Aim.uz
Корхона тушунчаси, белгилари, шакллари ва турлари
Жамиятда учта асосий иқтисодий субъектлар товар-пул муносабатларига асосан алоқа қилиб туради. Булар давлат, корхона ва уй (оила) хўжалигидир.
Буларнинг муносабатлари икки томонлама характерга эга бўлади. Давлат билан бозор субъектларининг муносабатлари асосан қонунлар, қонуний ҳужжатлар билан тартибга солинади, лекин хўжалик алоқалари (олди-сотди) шартномалар, келишувлар, давлат буюртмалари, контрактлар, давлат субсидиялари орқали амалга оширилади.
Бозор субъектлари (корхона, уй хўжалиги)нинг алоқалари, муносабатлари шартномалар асосида амалга оширилади.
Бозор тизимида иқтисодий субъектларнинг бир-бири билан олди-сотди муносабатларининг предметларини келтирамиз (1.2.1-жадвал).
1.2.1-жадвал.
Бозор субъектларининг олди-сотди предметлари
Бозор субъектлари
|
Сотиш предметлари
|
Сотиб оладиган предметлари
|
I Давлат
|
Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ҳаво бўшлиғи, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, уй-жой, лицензия, давлат ташкилотлари ва муассаларининг хизматлари
|
Давлат ва жамиятга зарур бўлган товарлар (давлат бошқарув органлари, мудофага ва ҳоказолар), ишчи кучи, жиҳозлар, фан-техника ютуқлари ва бошқалар
|
II Корхона
|
Товарлар, хизматлар, ўзига тегишли моддий неъматлар, интеллектуал мулк
|
Ер, табиий бойликлар, моддий ресурслар, ишчи кучи, товарлар, хизматлар, қимматбаҳо қоғозлар ва ҳоказолар.
|
III Уй хўжалиги
|
Ишчи кучи (меҳнат), ўзига тегишли моддий неъматлар, товарлар, хизматлар
|
Истеъмол товарлари, хизматлар, моддий неъматлар
|
Хўжалик фаолияти билан, хўжалик ишлари билан ҳар бир шахс, фуқаро қадимдан шуғулланиб келган. Улар ўз ўзини таъминлаш масаласини ҳал қилиш билан шуғулланишади. Бундай хўжалик юритиш шаклига уй (оила) хўжалиги деб юритилади ва у жамиятнинг бирламчи, бошланғич бўғинидир. Уларнинг белгиларига қуйидагиларни киритиш мумкин: 1. шахсий эҳтиёжни қондириш, улар ишлаб чиқарган нарсасини ўзи ёки оиласи истеъмол қилади, улар ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ҳисобланадилар. Ҳозирги замонда уй (оила) хўжаликлари ортиқча маҳсулотларини сотиш учун бозорга ҳам чиқаради. Бундай ҳолларда оила хўжалик фаолиятидан қўшимча даромад манбаи сифатида фойдаланилади ва улар қисман жамиятни, бошқаларни эҳтиёжини қондириш учун хизмат қилган ҳисобланади. Бундай ҳолда уй хўжалигининг маҳсулоти товар шаклига айланади;
2. Улар фаолиятида шахсий мулкидан фойдаланади (айрим ҳолларда кредит ёки ссудалардан фойдаланиши эҳтимолдан ҳоли эмас);
3. Ўз иш кучини ишлатишади, ёлланма ишчи кучидан фойдаланилмайди;
4. Фаолиятида ишлатиладиган барча ресурслардан самарали фойдаланишга ва кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқишга интилишади;
5. Юридик шахс мақомига эга бўлмайди, уларга ҳокимиятдан рухсатнома олиш шарт эмас;
6. Фаолият юритишда мустақил қарорлар қабул қилади; ва ниҳоят, улар ўз таваккалчилиги асосида иш юритади.
Жамиятнинг асосий бўғинини, ишлаб чиқариш ва хизматни бозор ва жамият учун амалга оширувчи, ўз хўжалик фаолиятини ўз эҳтиёжини (талаби) учун эмас, ташқи, бошқалар эҳтиёжини (талабини) қондиришга йўналтирувчи корхоналар ташкил қилади.
