2.3. Кассадаги нақд пул маблағларининг кирими ва чиқимини ҳужжатлаштириш. Касса муомалаларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 16 майдаги 12/17-сонли қарори билан тасдиқланган «Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»5 қарори билан тартибга солинади.
Бевосита корхона кассасидан нақд пулни олиш ва сарфлаш билан боғлиқ бўлган муомалалар касса муомалалари жумласига киради. Барча мулкчилик шаклидаги корхоналар ўз кассаларида нақд пул қолдиқлари лимитлари чегарасида нақд пулларни сақлаб туришлари ва уларни тушумдан олиб, меъёрлар чегарасида фойдаланишлари мумкин.
Касса муомалаларини олиб бориш учун корхона штатидан кассир ажратилади. У ўзи қабул қилиб олган барча бойликларнинг бут сақланиши учун тўлиқ моддий жавобгар шахс ҳисобланади. Кассирни тайинлаш бўйича буйруқ чиққанидан сўнг корхона раҳбари уни касса муомалаларини олиб бориш тартиби билан таништириши, тўлиқ якка моддий жавобгарлик ҳақида у билан шартнома тузиши шарт. Кассир ўз вазифаларини ҳеч кимнинг зиммасига юклай олмайди. Кассирни вақтинчалик алмаштиришга эҳтиёж туғилганида корхона раҳбарининг қарори асосида унинг вазифалари бошқа ходим зиммасига юкланади. Ўз навбатида, у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади. Кассир тўсатдан ишни ташлаб кетишга мажбур бўлганида (касал бўлганида ва бошқа ҳолларда) унинг ҳисобдорлигидаги бойликларни корхона раҳбари тайинлаган шахслардан иборат комиссия бошқа кассирга ўтказади. Бунда қайта ҳисоблаш натижалари ва бойликларни бериш ҳақида далолатнома тузилади, унга комиссия аъзолари имзо чекади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 16 майдаги 12/17-сонли қарори билан тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 22 июнда 2687 рақам билан рўйхатдан ўтказилган) «Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» қарорининг 11-13 бандларига мувофиқ, Ташкилотлар томонидан ҳақиқийлиги шубҳалантирмайдиган ва улар қийматини белгилайдиган сўзлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, серияси ва рақамлари тўлиқ сақланган банкнотлар, улар умумий ўлчамининг 55 фоизи мавжуд бўлса ҳамда шикастланиш даражасидан қатъи назар, тўлиқ ҳажмини ва юз томонида қиймат тасвирини сақлаган металл тангалар тўловга қабул қилинади.
Ташкилотлар:
- исталган қисми, жумладан тўловлилик аломатлари белгиланишига таъсир этадиган даражада тешилган, йиртилган, сийқаланган жойлари, доғлари бўлган, сиёҳда ёзилган;
- айрим қисмлари шак-шубҳасиз битта билетга тегишли бўлган йиртилган ва елимланган;
- қийматини кўрсатадиган рақамлар, ёзувлар бўлган қисмлардан ташқари, ўз рангини ўзгартирган, куйган (кўпроқ куйган);
- тўлиқ ҳажмини сақламаган банкнотларни тўловга қабул қилиши ва пул тушуми таркибида банкларга топшириши лозим.
Ушбу талабларга мувофиқ келмайдиган банкнотлар ва тангалар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва банклар томонидан экспертизага қабул қилинади.
Ташкилотлар кассасига нақд пуллар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахснинг имзоси қўйилган касса кирим ордери бўйича қабул қилинади.
Нақд пул қабул қилинганда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс ҳамда кассир томонидан имзоланган, кассир муҳри (штампи) билан тасдиқланган касса кирим ордери ёки касса аппаратининг изи туширилган чипта (слип) пул топширган шахсга берилади.
Корхона кассасига нақд пулларни қабул қилиш КО-1 шаклидаги касса кирим ордери билан амалга оширилади. У икки қисмдан иборат: кирим ордери (бланкнинг чап қисми) ва унга оид квитанция (ўнг қисми). Касса кирим ордерини бухгалтерия ёзиб беради ва бош бухгалтер ёки у ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
Нақд пуллар кассадан касса чиқим ордерлари (КО-2 шакли) ёки касса чиқим ордерларининг ўрнини босадиган, махсус штамп билан босилган бошқа ҳужжатлар (тўлов қайдномалари, пул бериш учун ариза, ҳисобварақлар ва ҳоказо) асосида берилади.
Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларининг 1-иловасига муфовиқ касса давтарининг тузилиши қуйидагича