такрорланиб туриш хусусиятига кўра – типик ва алоҳида тергов вазиятлари;
тергов қилиш вазифалари бажарилишига эришиш имкониятига (яъни, тергов қилиш имконияти қулай ёки мураккаблик хусусиятига) кўра – қулай ва ноқулай хусусиятга эга тергов вазиятлари;
жиноят ишларини тергов қилиш босқичларига кўра – бошланғич, оралиқ ва якунловчитергов вазиятлари;
жиноятларни фош этишда жиноят процесси иштирокчилари ўртасида юзага келадиган муносабатлар мазмунига кўра – низоли ва низосиз тергов вазиятлари;
тергов қилиш шароитларига кўра – шошилинч (кечиктириб бўлмайдиган) ва одатдаги тергов вазиятлари.
Жиноят иши бўйича тергов қилиш режаси – иш юзасидан чин ҳақиқатни аниқлашга қаратилган ҳаракатлар рўйхатини ўз ичига олган топшириқ.
Жиноятни тергов қилишни режалаштириш – жиноят-процессуал қонунчилигининг талаблари ва ҳодисанинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда тергов вазифаларини, уларни ечиш йўллари ва усулларини аниқлаш.
Тергов қилишни режалаштириш қуйидагиларни ўз ичига олади:
мазкур ҳол учун эҳтимол тутилган барча тусмолларни тузиб чиқишни;
уларни текширишнинг асосий йўллари ва усулларини белгилаб олишни;
далилларни ўз ичига олган манбаларни ва далилларни тўплашда ёрдам бериши мумкин бўлган воситаларни аниқлашни;
мўлжалланаётган тергов ҳаракатлари ва бошқа ҳаракатларни, уларни ўтказиш муддатлари, кетма-кетлиги ва тактик усулларини.
Терговни режалаштириш жараёнида терговчининг ҳаракатлари: жиноятга доир ахборотни тўплаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш; иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларни аниқлаш; иш юзасидан тусмолларни илгари суриш; тергов тусмолларини текшириш тартибини аниқлаш.
Иш бўйича тергов режаси ёзма ёки график шаклга эга бўлиши лозим. Режа қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши мақсадга мувофиқ: 1) жиноят ишининг номи; 2) у қўзғатилган сана; 3) терговни якунлаш муддати; 4) қамоқда сақланаётган шахс (шахслар) ва у (улар) қайси вақтдан бери қамоқда сақланаётгани; 5) айблов эълон қилинган сана.
Амалиётда режа одатда қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлади: 1) текширилиши лозим бўлган тусмол; 2) исботланиши лозим бўлган ҳолатлар; 3) тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари; 4) ижро муддати; 5) ижрочи ва 6) изоҳлар.
Терговни режалаштиришда қуйидаги элементларни назарда тутиш керак: 1) режалаштирилаётган тергов ҳаракати орқали ҳал этиладиган вазифа; 2) уни амалга ошириш вақти, жойи ва иштирокчилари; 3) иштирокчилар ўртасида вазифаларнинг тақсимланиши; 4) тергов ҳаракатига тайёргарлик кўриш чоғида ўтказилиши зарур бўлган тадбирлар; 5) айрим тергов ҳаракатларини бажариш кетма-кетлиги, бунда қўлланилиши мўлжалланаётган тактик усуллар ва техник воситалар; 6) тергов ҳаракатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ташкил этиладиган тезкор-қидирув тадбирлари; 7) олинган натижаларни қайд этиш усуллари.