Бундай ҳолларда иқтисодий фаолият ижтимоий, оммавий характер олиб, улар нафақат ўзи ёки оиласи учун, балки бошқалар учун ижтимоий-иқтисодий мақсадни кўзлаб ишладилар. Шунинг учун ҳам корхона таърифини ёритиш учун, унинг мазмунига ҳар тамонлама ёндашиш зарур. Корхона иқтисодиётига бағишланган адабиётларда бу масалага яхлит ёндашув мавжуд бўлиб, унинг мазмунига ташкилий-иқтисодий, ҳуқуқий нуқтаи назардан, ҳамда корхонанинг жамиятда тутган ўрни, мавқеига қараб ёндашиш тавсия қилинади.
Ташкилий иқтисодий нуқтаи назардан қараганда корхона - моддий, меҳнат ва молиявий ресурслар мажмуасидан иборат бўлиб, у тадбиркорлик фаолияти асосида ташкил қилиниб, маҳсулот ишлаб чиқиш, бирон бир иш ёки хизматни аҳолининг, бозорнинг талабларини қондириш ва фойда олиш мақсадида ёки социал аҳамиятга эга бўлган функциясини бажаришдир. Шундай қилиб корхона хўжалик субъекти бўлиб, унинг мақсад ва вазифалари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан келиб чиқади.
Корхона тушунчасининг муҳим тамонларидан бири, фаолиятидаги барча масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эгалик қилади, ўз ҳаракатларига жавобгар ҳисобланади. Бу нуқтаи назардан корхона жамиятнинг мустақил хўжалик субъекти сифатида намоён бўлади.
Корхона тушунчасини унинг жамиятда тутган ўрни ва аҳамиятисиз кўз олдингизга келтириб бўлмайди. Бу масала 2,1 парагрифда ёритилган. Бу нуқтаи назардан ёндашиш корхонага жамиятнинг асосий бўғини сифатида ёндашишни тақозо қилади.
Ниҳоят корхона тушунчасининг ҳуқуқий мақоми мавжуд бўлиб, у албатта ҳуқуқий шахс бўлиши шарт. Ҳуқуқий шахс сифатида корхонага “Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг биринчи моддасида қуйидагича таъриф берилган: “Ҳуқуқий шахс ҳуқуқига эга бўлган, мулкчилик ҳуқуқи ёки хўжаликни тўла юритиш ҳуқуқи бўйича ўзига қарашли мол-мулкдан фойдаланиш асосида маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва сотадиган ёки маҳсулотни айрибошлайдиган ишларни бажарадиган, хизмат кўрсатадиган, беллашув ҳамда мулкчиликнинг барча шакллари тенг ҳуқуқлиги шароитида амалдаги қонунларга мувофиқ, ўз фаолиятини рўёбга чиқарадиган мустақил хўжалик юритувчи субъект корхона ҳисобланади”.
Корхона ҳуқуқий шахс мақомига эга бўлиш учун қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: фаолият юритиш ёки бошқариш учун биринчидан, мол-мулкига эга бўлиши;
иккинчидан, мажбуриятларига мол-мулки билан жавоб бериш;
учинчидан, мулкни сотиш, сотиб олиш;
тўртинчидан, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга ошириш;
бешинчидан, судда жавобгар ва талабгар бўлиши мумкинлиги;
олтинчидан, мустақил хўжалик балансига эга бўлиш.
Юқоридагилардан келиб чиқиб корхонага қуйидагича таъриф бериш назарий ва амалий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблаймиз.
-
Корхона - жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланувчи, аҳолининг талабини қондириш ва фойда олиш ёки бошқа ижтимоий функцияларни бажариш мақсадида, хусусий ресурслардан фойдаланиш асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган, айрибошлайдиган, ҳамда бошқа ишларни ва хизматларни бажарадиган, фаолияти бўйича қарорлар қабул қиладиган ва унга жавобгар, ҳуқуқий шахс мақомига эга бўлган, ҳар хил масштабдаги хўжалик юритувчи субъектдир.
|
Ушбу таъриф мақсади, фаолияти, шакли, турлари ва мулк шаклидан қатъий назар барча корхоналарга тааллуқлидир.
Хўжалик юритувчи субъекти корхона мақомига эга бўлиши учун жаҳонда қабул қилинган қуйидаги белгиларга жавоб бериши зарур. Бу белгилар унинг таърифидан келиб чиқади.
Корхона хўжалик юритувчи субъект сифатида ишчи коллективини ташкил қилишни аниқ тизимига (системасига), корхонанинг таркибий тузилиш, бошқариш технологияси ва тартибига эга бўлиши керак. Шундай қилиб, корхонанинг биринчи белгиси унинг ташкилий тузилиши ва бошқарилиши.
