140-модда. Курсдаги ижобий фарқ
Валюта ҳисобварақлари бўйича, шунингдек чет эл валютасидаги операциялар бўйича курсдаги ижобий фарқ бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги ҳолларда даромадлар таркибига киритилади:
чет эл валютасига бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтаётган санада шу чет эл валютаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курсдан юқори баҳода сотилганда;
чет эл валютасига бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтаётган санада шу чет эл валютаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курсдан паст баҳода сотиб олинганда;
чет эл валютаси курсидаги ўзгариш муносабати билан баланснинг валютага оид моддалари тегишли ҳисобот даври учун қайта баҳоланганда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Баҳолари чет эл валютасида белгиланган товарлар (ишлар, хизматлар) учун ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валютада амалга оширадиган солиқ тўловчилар учун товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинган ёки олинган санадан ушбу товарларга (ишларга, хизматларга) ҳақ тўланган санагача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курсдаги ўзгариш муносабати билан юзага келувчи ижобий фарқ товарларга (ишларга, хизматларга) ҳақ тўланган санадаги жами даромад таркибига бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ киритилади.
(140-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)
LexUZ шарҳи
Қаранг: «Чет эл валютасидаги операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларда акс эттириш тартиби тўғрисида»ги низомнинг (рўйхат рақами 1411, 17.09.2004 й.) 17 — 35-бандлари, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (22-сон БҲМС) «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби» (рўйхат рақами 1364, 21.05.2004 й.).
21-боб. Харажатлар
141-модда. Харажатларни гуруҳлаш
Солиқ тўловчининг харажатлари солиқ солинадиган фойдани аниқлаш пайтида чегириб ташланади, ушбу Кодексга мувофиқ чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 147-моддаси.
Асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар, ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига ва (ёки) солиқ тўловчининг ҳисобга олиш сиёсатига мувофиқ расмийлаштирилган зарарлар ҳам солиқ тўловчининг харажатлари бўлади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекс 145-моддасининг 40, 47-бандлари, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (1-сон БҲМС) «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» (рўйхат рақами 474, 14.08.1998 й.).
Солиқ тўловчининг харажатлари ҳақиқатда қайси солиқ даврида амалга оширилган бўлса, ўша даврда чегириб ташланади. Агар айни бир хил харажатлар харажатларнинг бир нечта моддасида назарда тутилган бўлса, солиқ солинадиган фойдани ҳисоблашда мазкур харажатлар фақат бир марта чегириб ташланади.
Солиқ тўловчи сарфлаган ва қиймати чет эл валютасида ифодаланган харажатлар қиймати миллий валютада ифодаланган харажатлар билан жамлаб ҳисобга олинади. Мазкур харажатларни қайта ҳисоблаш солиқ тўловчи томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Солиқ тўловчининг харажатлари чегириб ташланадиган ва чегириб ташланмайдиган харажатларга бўлинади.
Чегириб ташланадиган харажатлар қуйидагилардир:
1) ушбу Кодекснинг 142-моддасига мувофиқ моддий харажатлар;
2) ушбу Кодекснинг 143-моддасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;
3) ушбу Кодекснинг 144-моддасига мувофиқ амортизация харажатлари;
4) ушбу Кодекснинг 145-моддасига мувофиқ бошқа харажатлар;
5) ушбу Кодекснинг 146-моддасига мувофиқ келгусида солиқ солинадиган фойдадан чегириб ташланадиган ҳисобот давридаги харажатлар.
Солиқ тўловчининг ушбу модданинг олтинчи қисмида кўрсатиб ўтилган харажатлари, агар улар ушбу Кодекснинг 147-моддасида кўрсатилган чегириб ташланмайдиган бирон бир харажат таркибида ҳисобга олинса (унинг бир қисми бўлса), чегириб ташланадиган харажатлар бўлмайди.
Қуйидагиларга солиқ тўловчининг харажати сифатида қаралмайди:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1) воситачилик, топшириқ шартномаси ёки воситачилик хизматларини кўрсатиш учун бошқа шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилиши муносабати билан, шунингдек комитент ёки бошқа топшириқ берувчи учун воситачи ва (ёки) бошқа ишончли вакил томонидан қилинган харажатларга ҳақ тўлаш ҳисобига воситачи ва (ёки) бошқа ишончли вакил томонидан топширилган мол-мулк тарзидаги тўловлар, агар бундай харажатлар тузилган шартномаларнинг шартларига мувофиқ воситачи ёки бошқа ишончли вакилнинг ёхуд бошқа топшириқ берувчининг харажатлари таркибига киритилиши лозим бўлмаса;
(141-модда саккизинчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
2) солиқ тўловчи эмитент томонидан топширилган, акциядорлар ўртасида акциядорлар умумий йиғилиши қарорига биноан ўзларига тегишли акциялар миқдорига мутаносиб равишда тақсимланадиган акцияларнинг қиймати ёхуд эмитентнинг устав фонди (устав капитали) кўпайтирилган тақдирда акцияларни акциядорлар ўртасида тақсимлашда дастлабки акциялар ўрнига берилган янги акцияларнинг номинал қиймати билан акциядорнинг дастлабки акцияларининг номинал қиймати ўртасидаги фарқ;
3) бошқа юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) ёки оддий ширкатга ҳисса сифатида берилган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар қиймати.
Do'stlaringiz bilan baham: |