Шундай қилиб, япон фирмаси «агентлар» иттифоқи моделига жуда яқин ва унда «принципал-агент» хилидаги классик муносабатлар мавжуд эмас. Ушбу фикр қуйидаги фактлар билан ҳам тасдиқланади. Биринчидан, J фирмада ходимларни бўлинмалар ва бажариладиган функциялар бўйича бўлишдан фаол фойдаланилади: ўзаро боғлиқ операцияларни бажаришга ҳам, раҳбарлик функциясини амалга ошҳиришга ҳам қодир бўлган универсал ходим идеал ҳисобланади. Масалан, янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи муҳандисларни ишлаб чиқариш жараёнига сафарбар этиш амалиёти, ва аксинча, «линияли» муҳандисларнинг тажриба-конструкторлик бюросидаги ҳар йиллик стажировкаси кўпроқ горизонтал мувофиқлашувга мисол бўлади. Мувофиқлашувнинг горизонтал тамойиллари фирма ичида ахборот оқимлари айланишини шунчалик оптималлаштириш имконини берадики, бўлинмалар шиддат билан ишлаб ва зарурат туғилишига қараб («аниқ ўз вақтида» тизими) янги партияларни бошқа бўлинмаларга буюртма қилгани ҳолда, суғурта ва бутловчи қисмлар заҳираларини барпо этмасдан фаолият кўрсатишда давом этишади.
Иккинчидан, ротация тамойили ходимларнинг мансаб бўйича ўсишларини режалаштиришнинг асосида ётади. J фирмада даража иерархияси амал қилади, яъни ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг ижтимоий мақоми ишлаб чиқариш ўлчами билан эмас, балки фирма ичидаги иерархиянинг даражаси билан белгиланади. Янгидан ишга қабул қилинган ходим учун лавозимда ўсиш паст пағоналардан бошланиб, унинг бутун меҳнат фаолияти мобайнида давом этади. Шуниси қизиқки, акциядор банклар ҳам, J фирма ҳам, унинг контрагентлари ҳам даражаларнинг ягона иерархиясини ҳосил қилади. Шунинг учун ходимнинг мансабда кўтарилиши корхонадан бошланиб банкда ёки контр-агент фирмада давом этиши мумкин ва аксинча.
Япония корпорацияси агентлар иттифоқи томонидан назорат қилинади, бу фирманинг мақсадли функциясини ўзгартиради: фойдани кўпайтириш унинг мақсадлари иерархиясида энди даслабки ўринни эгалламайди. Фирма томонидан назорат қилинадиган бозор улушининг узлуксиз ўсишини таъминлаш биринчи ўринда туради, чунки бундай ўсиш ташкилий экспансия, тузилмани кенгайтириш ва ривожлантириш учун замин яратади.Ўсиш уни таъминлаганларни мукофотлайди, - тамойили айнан япон фирмаларига нисбатан тўғри, уларда ташкилий экспансия даражалар сонини оширади ва, демак, унинг ходимларининг мансабдаги ўсишини яхшилайди. Бошқача айтганда, акциядорларни ҳам, ходимларни ҳам назорат қилиш ишлаб чиқариш ва сотув ҳажмини ошириш орқали фирмани ташкилий квазирентани оширишга йўналтиради: фақат ана шундай мақсад турли мулкдорларнинг манфаатларини тенглаштиради.
J фирманинг унинг асосий контрагентлари – ўзаро боғлиқ корхоналар ва давлат билан ўзаро муносабатларига тўхталадиган бўлсак, ҳар бир фирма квазидоимий ўзаро боғлиқ корхоналар – «кейретсу» доирасига эга. Бунда «Toyota» хилидаги йирик корпорацияларда ўзаро боғлиқ корхоналар бош фирма атрофида учта эшелонга гуруҳланади. Биринчиси – энг барқарор фирмалар (неоклассик шартнома асосида ишловчи бундан ўзаро боғлиқ корхоналарнинг сони «Toyota»да 122 та), иккинчиси – бозордаги вазият тубдан ўзгарган ҳолатда улар билан муносабатлар узилиши мумкин бўлган (5437 та) фирмалар, учинчиси - қисқа муддатли шартномалар асосида ишловчи етказиб берувчилардан (41703 та фирма) таркиб топади. «Кейретсу»ни тузишда ўзаро боғлиқ корхоналарнинг нуфузи асосида трансакция харажатларини тежаш омилига хатарни бўлиш омили қўшимча қилинади: бозор конъюнктурасининг асосий таъсирини иккинчи ва айниқса учинчи эшелон таркибидаги ўзаро боғлиқ корхоналар ўзларида ҳис этишади.
Давлат билан муносабатларга келсак, А фирмадан фарқли ўлароқ J фирма тўлиқ мухториятга ва мустақилликка интилмайди. Амалда давлатга япон фирмаси томонидан корпоратив манфаатлар ва умуман жамият манфаатлари ўртасидаги ҳакам, медиатор сифатида, корпорациялар курашида эса мувозанатни сақлашнинг кафили сифатида қаралади.
Do'stlaringiz bilan baham: |