Корхона ташкилий яхлитлиги унинг иккинчи белгисидир.. Ташкилий яхлитлик тегишли тартибда корхонанинг таъсис этувчи ҳужжатларида ўз аксини топган бўлиши керак.
Учинчи белгиси ўзлик мулкига эга бўлиши. Корхона мол-мулкини ўз ҳоҳиши бўйича ишлатиши мумкин.
Тўртинчидан корхона ўз ҳаракати ва бурчлари олдида моддий жавобгарлиги.
Ва ниҳоят корхонанинг охирги белгиси унинг ўз номига эга бўлиши. Бу белги ташқи қарашда формал кўринган билан моддий аҳамиятга эгадир. Чунки у ўз номи билан битимлар тузади, ташқи алоқаларни амалга оширади, ўз имджини асрайди, улуғлайди, суд органларига талабгор ёки жавобгар сифатида чиқади, фаолиятини реклама қилади ва бошқа функцияларини амалга оширади.
Корхоналарнинг шакллари ва турлари масаласига тўхталсак, аксарият адабиётларда (чет эл, ўзимизда чоп этилган) алоҳида белгиларига қараб уларнинг турлари таснифланади. Шакли ва турларига алоҳида урғу берилмайди1. Масалан: 1. “Современная экономика” ўқув курсининг2 22.2. параграфи “Виды и формы предприятий” деб номланган, лекин турлари ва шакллари ажратиб таснифланмаган.
2. В.А.Чженнинг “Хусусийлаштириш асослари” асарида3 ҳам “Корхоналарнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари”бўлимида корхонанинг турлари ва шакллари бир хил маънода ишлатилади. Бу асарда мулк турлари келтирилиб, “Ўзбекистон Республикасида корхоналар тўғрисидаги Қонунга мувофиқ мана шу мулк шакллари асосида корхоналарнинг ҳар хил турлари барпо этилиши мумкин” деб таъкидланган ва корхонанинг қуйидаги турлари келтирилган: Ижара корхонаси; кичик корхоналар; хусусий корхоналар; ҳиссадорлик жамиятлари; қўшма корхоналар.
Бизнинг фикримизча корхоналарни мулк шаклларига ва соҳаларига қараб шаклларга таснифланиши мумкин. Корхонанинг шаклларига тўхталиб ўтамиз.
Корхоналар мулк шаклларига асосланган ҳолда ташкилий-ҳуқуқий шаклларга турланади. “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонунига биноан (4 модда) мулк қуйидаги шаклларда юзага чиқади:
- фуқароларнинг шахсий ва хусусий мулки;
- коллектив (ширкат) мулки, шу жумладан оилавий маҳалла, кооператив мулк, ижарага олинган корхона мулки, акционерлар жамияти, давлат корхонаси коллективининг, жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар, концерн (консарциум)ларнинг мулки, юридик шахс ҳисобланган бошқа жамоалар мулки;
- Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, маъмурий-территориал тузилмалар (комунал) мулкдан иборат давлат мулки;
- аралаш мулк;
- қўшма корхоналар, ажнабий фуқаролар, ташкилотлар ва давлат, шунингдек ажнабий юридик шахслар мулки.
Мулк шаклларига муносиб корхоналар қуйидагича шаклларга таснифланиши мумкин:
- шахсий ёки хусусий мулкга асосланган хусусий корхоналар;
- жамоат мулкига асосланган корхоналар;
- давлат мулкига асосланган корхоналар;
- аралаш мулкга асосланган қўшма корхоналар;
- ажнабий давлатлар, ажнабий фуқаролар мулкига асосланган корхоналар.
Соҳаларга қараб корхоналарни қуйидаги шаклларга ажратиш мумкин: моддий ишлаб чиқариш соҳасидаги; транспорт; қурилиш; алоқа; муомала; хизмат; таълим; инфратузилма (инфраструктура); бошқарув соҳаларидаги ҳамда жамоат жамиятлари ва диний ташкилотлар корхоналарига.
Корхоналар юқорида келтирилган шаклларига яъни мулк шаклига ва соҳаларига мос ҳолда ва алоҳида белгиларига қараб турларга таснифланади.
Ишлаб чиқариш масштаби (ҳажми)га қараб кичик, ўрта ва йирик корхоналарга турланади.
Бу корхоналарга асосан ишчиларнинг сонига қараб тоифага ажратилади. Ўзбекистон Республикасида макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги маълумотига асосан амалдаги корхоналар кўрсаткичлари қуйидаги жадвалда келтирилган1.
Do'stlaringiz bilan baham: |