Темир йўл транспорти
Асосий транспорт йўлларининг ўтказувчанлигини ошириш, ташқи савдо юкларини ташишнинг энг катта улуши тўғри келадиган темир йўл транспортининг ҳаракатланувчи ва ташувчи қисмларини модернизация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Пандемия даврида халқаро юк ташишда 5600 га яқин ёпиқ вагонлар,
1 280 совутгичли ва махсус вагонлар жалб этилди.
Шу билан бирга, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, темир йўл соҳасига кейинги 5 йил ичида қўшимча 7 минг юк вагонлари керак бўлади. Шу муносабат билан вагон ва контейнерларга эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундан буён, давлат фақат темир йўл инфратузилмаси ва локомотив хизматлари билан боғлиқ масалаларни тартибга солади, юк вагонлари билан таъминлаш бозор тамойиллари асосида амалга оширилади. Шу муносабат билан, темир йўл вагонларини импорт қилишда хусусий тадбиркорлар учун бериладиган имтиёзлар 2025 йилнинг 1 январигача узайтирилди.
Ўзбекистон – қитъа ичида жойлашган, экспорт шартнома қийматида транспорт харажатларининг улуши юқори бўлган мамлакат ҳисобланади. Жаҳон бозорларида муваффақиятли рақобат қилиш учун экспорт юк оғирлигини камайтириш, юқори технологик маҳсулотлар улушини ошириш, тайёр ва чуқур қайта ишланган маҳсулотлар турларини сезиларли даражада кенгайтириш зарур. Шу билан бирга, 2-3 минг км дан узоқ бўлмаган радиусда жойлашган анъанавий бозорларда ўз позицияларимизни мустаҳкамлашимиз керак.
Автомобиль транспортида халқаро юк ташишлар
Халқаро юк ташувчилар уюшмаси маълумотига кўра, 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига халқаро юк ташишда иштирок этувчи транспорт воситаларининг сони 2017 йилга нисбатан 3,5 баробар ошди.
2017 йилда берилган божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар туфайли юк ташувчи автомобиллар парки Евро 4-6 юк автомобиллари билан янгиланди. Халқаро юк ташиш ҳажми 1,5 баробар ошди. Жумладан, халқаро юк ташишда 888 транспорт компаниялари иштирок этади, уларнинг 62% Евро-4 стандартидан паст бўлмаган автомобиллар билан жиҳозланган. Автотранспорт паркининг мустаҳкамланиши нафақат темир йўл транспорти билан рақобат воситаси, балки аҳоли бандлигини кенгайтириш учун пойдевор ҳамдир. Масалан, ўтган беш йил мобайнида халқаро ташувларга жалб этилган хусусий сектор томонидан юк автомобиллари сотиб олиниши туфайли 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 августдаги “Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №ПҚ-5225-сонли Қарорига мувофиқ, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари белгиланди:
- «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари);
- тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39).
Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод этилади:
- «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган юк ва махсус автотранспорт воситалари;
- автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркамалар ва ярим тиркамалар
Ушбу чора-тадбирлар мамлакат экспорт ва импорт товарларини ташишда йўл транспортининг улушини ошириш, хизматлар сифатини
3 ва 4 PL даражасигача яхшилаш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |