Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: «Варраклар»
Тарбиячи: Келинглар, болалар, энди ҳовлига чиқиб ўйин ўйнаймиз. Сизларга чизиш учун бўр бераман. Асфалтга ёки ерга варрак расмини чизамиз. Варракларни чизишда кўпбурчак шаклларидан фойдаланамиз. Қани кимнинг варраги чиройли чиқар экан.
Болалар кўпбурчаклар асосида ерга варрак расмини чизадилар. Ўйин якунида тарбиячи ва болалар биргаликда расмларни кўриб чиқадилар.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Сиз чизган варракда нечта бурчак бор?
2. Сиз чизган варракдаги кўпбурчакнинг нечта томони бор?
3. Варракни баландроқ учиши учун яна нималар чизиш мумкин?
4. Кўпбурчак билан учбурчакни фарқини айтиб беринг.
Фаолият якунида болаларни рағбатлантириш.
Вақт ҳақида тасаввур
Мавзу: Йил календари ҳақидаги билимларни мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларнинг йил календари ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш.
Кутилаётган натижа:
Болалар йилнинг 12 ойга, ойларнинг ҳафталарга ва кунларга бўлинишини билиб оладилар.
Керакли жиҳозлар:
Календар
Катак дафтар (ҳар бир болага), рангли қаламлар
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизларга бир эртак айтиб берайми? Эртагим Йил бобо ҳақида. Қадим замондан Йилбобо яшаб келар экан. Унинг 364 та сеҳрли таёқчаси бор экан. Йилбобо ҳар куни 1 тадан сеҳрли таёқчасини силкитиши керак экан. Нимага дейсизларми? Чунки сеҳрли таёқча силкиниши билан янги кун бошланар экан. Йилбобо барча таёқчаларини силкитиб бўлганидан кейин 1 йил тугаганини билар экан. Янги йилдан яна ҳар куни таёқчаларини силкитишни давом эттирар экан. Йилбобонинг борган сари ёши улғайиб борар экан.
Йилбобонинг 12 та фарзанди бор экан. Улар оталарига ёрдам бермоқчи бўлиб, шундай дейишибди: Отажон, сиз чарчаб қоляпсиз, келинг, биз сизга ёрдам берайлик, таёқчаларингизни бизга бўлиб беринг, биз уларни ҳар куни навбат билан силкитиб борамиз.
Йилбобо фарзандларидан жуда хурсанд бўлибди. 1-фарзандининг исми-март экан (шарқ тақвими бўйича), 2-апрел, 3-май, 4-июн, 5-июл, 6-август, 7-сентябр, 8-октябр, 9-ноябр, 10-декабр, 11-январ, 12-феврал. Барчасига 30 ёки 31 тадан таёқча берибди, лекин энг кичигига бошқаларга нисбатан озроқ таёқча тегибди. Шундай қилиб Йилбобога фарзандлари ёрдам беришни бошлабдилар.
Болалар, «сеҳрли таёқчалар» нима эканлигини билиб олдингизми? Сеҳрли таёқча бизнинг бир кунимиз экан.
Мана бу календарда Йилбобонинг 12 та фарзандининг исми ёзилган- булар ойлардир, уларнинг нечта сеҳрли таёқчаси-куни борлиги рақамлар билан ёзиб қўйилган. Одамлар календарга қараб бугун қандай кун ёки келгуси ой неча кун экан, деб билиб оладилар. Календарга қараб қайси куни нима иш қилишни белгилаб ҳам боришади.
Do'stlaringiz bilan baham: |