Болалар учун амалий иш.
Болаларни хонанинг ҳар-хил томонларига биттадан тургизиб қўйилади. Тарбиячи ҳар-бир боладан теварак-атрофидаги нарсаларнинг вазиятини айтиб беришларини сўрайди ва уларнинг жавобини тинглайди.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: «Нима қаерда жойлашган?»
Болалар 4 гуруҳга бўлинадилар. 1 ва 2 гуруҳ болаларининг кўзлари боғланади ва ҳар бир бола учун топшириқ берилади. Масалан: Камолжон, сиз короват олдига боринг. Жамолбек сиз доска олдига боринг, деб ҳар бир болани хонанинг турли томонида турган нарсалар олдига боришлари айтилади. 3-4 гуруҳ болалари кузатиб турадилар, сўнг гуруҳлар ўрин алмашадилар.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Ўнг томонингизда нима бор?
2. Айиқча қаерда турибди?
3. Чап томонингизда нима бор?
4. Орқангизда нима турибди?
5. Копток қаерда турибди?
6. Қўғирчоқ қаерда турибди?
7. Доска қаерда жойлашган?
8. Кўзингиз юмилган ҳолда юришга қийналмадингизми?
Тарбиячи Фаолият давомида ва якунида болаларни ширин сўзлар билан рағбатлантиради.
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Секунд, минут ва соат ҳақида тушунча ҳосил қилиш
Мақсад:
Болаларда секунд ва минут ҳақида тушунча ҳосил қилиш.
Кутилаётган натижа:
Болалар вақтнинг энг кичик бирликлари секунд ва минут ҳақида билиб оладилар.
Керакли жиҳозлар:
Соат
Доиралар, учбурчаклар тўплами ҳар бир столга ва ҳар бир болага карточка
Турли ўйинчоқлар
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи болаларга соатни кўрсатиб сўрайди:
Тарбиячи: Болажонлар, мана бу нима? (Болаларнинг жавоби). Тўғри, болажонлар, бу соат. Соат нима учун керак? (Болаларнинг жавоби).
Соат вақтни билишимиз, ишларимизни ўз вақтида бажаришимиз учун керак. Сизлар вақтни соат ёрдамида аниқлай оласизларми? Вақтни соат ёрдамида аниқлашимиз учун вақт нималарда ўлчанишини билишимиз керак. Вақтнинг энг кичик бирлиги –секунд дейилади. Секунд жуда қисқа вақт. Секунддан кўпроқ вақтни биз минут ёки дақиқа ёрдамида аниқлаймиз. Демак минут секундлардан иборат бўлади. 1 минут 60 секунддан ташкил топади. Минутдан кўпроқ вақтни биз соат ёрдамида аниқлаймиз. Бир соат 60 минутдан иборат бўлади. Соатлар йиғилиб суткани ҳосил қилади. 1 суткамиз 24 соатдан иборат. Болажонлар, келинглар сизлар билан олдин бир секунд жим ўтирамиз ва тинчликни тинглаймиз. Бир секунд вақтнинг қанча эканлигини ҳис қилиб кўрамиз-бошладик.
Болалар, бир секунд вақт тез ўтдими ёки секин ўтдими? Сиз мана шу 1 секунд вақтда нимага улгурдингиз? Нималарни эшитдингиз?
Энди болажонлар, 1 минут давомида тинчликни тинглаб кўрамиз. Бир минут вақт давомида нималарни эшитдиларинг ва ҳис қилдиларинг? Болалар, бир минут тез ўтдими ёки бир секундми?
Do'stlaringiz bilan baham: |