Услубий хатолик - ўлчаш усулининг назарий жиҳатдан аниқ асосланмаганлиги натижасида келиб чиқади. Услубий хатоликнинг асосий манбаи ўлчаш объекти моделининг объектнинг хусусиятларига мос эмаслиги ҳисобланади. Масалан, ўлчаш воситаларини ҳисоблашда ишлатиладиган тенгламаларни соддалаштирилиши, хатоликнинг компенсациялашда киритиладиган тузатма коэффициенти салмоқли хатоликка олиб келади.
Мунтазам хатоликнинг услубий ташкил этувчилари қуйидаги сабабларга кўра ҳосил бўлади:
- ўлчаш объекти моделининг параметрлари ўлчанадиган катталик сифатида қабул қилинганида;
- ўлчанадиган катталик билан ўлчаш воситасининг киришидаги қийматини боғловчи функция аргументларини қабул қилинган қийматларидан четга чиқиши;
- квантлаш эффектидан ҳосил бўладиган хатолик;
- ҳисоблаш алгоритмининг кузатишлар натижалари билан ўлчанадиган катталикнинг боғловчи функциядан фарқ қилиши;
- саралаш ва тайёрлашда ҳосил бўладиган хатоликлар;
Услубий хатолик баъзида назарий хатолик деб ҳам юритилади.
Асбобий (қурилмавий) хатоликлар - ишлатиладиган ўлчаш воситаларининг хусусиятлари идеал бўлмаган тақдирда ҳосил бўлади:
-ўлчаш воситасининг конструктив камчиликларидан;
-ўлчаш воситасини тайёрлаш технологиясининг мукаммал эмаслигидан;
-алоҳида элементларни эскириши ва ейилишидан;
-ўлчаш воситаларининг асосий ва қўшимча хатоликларидан;
-ўлчаш воситаларининг инерционли хусусиятларидан;
-даражалаш хатолиги ёки шкаланинг силжишидан;
-ўлчаш воситасининг ўлчаш объекти билан ўзаро таъсирлашувидан;
-ўлчаш информациясини узатишда ва бошқа факторлар таъсирида ҳосил бўладиган хатоликлар;
Субъектив хатоликлар кузатувчининг индивидуал хусусиятларига боғлиқ бўлиб, унинг ўлчаш техникаси бўйича билимига, қатор унинг физиологик факторларига, масалан, унинг сезиш тезлигига, қанчалик тез сезишига, ранг қабул қилиш, кўриш, эшитиш каби қобилиятининг ўткирлигига боғлиқ.
Субъектив хатолик бундан ташқари операторнинг ўлчаш воситасига ва ўлчаш объектига таъсиридан содир бўлиши мумкин (температура майдонининг ўзгариши, механик таъсирлар ва бошқалар).
Бу гуруҳ хатоликларига қуйидагилар киради:
- шкала ва диаграммадан ўлчанадиган катталик қийматини санашдаги хатолиги;
- махсус техник воситасиз диаграммани ишлаб беришдаги хатолиги;
- операторни ўлчаш воситаси ёки объектини суриб юбориши, туртиб юбориши оқибатидаги хатолик.
Баъзида субъектив хатоликни шахсий хатолик деб ҳам юритилади. Одатда субъектив хатолик таркибида мунтазам хатоликдан ташқари тасодифий ташкил этувчиси ҳам бўлиши мумкин ва бу кузатувчининг малакаси қанчалик паст бўлса, шунчалик кўп бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |