1997 йилда Ўзбекистонлик олимлар кимё фанлари доктори И.Р.Асқаров ва профессор Т.Рисқиевлар томонидан Кимё фанлари тизимида янги “Товарларни кимёвий таркиби асосида синфлаш ва сертификатлаш” ихтисослиги таклиф этилди. 2017 йилда кимё фанлари доктори, профессор Иброҳим Раҳмонович Асқаров томонидан “Товарлар кимёси” ихтисослиги таклиф этилди ва Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг 2017 йил 28 сентябрдаги раёсати қарори билан 02.00.09 шифри остида тасдиқланди. Кимё фанлари тизимида 20 та ихтисослик фанлари бўлиб, уларнинг 19 таси АҚШ, Европа ва Россия олимлари томонидан яратилган бўлиб, фақат битта – “Товарлар кимёси” фани Ўзбекистон олими кимё фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи Иброҳим Раҳмонович Асқаров томонидан яратилган. Ҳозирда бу фан бўйича 10 дан ортиқ кимё ва техника фанлари фан номзодлари, фалсафа докторлари, 3 нафар фан докторлари етишиб чиқди. Андижон давлат университети олимлари томонидан мазкур фан тўғрисида бир қанча қўлланмалар ёзилди. Профессор И.Р.Асқаров бошчилигида мазкур фан бўйича 5 марта Республика ва халқаро миқёсида илмий-амалий анжуманлар ўтказилди. Шуларнинг 5-мартаси 2018 йилнинг 4-5 сентябр кунлари Андижон давлат университетида хорижлик олимлар иштирокида республика миқёсида ўтказилди. Ушбу конференцияни ўтказишдан асосий мақсад “Товарлар кимёси” фани бўйича ҳозирги кунда эришилаётган ютуқларни бўлишиш, муаммоларни ечиш бўйича фикр алмашишдан иборат. Бундан ташқари кимё фанининг етук арбоблари ҳамда ёш олимлар ўртасида устоз-шогирд алоқаларини ўрнатиш ҳам конференциянинг мақсадларидан биридир.
Конференцияга Германиянинг Ганновер университети Лейбниц Органик кимё институти профессори, кимё фанлари доктори Холгер Бутеншон, Тожикистон фанлар академияси академиги, кимё фанлари доктори, профессор Карим Ҳайдарович Ҳайдаров, Тошкент кимё-технология институти профессори, к.ф.д., Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи, “Турон” академиясининг академиги Абдулҳамид Ғофурович МАХСУМОВ, Андижон давлат тиббиёт институти профессори, тиббиёт фанлари доктори, тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар Академияси аъзоси Неъматжон Солиевич МАМАСОЛИЕВ, Тошкент кимё технология институти кафедра мудири, юридик фанлари номзоди, доцент, божхона хизмати генерал-майори Cобит Ахматович АЛИМБАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона Қўмитаси Марказий божхона лабораторияси бошлиғи, божхона хизмати полковниги, кимё фанлари номзоди, доцент Бахтиёржон Ёрмаҳамматович АБДУҒАНИЕВ ва бошқа 100 дан ортиқ етук олимлар ҳамда ёш мутахассислар иштирок этдилар.
Конференциянинг очилиш маросими ва пленарий йиғилишида юқоридаги олимларнинг маърузалари тингланди. Шундан сўнг шўбалар йиғилишлари ўтказилди. Меҳмонларга тушлик ташкил қилинди. Андижоннинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилди. Конференциянинг якуний йиғилишида шўба раисларининг хисоботлари тингланди ва келгусида бажарилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |