Литосфера плиталарини силжитувчи кучлар. Ҳозир литосфера плиталарининг горизонтал ҳаракатлари мантиянинг иссиқлик-гравитацион оқимлари - конвекция туфайли содир бўлишига шубҳа йўқ. Бу оқимлар энергиясининг манбаи бўлиб, Ернинг марказий қисмлари ва юзасидаги ҳароратлар фарқи ҳисобланади. Ер ядросидаги ҳарорат жуда юқори, тахминан 5000 С деб баҳоланади.
Конвектив оқимлар ёпиқ занжир шаклига эга бўлади. Уни оддий тажрибада текшириб кўриш мумкин. Бунга ўқувчи кастрюлкадаги сувни газ горелкасида қиздириш йўли билан ишонч ҳосил қилиши мумкин. Идиш тубидаги ҳароратнинг ошиши билан сув қалинлигида ҳарорат градиенти ва юқорига ҳаракатланувчи иссиқлиқ оқими юзага келади. Қизиган сув баландга кўтарила бошлайди, юзаси бўйлаб ёйилади ва, совуши туфайли, идишнинг девори бўйлаб пастга тушади. Бу ҳолда суюқликнинг барча қатламлари конвекцияга жалб этилади. Ҳосил бўлган конвекция тартибли ва бир ярусли бўлади. Агар бир қанча горелкадан фойдаланилса конвекция тартибсиз ҳолга келади. Аммо ҳар икки ҳолда ҳам сувнинг бутун қатлами конвекцияга жалб қилинган, конвекциянинг ўзи эса бир ярусли бўлади. Бошқа тажрибада ўзаро аралашмайдиган суюқликларнинг икки қатламли (сув, мой) моделидан фойдаланамиз. Уни қиздириш жараёнида конвекциянинг икки сатҳи вужудга келади ва уларнинг ҳар бирида мустақил занжирлар ҳосил бўлади. Бу ҳолда конвекция икки сатҳли ёки икки ярусли ҳисобланади.
Ер мантиясида ҳам, суюқликлар билан ўтказилган тажрибадаги сингари, конвектив оқимлар вужудга келади. Аммо бу жараён жуда мураккаб бўлиб, кўп омилларга боғлиқ бўлади. Энергия генерациясининг турли сатҳларда ва турли жадалликда кечиши, жинсларнинг юқори қовушоқлиги, мантия ва пўстлоқнинг қатламларга ажралганлиги ва латерал бир жинсли эмаслиги шулар жумласидандир. Улар тоғ жинсларининг турли петрокимёвий таркиби, зичлиги ва қиздирилганлиги билан боғлиқ.
Қовушоқ мантия моддасининг ҳаракатга келтирувчи кучи конвектив оқимнинг пастки ва устки қисмларида зичликнинг ўзгачалигидан келиб чиқади.
Зичлик мантия оқимининг кўтарилган қисмида паст бўлиб, оқимнинг чўкадиган жойи томон яқинлашган сари ортиб боради. Ер пўстининг чўкаётган оқим устидаги оғирлик кучи шундай юқорики, вақти-вақти билан пўстнинг мустаҳкамлигидан ошиб кетади (энг паст мустаҳкамлик ва энг юқори кучланиш жойлари), яъни пўстнинг ноэластик (пластик, мўрт) деформацияси - зилзила вужудга келади. Бунда пўстнинг деформацияланувчи жойларидан бутун бир тоғ тизмалари, масалан, Ҳимолай сиқиб чиқарилади. Пластик (мўрт) деформация жуда тез (зилзила вақтида пўстнинг сурилиш тезлигида) сусаяди, зилзила ўчоғи марказида ва унинг атрофида кучланиш камаяди.
Шундай қилиб, литосфера плиталарининг ҳаракати – Ернинг марказий қисмидан жуда қовушоқ магма билан иссиқлик олиб келиниши оқибати ҳисобланади. Бунда иссиқлик энергиясининг бир қисми ишқалиш кучини енгиб ўтиш учун механик ишга айланади, бир қисми эса, ер пўстидан ўтаётганда, атрофдаги бўшлиққа тарқаб кетади. Демак, бизнинг сайёра маълум маънода иссиқлиқ двигатели ҳам саналади.
Ер қаъридаги ҳарорат тўғрисида бир неча гипотезалар мавжуд. XX асрнинг бошларида бу иссиқлик энергиясининг радиофаол табиати тўғрисидаги гипотеза оммавий бўлган. Биринчи кўринишда у ер пўстида уран, калий ва бошқа радиоактив элементларнинг анча юқори концентрацияси билан тасдиқланган, аммо кейинчалик ер пўсти жинсларидаги радиоактив элементларнинг миқдори кузатиладиган иссиқлиқ оқимини таъминлаш учун мутлақо етарли эмаслиги аниқланди. Пўстости моддасидаги (таркиби бўйича океан туби базальтларига яқин) радиоактив элементларнинг миқдори жуда ҳам кам. Аммо бу сайёранинг марказий қисмида иссиқлик ажратиб чиқарувчи оғир элементларнинг анча юқори миқдорини истисно қилмайди.
Иккинчи модел - қизишни Ернинг кимёвий дифференциацияси орқали тушунтиради. Дастлаб сайёра силикатли ва металли моддаларнинг аралашмасидан таркиб топган. Аммо сайёранинг ҳосил бўлиши билан бир вақтда унинг муайян қобиқларга дифференциацияланиши бошланган. Анча зич металли қисми сайёранинг марказига қараб ҳаракатланган, силикатлар эса устки қобиқларда тўпланган. Бунда тизимнинг потенциал энергияси камайиб борган ва иссиқлиқ энергиясига айланган. Бошқа тадқиқотчилар эса сайёранинг қизиши метеоритларнинг зарбаси таъсиридаги аккреция туфайли содир бўлган деб тахмин қилишган.
Do'stlaringiz bilan baham: |