1. Унчалик катта бўлмаган ижтимоий тизимлар учун хос бўлган бевосита ўзаро таъсир.
2. Шаҳарлар ва умуман, катта ижтимоий тизимларда ҳокимият ва аҳоли ўртасида бавосита ўзаро таъсир вужудга келади. Бунда воситачилик вазифасини оммавий ахборот воситалари, ПИАР ва реклама агентликлари кабилар бажаришади.
Жамоатчилик назоратини амалгаоширишда ОАВни ролини ошириш.
Жамоатчилик назорати жуда қадим замонлардан буён мавжуд. Масалан, ибтидоий жамоада шахс хулқини жамоа назорат қилган. Агар шахс хулқ-атворида жамоа томонидан қабул қилинган меъёрлардан оғиш бўлса, жамоа аъзолари турли санкциялар ёрдамида унинг хулқини тегишли томонга ўзгартирган.
Ўзбекистонда қадимдан ўзини ўзи бошқариш органи бўлган маҳалла назоратчилик функцияларини ҳам бажарган. Бундай функцияни маҳалла жамоаси юқоридан туширилган фармонлар, буйруқлар ва бошқа ҳуқуқий меъёрларга муносабат билдириш шаклида ифодалаган.
Жамоатчилик назорати узоқ тарихга эга бўлса ҳам, уни илмий тушунча сифатида фанга ижтимоий психологиянинг асосчиларидан бўлган Т.Тард олиб кирди. Унинг талқинида мазкур тушунча жиноятчининг хулқ-атворини меъёрий қоидалар доирасига қайтариш учун қўлланиладиган усуллар мажмуини ифодалаган. Кейинроқ, бу тушунчанинг мазмуни анча кенгайди. Бундай кенгайиш америкалик социологлар Э.Росс ва Р.Парк тадқиқотлари туфайли юз берди. Уларнинг талқинида жамоатчилик назорати индивидга унинг хулқ-атворини ижтимоий меъёрларга мос келтириш мақсадида ўтказиладиган таъсирни англатади.
Америкалик социолог Т.Парсонс тавсифида жамоатчилик назорати санкциялар ёрдамида девиант хулқ-атворга таъсир ўтказиш орқали уни меъёрий ҳолатга келтиради ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, жамоатчилик назорати ижтимоий тизимнинг ўзини ўзи тартибга солиш усулидир. Мазкур усул ҳуқуқий меъёрлар ёрдамида ҳамда мазкур тизимнинг таркибий қисмлари орқали тартиб ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўтказилади. Жамоатчилик назоратининг характери, мазмуни, йўналтирилганлиги мазкур ижтимоий тизимнинг характери, моҳияти ва типи билан белгиланади. Жамоатчилик назорати ибтидоий, архаик жамиятларда ҳозирги ривожланган индустриал жамиятлардагига нисбатан мутлақо ўзгача хусусиятга эга бўлади. Архаик жамиятларда у содда тузилмага эга бўлса, индустриал жамиятларда мураккаб тизим сифатида намоён бўлади.
Санкциялар ― жамоатчилик назоратининг элементи. Алоҳида шахслар ва ижтимоий гуруҳларнинг хатти-ҳаракатига тезкор муносабат билдириш мақсадида жамият ижтимоий санкциялар тизимини яратган. Санкциялар ўз моҳиятига кўра, алоҳида шахс ва ижтимоий гуруҳлар, муассаса ва ташкилотларнинг хатти-ҳаракатига муносабатдир. Ижтимоий санкциялар тизимининг вужудга келиши тасодифий ҳол эмас. Меъёрлар жамият қадриятларини ҳимоя қилиш мақсадида яратилган бўлса, санкциялар ижтимоий меъёрлар тизимини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Меъёр санкция ёрдамида ҳимоя қилинмаса, унга одамлар амал қилмай қўяди.
Санкциялар моддий ва маънавий бўлиши мумкин. Моддий санкциялар вазифасини жарима, мол-мулкни мусодара қилиш кабилар бажаради. Маънавий санкциялар эса танқидий фикр, хайфсан, кесатиқ, пичинг, изза қилиш каби шаклларда бўлиши мумкин. Фуқаролик жамияти институтлари маъмурий ва ҳуқуқий санкцияларни қўллаш ваколатига эга эмас. Улар фақат маънавий санкцияларни қўллаши мумкин. Лекин ўринли ва тўғри қўлланган маънавий санкцияларнинг кучи ҳуқуқий санкциялар кучидан кам бўлмаслиги мумкин.
Юқорида баён қилинганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, меъёрлар ва санкциялар бир бутунликни ташкил қилади. Бирорта меъёр тегишли санкцияларга эга бўлмаса, у одамлар ва ижтимоий гуруҳларнинг хулқ-атворига таъсир ўтказа олмайди. Бундай меъёр шиор, чақириқ бўлиши мумкин. Лекин, у жамоатчилик назоратининг таркибий қисми бўла олмайди.
Алоҳида шахс ёки ижтимоий гуруҳ ижтимоий меъёрларга бўйинсунишни истамаса ёки уларни четлаб ўтишга ҳаракат қилса, жамият мажбурлаш чораларини қўллайди. Ҳозирги жамиятларда мажбурлаш орқали назорат қилишнинг қатъий ишлаб чиқилган қоида ва тизимлари мавжуд. Мазкур тизимлар меъёрлардан оғишнинг типлари ва даражасига кўра, мутаносиб равишда қўлланадиган санкциялар йиғиндисидан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |