27 - М А Ъ Р У З А
УЮШИҚ БЎЛАКЛИ ГАПЛАР
Режа:
1. Уюшиқ бўлаклар ҳақида умумий маълумот
2. Уюшиқ бўлакларда кўплик, эгалик ва
келишик қўшимчаларининг қўлланиши
3. Умумлаштирувчи бўлак (қисм) ва унда
тиниш белгиларининг ишлатилиши
4. Уюшиқ ва уюшмаган сифатловчи-аниқловчи ҳамда ҳоллар
1-§. Уюшиқ бўлаклар ҳақида умумий маълумот
Ҳар бир гап бўлаги гапда бирдан ортиқ бўлиши мумкин. Бундай гаплар уюшиқ бўлакли гаплар деб юритилади. Бир хил сўроққа жавоб бўлиб, ўзаро тенг алоқада, бошқа бўлаклар билан тобе алоқада бўладиган ва гапдаги бир бўлакка боғланган бўлаклар гапнинг уюшиқ бўлаклари деб аталади. Бу бўлаклар ўзаро тенг боғловчилар ёки санаш оҳанги билан боғланади: Бола гоҳ менга, гоҳ унга қарар эди. Гапнинг барча бўлаклари уюшади:
1) эга уюшади: Бугун Анвар ёки Собир навбатчилик қилади.
2) Кесим уюшади: а) феъл-кесим: У аста жойига ўтирди ва гапира бошлади. б) от-кесим: Йўл кенг ва текис эди.
3) тўлдирувчи уюшади: а) воситасиз тўлдирувчи: Китоб(ларни) ва дафтарларни келтирди. Б) воситали тўлдирувчи: Акамга ва опамга хабар қилдик. 4) аниқловчи уюшади: а) сифатловчи-аниқловчи: Салқин ва баҳаво боғда дам олдик. Б) қаратқич-аниқловчи: Олма(нинг) ва шафтолининг ҳосили мўл бўлди.
5) ҳол уюшади: а) вазият ҳоли: Топшириқни тез ва пухта бажардик. б) пайт ҳоли: Бугун ва эртага мен навбатчилик қиламан. в) ўрин ҳоли: Шаҳар ва қишлоқларда қурилишлар авжига чиққан. г) сабаб ҳоли: Қувонч(дан) ва шодликдан тили гапга айланмас эди. д) мақсад ҳоли: У шаҳарга ўқиш ёки ишлаш мақсадида келган эди. е) миқдор ҳоли: Мен сизга ўн марта, юз марта гапирдим. ё) шарт ҳоли: Агар меҳнат қилмасанг, интилмасанг ўз мақсадингга эриша олмайсан. ж) тўсиқсизлик ҳоли: У чарчаса ҳам, йиқилиб қолгудек бўлса ҳам юришдан тўхтамади.
Уюшиқ эгалар шахсни англатса, кесим бирликда ҳам, кўпликда ҳам бўлиши мумкин: Карим, Салим ва Аҳмад келди(лар). Уюшиқ эгалар жонсиз нарсаларни ифодаласа, кесим одатда, бирликда бўлади: Стол ва стуллар тартибга келтирилган.
Гапда кўмакчи феълли сўз қўшилмалари уюшиқ кесим бўлиб келганда баъзан кўмакчи феъл етакчи феълларнинг энг сўнггисига боғланиб келиши мумкин: У аллақачон ёзиб, чизиб бўлди.
Уюшиқ бўлаклар ёйиқ ҳолда ҳам бўлади: Маърузачига қизиқ, кишини ҳайратда қолдирадиган саволлар беришди.
Уюшиқ бўлаклар жуфт-жуфт бўлиб ҳам қўлланади: Шаҳримизда кенг ва текис, тоза ва ёруғ кўчалар кўпаймоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |