8.3. Корхоналарнинг иқтисодий барқарорлиги мониторинги ва таҳлилини ўтказиш меъзонлари, кўрсаткичлари тизими
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек :”Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллагимиз керак?” деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим”19.
Табиийки, эртанги кунда аҳолининг ҳаётдан мамнун бўлишлигини таъминлаш учун моддий ва молиявий асослар бўлиши креак. Бунга эришишда эса, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириб бориш муҳим роль ўйнайди. Шу сабабдан ҳам корхоналарнинг иқтисодий барқарорлиги мониторинги ва таҳлилини ўтказиш долзарб масала ҳисобланади.
Ҳозирги кунда корхоналарнинг иқтисодий барқарорлиги мониторинги ва таҳлили Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг 2005 йил 16 мартдаги ГС-05/0271/1-сонли қарори билан тасдиқланган “Корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволи мониторинги ва таҳлилини ўтказиш меъзонларини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга биноан амалга оширилади. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисидаги” Қонунига асосан ишлаб чиқилган.
Низомга кўра корхоналар қуйидаги гурухларга бўлинади:
иқтисодий барқарор;
иқтисодий хатарли;
иқтисодий ночор:
ўз тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга;
ўз тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлмаган корхоналар.
Амалиётда корхоналарнинг иқтисодий ночорлик белгиларини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган меъзонлар тизими ҳам қўлланилади. Уларнинг қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
тўлов қобилияти коэффициенти (Ктқ);
ўз айланма маблағлари билан таъминланганлик коэффициенти (Кхм);
корхона молия-хўжалик фаолияти рентабеллиги коэффициенти (Рих);
активлар рентабеллиги (Кра).
Корхоналар фаолияти самарадорлиги юзасидан узил-кесил қарор қилиш учун қуйидаги қўшимча кўрсаткичлардан фойдаланилади:
ўзининг ва қарзга олинган маблағлар нисбати коэффициенти (Кўқ);
ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш коэффициенти (Ким);
эскириш коэффиценти (Кэск).
Бу кўрсаткичларда корхонанинг самарали фаолиятини англатувчи иқтисодий ва молиявий барқарорлик акс эттирилади. Бундан ташқари, маҳсулотнинг материал сиғими, фонд қайтими, меҳнат унумдорлиги ва рентабеллик кўрсаткичлари, ишлаб чиқаришни режалаштириш ва таҳлил қилишда қўлланса, меъзонлар тизими ёрдамида эса корхоналар ўзларининг фаолият юритиш қобилиятини кўрсатади ҳамда турли хил муаммоли вазиятларда хўжалик судларида ўз манфаатларини ҳимоя қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |