароитида ўзбек халқининг она тили, эътиқоди, миллий мероси, ғурури, қадриятларидан маҳрум этилиши ва топталиши.
1. Халқни миллий маънавий-маърифий заминлардан маҳрум қилиш мустамлакачилик сиёсатининг асосий мақсадидир. Тарихдан маълумки, бир халқни ўзига тобе қилишни истаган кучлар аввало уни ўзлигидан, тарихидан, маданиятидан жудо қилишга интилади. Босиб олинган мамлакат халқлари маданий-маънавий тараққиётини бўғиб қўйиш истилочи, босқинчи мамлакатлар томонидан мустамлакачилик тартибларини сақлаб туриш ва мустаҳкамлашнинг азалий, тарих синовидан ўтган анъанавий йўлларидан бири бўлиб ҳисобланади. Истилочи мамлакат итоат қилдирилган халқларни бора-бора ўзига сингдириб юборишни, бунинг учун ўз мафкураси ва ғояларини уларга мажбуран жорий этиш, маданиятига шикаст етказиш, миллий тили, миллий урф-одатлари ва миллий қадриятлари ривожига йўл бермасликни ўз сиёсатининг асосий мақсади деб билади. Хитой донишманди Конфуций бундан 2700 йил олдин ўз императорига шундай маслаҳат берган экан: «Хоқоним, агар бирор мамлактни босиб олиб, у ерда узоқ ҳукмронлик қилмоқчи бўлсангиз, даставвал ўша ерда яшаётган халқни ўз тарихий маданиятидан маҳрум этинг, маънавий бўҳронни кучайтиринг. Ўз маданиятидан бебаҳра бўлиб, маънавий қашшоқлик ҳолатига учраган халқ уюшмайди, ички низолар гирдобига ўралади, сизга қаршилик кўрсата олмайди. Бундай ҳолга келган халқни, мамлакатни идора қилиш қийин бўлмайди»1. Маданият ва маънавиятни барбод этиш, миллий тил, урф-одатлар камолотига йўл бермаслик итоат эттирилган халқни жиловда ушлаб туришнинг энг зарур ва нозик йўлларидан бири эканлигини истилочи ва босқинчилар доимо жуда яхши билган. Шунинг учун ҳам мустамлакачи ва босқинчилар Хитой донишманди айтган гапларни олдиндан режалаштириб қўйишади.
Маданият, маънавият ва маърифат зарбага учраб, халқнинг, мамлакатнинг маънавияти ва маърифати барбод бўлаверса, одамлар ўз-ўзидан эътиқодсиз бўлиб кетади. Ундай ўлкада, мамлакатда омманинг оломонлашуви, сиёсий манқуртлик, бепарволик бошланади. Охир-оқибатда миллий ғурур, ифтихор, миллий қадриятлар аста-секин заифлаша бошлайди. Ана шундай ўлкани, мамлакатни, унинг халқини мустамлакачилик кишанларида ушлаб туриш, итоаткор қулга айлантириш мумкин.
Чингизхон ҳам Ўрта Осиё заминини истило қилаётганида ўз саркардаларига: Шаҳарларга нодон, иродасиз, ахмоқ кишиларни бошлиқ этиб тайинланглар, уларни қўллаб-қувватланглар ва кўкларга кўтариб мақтай беринглар, маҳаллий халқларнинг ақлли, билимли, обрў-эътиборли кишиларини йўқ қилинглар, деб топшириқ берар экан. Бу сиёсатнинг ҳам чуқур ўйланган сабаблари бўлган. Ўз маданиятидан, обрў-эътиборли, доно вакилларидан жудо бўлган халқ маънавий раҳнамосиз қолиб қовуша ва уюша олмайди.
Тарих шундан гувоҳлик берадики, ҳамма вақт, ҳамма ерда босқинчи ҳукмдорлар босиб олинган мамлакатлар ҳудудларида Хитой донишманди ва Чингизхон айтган тарзда сиёсат юргиздилар. Бундан Ўрта Осиё халқлари ҳам мустасно эмас. Илм-фан ва маданият, маънавиятнинг энг ривожланган марказларидан бўлган Туркистонни зўравонлик йўли билан босиб олган чор ҳукумати ерли аҳолини қарамлик ва қуллик, сиёсий карахтлик ва руҳий қашшоқлик ҳолатида ушлаб туришни мустамлакачилик сиёсатининг марказий масалаларидан бири деб ҳисоблади. Ана шу ёвуз ва маккорона сиёсатни амалга оширишнинг асосий йўл-йўриқларини ишлаб чиқиш учун ишни нимадан бошлаш кераклиги ҳақида таклиф-мулоҳаза ва хулосалар бериш топшириғи билан чор ҳукумати кўпчилик олимлар ва бошқа соҳа кишиларини Россиядан Туркистонга юборди.
Босиб олинган мамлакатда илм-фан, маъна-вият, маданият истилочи мамлакатга нисбатан бир неча бор устун бўлса, ундай жойларда мустамлакичилик тартибини сақлаб туриш осон кечмайди. Бизнинг ўлка эса босқинчи чор Россиясига нисбатан маънавий-маърифий ва маданий тараққиёт жиҳатидан анча устун турарди. Чор ҳукумати олимлар маслаҳатига амал қилиб, бизнинг ўлкада қандай қилиб бўлмасин, ўзларининг ерли халқдан устунликларини исботлашга ва шу тариқа «узил-кесил» ғалабага эришишга астойдил киришдилар.
Ўтмишдаги босқинчилар сингари чор босқинчилари ҳам бу соҳадаги амалий ишни Туркистон халқини бир неча минг йиллик тарихи, маданияти, урф-одатларидан маҳрум қилиш, руҳан, маънан майиб-мажруҳ қилишдан бошладилар. Бу чуқур ўйлаб, узоқни кўзлаб ва режалаштириб қўйилган машъум сиёсат эди. Бу сиёсатнинг замирида чор ҳукуматининг манфаатини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва Туркистон халқларини, шу жумладан ўзбек халқини миллий ўзлигини англашдан буткул маҳрум қилиб ўтмишини унутган, ватанпарварлик туйғусидан жудо бўлган, истиқболини кўролмайдиган одамлар гуруҳига айлантириш муддаоси турган.
Маънавият ва маърифат халқнинг ўз ўтмишини билиши ва истиқболини тушуниб етишига ёрдам беради, Ватанни севиш ва у билан фахрланишга даъват этади, душманларга, босқинчи ва мустамлакачиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга, эрк ва адолат учун жасорат кўрсатишга ундайди.
Маънавият ва маърифатдан маҳрум халқ миллий жиҳатдан ўзини англаб ололмайди, тақдирга тан бериб яшашни ўзига эп кўради. Чор амалдорлари буни яхши англаган ҳолда ўз мустамлака асоратига солган Туркистон халқларини маънавият, маърифат ва маданиятдан бебаҳра қолдириш масаласига алоҳида аҳамият бердилар, бу йўлда ҳеч тап тортмай инсофу диёнатни, раҳм-шафқатни бутунлай унутдилар.
Чор Россиясининг Туркистондаги сиёсати миллий туйғуни поймол этишга, миллий қадриятларни топташга, буткул йўқотиб юборишга қаратилган эди. Чоризм бу ўлкада саводсизлик, билимсизлик ҳолатини вужудга келтириш ва уни мустаҳкамлашдан манфаатдор эди.
