Керакли жиҳозлар:
Қўғирчоқ ва турли буюмлар
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болалар, бугун сизлар билан «Ким тўғри жавоб беради?» ўйинини ўйнаймиз.
Тарбиячи болаларга хонадаги барча нарсаларни жойлашиш тартибини кўриб аниқлаб олишларини айтади.
Тарбиячи: Болалар, бир қатор бўлиб туриб олинглар. Мен хонага мана бу қўғирчоқни жойлаштираман. Биринчи гуруҳ болалари навбат билан менинг саволларимга жавоб беради. Ким тўғри жавоб бера олмаса ўрнида қолади. Кўпроқ тўғри жавоб берган бола сафнинг энг олдига чиқиб, ғолиб аниқланади.
Тарбиячининг саволлари:
1. Эшик қўғирчоқнинг қайси томонида?
2. Шкаф қўнғироқнинг қайси томонида?
3. Стол-чи?
4. Стул-чи? .... каби саволлар бериб борилади. Кейин бошқа ўйинчоқ хонанинг бошқа жойига қўйилади ва яна саволлар берилади. Болалар хонанинг бошқа жойида туриб саволларга жавоб берадилар. Ўйин шу тарзда давом эттирилиб, ғолиб болалар сафнинг энг олдига чиқиб қоладилар. Ўйин якунида ғолиб болалар тақдирланади.
Мавзу: Кун ва туннинг кетма-кетлиги, кундалик фаолиятларнинг тақсимланиши ҳақидаги тасаввурларни кенгайтириш
Мақсад:
Болаларнинг кун ва тун кетма-кетлиги, кундалик фаолиятларнинг тақсимланиши ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш.
Кутилаётган натижа:
Болаларнинг кун ва тун кетма-кетлиги, кундалик фаолиятларнинг тақсимланиши ҳақидаги тасаввурлари мустаҳкамланади.
Керакли жиҳозлар:
Қуёш, ой, юлдузлар тасвири
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Азиз болажонлар, мен сизларга кеча «Кенжа ботир» ўзбек халқ эртагини айтиб берган эдим. Келинглар, болалар, эртакни яна бир бор эслайлик. Қадим замонда учта ака-укалар бор экан, тўнғич ва ўртанча акалари мақтанчоқ, одобсиз эканлар. Кенжа ботир бўлса ақлли ва одобли экан. Бир куни улар яшайдиган юртда тун бўлибди ва одамлар ухлаш учун ётибдилар. Одамлар роса уйқуга тўйиб уйғонишса ҳам тонг отмабди. Одамлар ухлайвериб зерикиб, қоринлари очқаб кетибди. Охири ташқарига чиқиб, осмонга қарашса, осмонда ой ҳам, юлдузлар ҳам йўқ эмиш. Одамлар ёнма-ён турса ҳам бир-бирини кўра олмас эмиш. Шунда кексалар, «Ҳа, бундан 100 йил олдин ҳам худди шундай бўлган эди, қуёш, ой ва юлдузларни яна девлар ўғирлаб кетибди. Ким уларни девлардан қайтариб олиб келади?», дейишибди. Уч ака-ука йўлга тушибдилар, кўп саргузаштларни бошидан ўтказибдилар. Ниҳоят Кенжа ботир ўзининг ақли ва донолиги билан қуёш, ой ва юлдузларни қайтариб олиб келибди ва бу юртда вақт ўз изига тушибди.
Болалар агар қуёш, ой, юлдузлар бўлмаса биз вақтни билишга қийналар эканмиз-а?
Болалар келинглар «Топган-топалоқ» ўйинини ўйнаймиз. Мен сизларга бирор бир вақтни таърифлаб бераман, таъриф бўйича сизлар бу қайси вақт эканлигини топасизлар.
-У вақтда инсонлардан олдин қушлар уйғонади ва бир-бири билан суҳбатлашиб сайрайди. Бу қайси вақт? (Тонг, саҳар).
- У вақтда оналаримиз бизга нонушта тайёрлайдилар ва биз нонушта қилиб бўлиб боғчага келамиз. (Эрталаб).
-Фаолиятларни ўтиб бўлиб сайрга чиқамиз ва ўйнаймиз.
(Кундузи).
-У вақтда сайрдан келиб, юз-қўлларимизни ювиб, овқатланамиз, сўнг бироз дам олиш учун ухлашга ётамиз. (Тушлик).
- Биз боғчада ухлаб турамиз ва овқатланамиз, бу қайси вақт?
(Пешин).
-У вақтда биз боғчадан уйга кетамиз. (Кечқурун).
-У вақтда барча ухлайди, шунда итлар қаровуллик қилади. (Тун).
Тарбиячи ўйин давомида болаларга яна тушунча бериб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |