3-§. Ундов белгиси
Ундов белгиси қуйидаги ўринларда қўйилади:
1. Кучли ҳис-ҳаяжонни ифодалаган гаплардан сўнг: Ёшлигимизда нақадар бахтиёр эдик!
2. Буюриш, тилак, орзу маъноларини ифодалаган гаплардан сўнг: Ҳозироқ буларни кўзимдан йўқот! Қани энди қуш каби осмонда парвоз қилса!
3. Гап бошида келиб, кучли ҳис-ҳаяжон ифодалаган ундалмалардан, ундов ҳамда ҳа ва йўқ сўзларидан сўнг: Йўқ! Рустам бундай қабиҳликка бормайди ҳеч қачон! Азизлар! Сизни мустақиллик байрами билан табриклайман!
4-§. Кўп нуқта
Кўп нуқта қуйидаги ўринларда қўйилади:
1. Фикрнинг тугалланмаганлиги, сўзловчининг ҳаяжонланиб яна нимадир айтмоқчи эканлигини кўрсатиш учун: Агар ҳозир гапингизни тўхтатмасангиз...
2. Баъзан кўп нуқта сўзловчининг ўйлаши, мулоҳаза қилишини кўрсатади: Бугун... бугун олдингизга ўтсам бўладими?
3. Баъзан кимнингдир саволга жавоб бермай индамай турганини кўрсатиш учун ҳам кўп нуқта қўйилади:
- Мендан розимассиз, биламан, кечирмайсиз...
- ...
4. Бирор сўз ёки гапнинг туширилганини кўрсатиш учун: Бугун еттинчи бўлимга келиб, ... фиғони ошди.(Т.Малик)
5-§. Кўп нуқта, ундов ва сўроқ белгиларнинг
бириккан ҳолда келиши
1. Сўроқ мазмунига қараганда ҳис-ҳаяжон кучли бўлган сўроқ гаплардан кейин ундов ва сўроқ белгиси бириккан ҳолда (!?) қўйилади: Гўзаллик оламни қутқаришига ким ишонмайди!?
2. Кучли ҳис-ҳаяжон билан берилган саволни ифодалайдиган сўроқ гаплардан сўнг сўроқ ва ундов белгиси бириккан ҳолда қўйилади: - А?! – Хонкелдиева турган ерида сурат бўлиб қолди. - Директоримиз-а?! (Ҳ.Ғ.)
3. Кучли ҳис-ҳаяжон ифодаланган ва мазмунан тугалланмаган гаплардан кейин ундов белгиси ва кўп нуқта бириккан ҳолда (!..) қўлланади: -Нафиса!.. Нафисаой!.. – деди Азиз ўпкаси юмшаб, кўзларига қайноқ ёш келди.(Ҳ.Ғ.)
4. Мазмунан тугалланмаган сўроқ гаплардан сўнг сўроқ белгиси ва кўп нуқта бириккан ҳолда (?..) ишлатилади: - Нима дедингиз? Буларнинг ҳаммаси мен учун?...
6-§. Вергул
Вергул қуйидаги ўринларда қўйилади:
1. Уюшиқ бўлаклар орасида:
1) боғловчисиз бириккан уюшиқ бўлаклар орасида Андижон, Наманган, Қўқон, Марғилон – Ўзбекнинг чамани, боғу бўстони. (Ғ.Ғ.) 2) такрорланувчи боғловчилар билан бириккан уюшиқ бўлаклар орасига: У гоҳ кулимсирайди, гоҳ чуқур ўйга толади. 3) зидловчи боғловчилар ёрдамида бириккан уюшиқ бўлаклар орасига: Замиранинг баланд, аммо майин овози бор эди. (П.Қ.)
2. Ундалмаларни ажратиш учун: Эртага, азизим, тоққа жўнаймиз.
3. Кириш сўзларни ва тузилишига кўра мураккаб бўлмаган кириш гапларни ажратиш учун: Хуллас, эртага шу ерда йиғиладиган бўлдилар. Мен сизга айтсам, одамнинг ёмони бўлмайди.
4. Ҳа ва йўқ сўзларини гап бўлакларидан ажратиш учун: Ҳа, бу гапингиз тўғри. Йўқ, эртага кела олмайман.
5. Гапнинг ажратилган бўлакларини айириб кўрсатиш учун: "Биз, ёшлар, ота-боболаримиз қолдирган бебаҳо меросни кўз қорачиғидай асрашимиз керак".
6. Боғловчисиз боғланган қўшма гапларда: Эшик очилди, ичкарига муздай ҳаво ёпирилиб кирди.
7. Ва, ҳам, ҳамда, ёки (ёлғиз келган) боғловчиларидан бошқа боғловчилар билан боғланган қўшма гапларда: Ҳамма гапирди, лекин у бир чеккада хомуш ўтирар эди.
8. Эргаш гапни бош гаплардан ажратиш учун: Ҳамма йиғилгач, мажлис бошланди.
9. Муаллиф гапини кўчирма гапдан ажратиш мумкин:
- Бугунги қилган эзгу ишларимиз, - деди ота, - келажак учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |