3. Протестантизм дини. Протестанизм тарихи Мартин Лютердан (1483-1546) бошланади. У биринчи бўлиб католик черкови билан алоқани узди ва протестант черковининг асосий қоидаларини ишлаб чиқди ва уни ҳимоя қилди. Бу низомга кўра, инсоннинг Худо билан бевосита мулоқоти мумкин. Лютернинг диний ва дунёвий ҳокимиятга қарши чиқишлари, католик диндорларнинг имонни ва виждонни инсон билан Худо ўртасидаги воситачи сифатида назорат қилиш ҳақидаги мулоҳазаларга қарши чиқиши жамоатчилик томонидан фавқулодда диққат билан тингланди.
Протестантизмнинг моҳиятига кўра, илоҳий лутфу марҳамат инсонларга черковнинг воситасисиз, бевосита инъом этилади. Инсон нажот топиши унинг шахсий эътиқоди ва Исонинг воситаси орқали рўй беради. Авом руҳонийлардан фарқланмайди, руҳонийлик ҳамма диндорларга бир хилда жорий этилади.
Библия. Библия, яҳудийлик ва христианлик динлари таълимотига кўра, у Худо томонидан нозил қилинган, асосий диний ақида ва ахлоқ қонунларини ўзида жамлаган муқаддас китоблар мажмуасидир.
Унинг таркибига кирган яҳудий динига таллуқли китоблар «Қадимий аҳд» деб, христиан талимотига тегишли китоблар «Янги аҳд» деб номланади. Яҳудий ва Христиан библиялари бир-бирига мос келмайди. Яҳудийларнинг муқаддас китоби Қадимий Исроил ва Қадимий Яҳудийларнинг диний талимот ва урф-одатлари асосида эрамиздан авалги XIII асрда ёзилган бўлса, Христианларнинг китоби эса эрамизнинг бошларида вужудга келди. Яҳудийлар христианларнинг китобини муқаддас китоб сифатида тан олмайдилар христианлар эса яҳудийларнинг китобини муқаддас китоб сифатида тан оладилар.
Библия сўзининг грекчадан таржимаси biblia- китоб, ўраммаъноларини англатади. Ҳозирги Библия католик нашрларида 72 та китобдан, протестант нашрларида эса 66 китобдан иборат. Яҳудийларнинг яна бир диний манбаси Талмуднинг хабар беришича Қадимий аҳдда 24 та китоб бўлиши керак. Қадимий яҳудий тарихчиси Иосиф Флавийнинг айтишича 22 та китоб бўлиши керак. Протестантлар ва яҳудийлар, Тридент Соборидан кейин (1545-1563) католиклар ҳам қадимий аҳд таркибига 45 та китоб киргизадилар. Бу сон билан юқорида келтирилган сон ўртасидаги тафовутни кейинчалик баъзи китоблар бир неча мустақил китобларга бўлиниб кетганлиги билан изоҳлаш мумкин. Масалан, «Мусонинг беш китоби» аввал бир бутун бўлиб, кейинчалик бешта мустақил китобга ажратиб юборилган, «кичик пайғамбарлар китоби» 12 китобга ажратиб юборилган.
Яҳудийлар Қадимий Аҳдни 3 қисмга бўладилар:
биринчисига «Мусонинг беш китоби» - «Тора» («Таврот»);
иккинчисига «Пайғамбарларнинг аввалги ва кейинги китоблари (Нетиим);
учинчисига қолган китоблар (Кетубим).
Христианлар Қадимий Аҳдни «Ривоятлар китоблари», «Таълимотларга китоблари»га, «Пайғамбар китоблари»га бўлишади. Улар Янги Аҳднинг 27 китобини ҳам шундай тасниф қиладилар. «Ривоятлар китоблари»га «Инжил» ва «Ҳаворийлар фаолияти» китоблари киради. «Таълимотлар»га «Ҳаворийлар мактублари» киради, «Пайғамбарлар китоблари»га «Ваҳй» китоби киради.
Библиянинг китоблари бобларга, боблар эса сураларга бўлинади. Унинг ҳозирги қабул қилинган бўлиниши Нентерберия епископи Стефан Лангтон (вафоти 1228 й.) томонидан киритилган. У 1214 йили лотин тилидаги матнни бобларга бўлиб чиқди ва бу нарса кейинчалик яҳудий ва юнон тилларидаги матнларга ҳам жорий қилинди. Суралар аввал Сантес Панино (в. 1541 й.) кейинчалик 1555 йиларда Роберт Этьенлар томонидан рақамланди.
Таврот. Мусога тегишли бўлган, беш китоб «Таврот» деб аталади ва у қуйидаги китобларга бўлинади: 1) «Борлиқ» ёки «Ибтидо»; 2) «Чиқиш»; 3) «Левит»; 4) «Сонлар»; 5) «Иккинчи қонун».
Инжил. Инжил - хушхабар маъносини англатади. Янги аҳд таркибига кирган Инжил 4 га бўлинади. 1) Матвей инжили; 2) Марко инжили; 3) Лука инжили; 4) Иоанн инжили.