Ўзгаришларни аниқловчи усул. Дискни тафтиш қилувчи деб аталувчи ушбу усулни амалга оширишда вирусга қарши дастур дискнинг хужумга дучор бўлиши мумкин бўлган барча соҳаларини олдиндан хотирлайди, сўнгра уларни вақти-вақти билан текширади. Вирус компьютерларни заҳарлаганида қаттиқ диск таркибини ўзгартиради: масалан, дастур ёки хужжат файлига ўзининг кодини қўшиб қўяди, Autoexec.bat файлига дастур-вирусни чақиришни қўшади, юклама секторни ўзгартиради, файл-йўлдош яратади. Диск соҳалари характеристикаларининг қийматлари солиштирилганида вирусга қарши дастур маълум ва ноъмалум вируслар томонидан қилинган ўзгаришларни аниқлаши мумкин.
Компьютерларнинг киритиш/чиқариш базавий тизимига (BIOSга) вирусга қарши воситаларни ўрнатиш. Компьютерларнинг тизимли платасига вируслардан ҳимоялашнинг оддий воситалари ўрнатилади. Бу воситалар қаттиқ дискларнинг бош юклама ёзувига ҳамда дисклар ва дискетларнинг юклама секторларига барча мурожаатларни назоратлашга имкон беради. Агар қандайдир дастур юклама секторлар таркибини ўзгартиришга уринса, ҳимоя ишга тушади ва фойдаланувчи огоҳлантирилади. Аммо бу ҳимоя жуда ҳам ишончли эмас.
Вирусга қарши дастур хиллари. Вирусга қарши дастурларнинг қуйидаги хиллари фарқланади:
- дастур-фаглар (вирусга қарши сканерлар);
- дастур-тафтишчилар (CRC-сканерлар);
- дастур-блокировка қилувчилар;
- дастур-иммунизаторлар.
Дастур-фаглар энг оммавий ва самарали вирусга қарши дастур ҳисобланади. Самарадорлиги ва оммавийлиги бўйича иккинчи ўринда дастур-тафтишчилар туради. Одатда, бу иккала дастур хиллари битта вирусга қарши дастурга бирлаштирилади, натижада унинг қуввати анчагина ошади. Турли хил блокировка қилувчилар ва иммунизаторлар ҳам ишлатилади.
Дастур-тафтишчилар (CRC-сканерлар) вирусларни қидиришда ўзгаришларни аниқловчи усулдан фойдаланади. CRC-сканерлар дискдаги файллар/тизимли сектордагилар учун CRC-йиғиндини (циклик назорат кодини) ҳисоблашга асосланган. Бу CRC-йиғиндилар вирусга қарши маълумотлар баъзасида файллар узунлиги, саналар ва охирги модификацияси ва бошқа параметрлар хусусидаги қўшимча ахборотлар билан бир қаторда сақланади. CRC-сканерлар ишга туширилишида маълумотлар базасидаги маълумот билан реал ҳисобланган қийматларни таққослайди. Агар маълумотлар базасидаги ёзилган файл хусусидаги ахборот реал қийматларга мос келмаса, CRC-сканерлар файл ўзгартирилганлиги ёки вирус билан заҳарланганлиги хусусида хабар беради. Одатда холатларни таққослаш операцион тизим юкланишдан сўнг дарҳол ўтказилади.