Чоризм мустамлакачилик сиёсатини Шарқда қон ва қилич билан жорий қилган генераллардан бири М.Д.Скобелев: «Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятини, тилини, санъатини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди», - деб «башорат» қилган эди1. Унинг ана шу «доно» кўрсатмаси Туркистондаги маънавият, маърифат ва маданиятга нисбатан амалга оширилган жаҳолат ва ёвузликлар учун қўлланма бўлиб хизмат қилди. Чоризм Туркистон халқларини саводсизлик, билимсизлик ҳолатида ушлаб туришдан манфаатдор эди. Унинг мақсади ғафлат уйқусида ётган, замонавий фан-техника, маърифат ютуқларидан бехабар, миллий онги паст, миллий ғурури топталган халқни талаш, эзишдан иборат эди. Чор ҳукуматининг мустамлака ўлкалардаги гумашталари «ярим подшо» Кауфман, генерал-губернатор Куропаткин, жаллод Головановга ўхшаганлар Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Тошкентдаги буюк асори-атиқаларни, масжиду-мадрасаларни, арклару тарихий-маданий ёдгорликларни тўпга тутиб ер билан яксон қилдилар. Ахир қандай қилиб қўл остидаги мазлум халқлар маданияти, маънавияти, маърифати, тарихи босқинчи-жаллодларникидан баланд бўлиши керак?! Бунга улар тоқат қила олмас эди! Уларнинг усули йўқ қилиш, маданиятни, тил ва тарихни, Туркистон халқлари, шу жумладан ўзбек халқи ғурурланадиган, ифтихор қиладиган нимаики бўлса, ҳамма-ҳаммасини, таг-туги билан аямай яксон қилиш эди.
Чор ҳукуматининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатининг туб моҳиятида қандай мақсад ва муддао ётганлигини халқимизнинг билимли, маданиятли, зийрак, оқилу доно фарзандлари аллқачон тушуниб етган эдилар. Чор ҳукумати мустамлакачилик сиёсатини фош этган, халқни эрк ва озодликка, билим ва маданиятга чорлаган, миллий қадриятларимизни қўллаб қувватлаган, шу йўлда жафо чекиб ҳалок бўлган буюк қалб эгаси Абдурауф Фитрат ўзининг «Туркистонда руслар» рисоласида: «Кўрдим, кездим, эшитдим, ўқидим. Мамлакатлар орасида Туркистонимиз каби бахтсиз бир мамлакат йўқдир... Рус капиталистлари билан рус попларининг содиқ ишончли қоровуллари бўлғон эски Русия ҳукумати эллик йил орасида Туркистондаги турк болаларининг фойдаларига бирор иш кўрдими, кўрмоқчи бўлдими? Мана шу саволга - «Йўқ!»дан бошқа бир жавобимиз йўқдир. Юртимиз эллик бир йил идораи аскарий остида турдиғи учун биз Оврупонинг маданий миллатлари билан кўришолмадик, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий фикрларидан истифода қилолмадик. Бизнинг кўзларимизни очирмаслик фикри учун фикри очиқ татар қариндошларимизнинг даҳи Туркистондан ер олмоқ ва Туркистонда мактаб очмоқлари ман этилди.
Бизнинг диний ва миллий ҳиссиётларимизни ўлдирмоқ тилаги билан Устроутов каби мутаасиб попларнинг идорасинда газета чиқарилди, мактаб очилди, лекин ўз миллатимиз ва диёнатимизни англамоқ учун ўз тарафимиздан очилган мактаблар ва ғазиталар боғланди, шаърий маҳкамаларимизнинг ҳуқуқ ва салоҳиятларидан буюк бир қисти ғасб этилди. Маҳкамаларда, уйларда, йўлларда, тижорий ишларда, ҳатто вағон арбаларинда Туркистон ерлисининг ҳуқуқи Туркистон мусофири бўлғон рус ва арманидан тубанда тутилди»1, - деб ёзган эди. Абдурауф Фитратнинг қалб нидоси бўлган ушбу сўзларда мустамлакачилик сиёсатининг барча томонлари фош этилганди.
Шундай қилиб, чор ҳукуматининг Туркистон халқларига нисбатан тутган мустамлакачилик сиёсати бу халқлар ўртасидаги ҳар қандай давлат куртакларини йўқ қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маданий тараққиётини бўғиш, уларга эркинлик бермаслик, миллий қадриятларини ерга уриш, камситиш, миллий ғурурларини, маънавиятини поймол этиш, қўрқувда ушлашдан иборат эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |