339-модда. Консуллик йиғимини тўлаш тартиби
Консуллик йиғими консуллик ҳаракатлари амалга оширилгунига қадар тўланади. Консуллик йиғимлари бюджет даромадига ўтказилади. Консуллик йиғимларининг тўланган суммалари қайтарилмайди.
Консуллик йиғимлари суммаларини бюджетга, шунингдек чет элда тўланган консуллик йиғимларини Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонаси ва унинг консуллик муассасасининг махсус банк ҳисобварақларига ҳисоблаб чиқариш, ундириш ва ҳисобга ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: «Консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ бўлган сарфланган харажатларни қоплаш ва келиб тушган маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 1273, 18.09.2003 й.).
340-модда. Давлат божини бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик учун давлат божи далолатномаларни рўйхатда қайд этиш чоғида, такрорий гувоҳномалар берганлик учун эса, улар берилаётганида тўланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(340-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-255-сонли Қонуни билан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 37-сон, 313-модда)
Чет элга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштирганлик учун, бу ҳужжатларга ўзгартиришлар киритганлик учун, шунингдек яшаш гувоҳномасини, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини берганлик ёки уларнинг муддатини узайтирганлик ёхуд чет эллик фуқароларнинг паспортларига ёки уларнинг ўрнини босадиган ҳужжатларига чиқиб кетиш ёки кириб келиш ҳуқуқини берадиган визалар қўйганлик учун давлат божи тегишли ҳужжатлар олингунига қадар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги аризалардан эса, бундай аризалар берилгунига қадар тўланади.
Чет элдан кириш ва чет элга чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, яшаш гувоҳномасини, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини берганлик ёки уларнинг муддатини узайтирганлик, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги аризалардан, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан чет элга хизмат сафарига юбориладиган фуқароларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлардан давлат божи белгиланган тартибда ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тўланади.
Чет элга хизмат сафарига юборилган ходимлар билан биргаликда уларнинг хотини ва болалари хизмат сафарининг бутун муддатига сафарга борганида давлат божи хизмат сафарига юборилганларнинг ўзларидан ундирилгани каби тартибда ва миқдорларда ундирилади. Оила аъзолари чет элга хизмат сафарига юборилган шахснинг олдига меҳмон бўлиб оддий сафарга борганларида давлат божи умумий асосларда ундирилади.
Чет эллик фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан чиқишга визалар берганлик учун давлат божи ҳар бир шахсга алоҳида виза ёки бир нечта шахсга умумий виза берилаётганлигидан қатъи назар, ўн олти ёшга тўлган ҳар бир шахсдан ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини турар жойга қайд этганлик ва турган жойи бўйича ҳисобга олганлик, ов қилиш ҳуқуқи учун рухсатнома берганлик учун давлат божи ҳужжат берилаётганда тўланади.
(340-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-345-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 1-сон, 1-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |