2 - боб. Қурилишда лойиҳалашнинг тутган ўрни
2.1. Лойиҳалашнинг асосий қонун-қоидалари, лойиҳалаш босқичлари ва уларда тузиладиган ҳужжатлар
Лойиҳалаш қурилишдаги дастлабки боcқич бўлиб, у қурилишга
сарф қилинадиган капитал маблағларнинг самарадорлигини таъминлаш ва оширишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Қурилиш ишлаб чиқаришининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, қуриладиган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати ва кишилар турмуш даражасининг қай даражада ўсиши кўп жиҳатдан тайёрланган лойиҳанинг сифатига борғлиқ бўлади.
Лойиҳа деб, бўлажак корхона ёки бинонинг технологияси ва жиҳозланишига оид ечимлар, архитектура-режалаштириш ва конструктив ечимлар, техник-иқтисодий ҳисоблашлар ва асослашлар, смета ва зарурий изоҳлардан иборат график ва матн қўринишидаги материалларнинг мажмуига айтилади.
Лойиҳалар фойдаланиш даражасига кўра икки хил: якка тартибдаги ёки намунавий (типовой) бўлиши мумкин. Якка тартибдаги лойиҳа асосида қуриладигна бинолар қабул қилинган лойиҳавий ечимлар (ҳажми, кўриниши, хоналарнинг жойлашуви ва х.к.) нинг ўзига хос ва такрорланмаслиги, хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Намунавий лойиҳалар асосий талаб ва эҳтиёж кўп бўлган бинолар учун тузилади ва бунда қурилишда йиғма конструкцияларни кўплаб ишлатиш, лойиҳалаш ва қурилиш давомийлигини бирмунча камайтириш ҳамда бу билан капитал маблағларнинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имкониятлари яратилади.
Лойиҳалаш бир ёки икки босқичли бўлиши мумкин. Намунавий лойиҳалардан фойдаланганда ёки катта бўлмаган биноларни лойиҳалаш бир босқичда амалга оширилади ва бунда тўғридан-тўғри ишчи лойиҳаси тузилади. Йирик қурилишларнинг лойиҳаси ёки муҳим аҳамиятга эга бўлган якка тартибдаги лойиҳалар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда қурилиш техник-иқтисодий томондан асосланиб унинг умумий меъёрлар асосидаги нарҳи аниқланса, 2-босқичда ишчи лойиҳаси тузилади.
Лойиҳани тайёрлашда тартибини билиш ёш мутахассислар учун ўта муҳимдир. Бунда лойиҳалашга бўладиган тайёргарлик ишларини ҳам билиш зарур. У аввало буюртмачининг қурилиш қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилиши ва зарур ҳолларда ўз қарорини юқори ташкилотларда ҳимоя қилиши билан бошланади. Шундан сўнг қурилиш учун жой танлаш ва уни ажратишга эришиш, лойиҳа учун топшириқ ва қурилиш паспортини тайёрлаш, ҳамда шаҳар (туман) меъморчилик бўлими орқали қурилишга меъморий режалаштириш талаблари тўплами (АПЗ) тайёрлатиш зарур бўлади. Шундан сўнг буюртмачи ва лойиҳачи ўртасида шартнома тузилиб, кейингиси томонидан қурилишнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга киришилади.
Тайёрланган лойиҳа нафақат буюртмачи томонидан, балки бош пудратчи томонидан хам маъқулланиши лозим. Лойиҳа маъқул бўлгандан сўнг қабул қилинган ечимларни нақадар тўғри эканлигига, сметаларнинг мавжуд меъёрлар асосида тузилиб капитал маблағларнинг максимал самарадорлигини таъминлаш кўзда тутилганлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида лойиҳа мутасадди ташкилотлар орқали экспертизага юборилади. Экспертизадан ўтказилиб тасдиқланган топшириқ қурилиш учун қабул қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |